Анафилаксия ва анафилактик шок инсон ҳаёти учун нега ўта хавфли?

    Бир дори икки беморга икки хил таъсир кўрсатиши мумкин. Бири шу малҳам туфайли касалликдан халос бўлса, бошқаси ҳаётини хавф остида қолдириши ҳеч гап эмас. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида ҳам шундай хулоса қилса бўлади.

    Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова шу каби оғир ҳолатларни келтириб чиқарувчи анафилаксия ва анафилактик шок хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

    – Анафилаксия ҳаёт учун хавфли бўлган ўткир аллергик реакция ҳисобланади, – дейди мутахассис. – Унинг белгилари тўсатдан пайдо бўлади ва тез ривожланади.

    Анафилактик шок эса бемор аллерген билан такроран дуч келганида пайдо бўладиган анафилаксиянинг экстремал даражаси. Бундай ҳолатда организм аввал ўзига акс таъсир кўрсатган номаълум бирикмани дарҳол "танийди", унга нисбатан аллақачон шаклланган антитаналарни қалқон қилади, яъни жавоб механизмини ишга туширади.

    Шу тариқа организм зудлик билан гистамин, серотонин, брадикинин каби бир қатор гормонларни ишлаб чиқара бошлайди. Оқибатда майда томирларда қон айланиш жараёни бузилади ва артериал босим кескин тушиб кетади.

    Тўқималарга етарли даражада кислород етиб бормаслиги ўткир гипоксияни юзага келтириб, ички органлар ва мия фаолиятининг издан чиқишига олиб келади. Бундай вазиятда беморга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, у ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

    Ҳозир дунё аҳолисининг 1-3 фоизгача қисми анафилактик шок билан рўбарў келиши таҳлил қилинган. Хавотирли жиҳати, бу кўрсаткич йилдан йилга ортиб бормоқда.

    Демак, анафилактик шок анафилаксия натижасида ривожланади ва жуда қисқа вақт ичида ўзини намоён қилади. Анафилаксия белгилари аллерген турига боғлиқ. Аммо у келтириб чиқарадиган энг хавфли асорат қон босимининг кескин пасайиши ёки анафилактик шок ҳисобланади.

    Одатда, илк аломатлар ўлароқ бутун тана бўйлаб тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Бунда тери ранги ўзгариб, қизил ёки оқиш тусга киради. Баданда қичишиш ва қизиб кетиш ҳисси юзага келади. Тил ва лаблар шишиши ҳисобига нафас олиш қийинлашади. Баъзи беморларда қорин оғриғи, кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилади.

    Кейинчалик, ривожланаётган реакция фонида қон айланиши, нафас олиш жараёни ва юрак уриши тўхташи каби оғир ҳолатлар қайд этилиши эҳтимоли юқори.

    Анафилактик шок белгилари аллерген танага кирганидан сўнг бир неча дақиқадан 2 соатгача бўлган даврда намоён бўлади. Реакция вақти организмнинг индивидуал хусусиятларига боғлиқ.

    Тадқиқотларга кўра, бу муддат озиқ-овқат аллергиясида тахминан 30 дақиқа, заҳарланишда 15 дақиқа, томир ичига ёки мушак орасига юборилган дориларга реакция жараёнида 5 дақиқани ташкил этади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates