— Кўрик-танловда ўқувчи-ёшлар, асосан, икки йўналишда — бола ҳуқуқлари ҳамда “Конституциявий ислоҳотлар — ёшлар нигоҳида” деб номланган мавзуда ижодий ишлари, жумладан, расмлари билан иштирок этади, — дейди Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Севара Маҳмудова. — Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришдан иборат. Кўрик-танлов жараёнида болалар ўз ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда Асосий қомусимизни қай даражада билишини намоён этади, бу борадаги билимини мустаҳкамлайди.
Кўрик-танлов ғолиблари Бош прокуратура ҳамда Республика “Баркамол авлод” болалар мактабининг махсус диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.