Давлатимиз раҳбари жорий йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал қиладиган тизим яратилишини таъкидлаган эди.
Шундан сўнг Президентимизнинг тегишли қарори асосида оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар тиббий хизматлар кўрсатиш вақти 13:00 дан 20:00 гача узайтирилди. Хўш, ана шу янги механизм ўтган қисқа даврда қандай амалий натижалар берди?
Жорий йил 9 ой якунлари таҳлилига кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 19,5 мингта кундузги шифо ўрни ташкил қилиниб, улар иш фаолияти 20:00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 миллионтага етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 миллионта кўп кўрсаткичдир.
Кундузги стационарларда 740 минг нафар беморга оиласидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди ва натижада шифохоналарга мурожаатлар 947 мингта, яъни 11,6 фоизга камайди. Тиббий бригадалар томонидан 6,7 миллион нафар аҳоли вакили юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет ҳамда 2,1 миллион нафар аёл саратонни эрта аниқлашга қаратилган скрининг текширувларидан ўтказилди.
Йил якунигача, яна 3,6 миллион нафар юртдошимизда юрак-қон томир ва қандли диабет касаллиги ҳамда поликлиникаларда ташкил қилинган онконазорат хоналари орқали 830 минг нафар аёлда саратонни эрта аниқлашга доир скрининглар амалга оширилади. Бунинг учун Япониянинг “FUJI” компанияси томонидан ишлаб чиқилган 15 та мобиль маммограф харид қилинган бўлиб, октябрь ойида жойларга етказиб берилади. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида алоҳида “Call-марказ” ҳамда “Онко-регистр” тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, бирламчи тиббиёт муассасалари 31 миллион долларлик 820 тадан УТТ ва ЭКГ ускуналари ҳамда стоматологик, гинекологик ва хирургик жамланмалар билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати









