Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Жумладан, Ўзбекистонда 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги жами 47 та маиший чиқинди полигони рекултивация қилинди ҳамда тупроқ қатламлари билан ёпиш ишлари амалга оширилди.
2024 йил ҳисоби қуйидагича:
- Қорақалпоғистон Республикасида 1 та (11 гектар);
- Андижон вилоятида 6 та (14,90 га);
- Бухоро вилоятида 1 та (0,50 га);
- Қашқадарё вилоятида 5 та (19,15 га);
- Наманган вилоятида 3 та (5,38 га);
- Самарқанд вилоятида 1 та (2,40 га);
- Тошкент вилоятида 3 та (9,58 га);
- Фарғона вилоятида 6 та (17,11 га)
- Хоразм вилоятида 1 та (1 га).
2025 йил бўйича рақамлар қуйидагича:
Республика миқёсида жами 18 та (81,68 гектар) қаттиқ маиший чиқинди полигонида рекултивация ва тупроқ қатлами билан ёпиш ишлари режалаштирилган бўлиб, айни пайтда уларда ишлар якунига етди.
Шу ўринда, жами 185 та (1446,04 гектар) қаттиқ маиший чиқинди полигонидан 47 тасида рекултивация қилиш ҳамда тупроқ қатламлари билан ёпиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, республика бўйича жами 42 та чиқинди тўплаш полигони фаолияти тугатилиб, 90 гектарга яқин ер майдони табиатга қайтарилди.
Таъкидлаш жоизки, юқорида тилга олинган ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 5-сон Фармони бўйича олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида: Агентлик ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси ҳисобига 185 та маиший чиқинди полигони ўтказилган.








