1000 дан ортиқ ўқувчилари талаба бўлган қорақалпоғистонлик фидоий устоз

    Таълим 13 сентябр 2021 2635

    Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 82% битирувчиси талаба бўлгани ҳақида хабар бергандик.

    Бугун ана шу мактабнинг математика фани ўқитувчиси, 32 йиллик тажрибага эга ўқитувчи Азимбай Сапарбаев фаолияти билан сизларни таништирамиз. Тажрибали педагог таълим жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширяпти.

    Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш ва уларнинг иқтидорини ривожлантириш мақсадида Азимбай Сапарбаев «Ёш математиклар» тўгарагини ташкил қилган ва унда ушбу фанга қизиқувчи 100 дан ортиқ ўқувчилар учун қўшимча машғулотлар ўтказиб келади. Мактаб ўқувчиларини фанлар олимпиадасига ва олий таълим муассасаларига ўқишга тайёрлаб, ёш авлоднинг билимли бўлиб вояга етишида муносиб ҳиссасини қўшяпти. Натижада изланувчан устознинг ўқувчилари умумтаълим фанлари олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиб, устози меҳнатини мактаб давриданоқ оқлаяпти. Жумладан, иқтидорли ўқувчилари математика фан олимпиадасида, шунингдек, жаҳон олимпиадасига саралаш босқичига қатнашишга муяссар бўлиб, 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган. Маҳоратли педагогдан сабоқ олган ўқувчиларининг 85 фоизи эса турли олий таълим муассасалари талабалари бўлиб келяпти.

    Эътиборлиси, тажрибали устоз биринчилардан бўлиб мактабларда вариатив ўқув режа асосида ташкил қилинган X-XI синфларда дарс машғулотларини бошлаган. Вариатив синфлар бўйича ўтказилган тест натижаларига кўра ўқувчилари 75-78% натижа кўрсатяпти. 2020 йилда вариатив синф ўқувчиларининг 33 нафардан 29 нафари давлатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига, яъни 11 нафари давлат гранти ва 18 нафари шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Олий таълимга кириш 88 фоизни ташкил этиб, бу натижа билан Қорақалпоғистон Республикасида энг олдинги ўринни эгаллади. 2020 йил битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича жорий этилган ранг тоифасида мактаб 46,2% билан яшил мактаб мақомига эга бўлди.

    2019-2020 ўқув йили давомида устоз А. Сапарбаевнинг «Ёш математиклар» тўгарагида таълим олган 97,3 фоиз шогирдлари Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий олий таълим муассасаларига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Айни кунда устознинг олий маълумотли шогирдлари сони 1 500 нафарга етди.

    Азимбай Сапарбаев илмий-услубий изланишлари асосида яратган «Замонавий дарсни ташкил этиш методикаси», «Тригонометрик тенглама ва тенгсизликлар системалари», «Логарифмик тенгламаларни ечишнинг қулай усуллари», «Абитуриент учун математикадан тест саволлари», «Квадрат функциялар графиги», «Ўқувчиларда мантиқий фикрлашда математика фанининг ўрни» каби 12 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари таълим жараёнига татбиқ этилган. Муаллим ўзи яратган «Математикадан олимпиада масалалари» мавзусидаги электрон дарс ишланмаси, 150 дан ортиқ кўргазмали воситалари, мураккаб мавзуларни ўқитиш бўйича электрон слайд ва плакатлардан дарс машғулотларида самарали фойдаланяпти.

    Изланувчан педагог жонкуяр ва камтар инсон сифатида ҳамкасблари ҳамда маҳалладошлари ўртасида ҳурмат қозонган. Кўпгина кўрик-танловларда 1-ўринларни эгаллаб, фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланган.

    Дарвоқе, Азимбай Сапарбаев 10 дан ортиқ «Темир дафтарга» кирган ўқувчиларни бепул Олий таълим муассасаларига тайёрлаб, уларнинг талаба бўлишига ҳам ўз ҳиссасини қўшаётган фидоий инсонлардан.

    Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates