103 ёшда ҳам томорқасини гуллатаётган Пирназар бобо

    Мўъжаз ҳовли, томорқада экилган анвойи гуллар, иссиқда сояси, ёзда мевасидан баҳраманд этадиган дарахтлар, кўркам манзара.

    Бу манзилда уруш машаққатини бошдан кечирган, суронли йиллар хотирасида ўчмас из қолдирган, ҳар бир сўзи ўгит, ниятида насиҳат, каломида тинчлик аталмиш неъмат шукронаси бўлган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар бобо Турдиев яшайди.

    Мўъжаз ҳовли, томорқада экилган анвойи гуллар, иссиқда сояси, ёзда мевасидан баҳраманд этадиган дарахтлар, кўркам манзара. Бу манзилда уруш машаққатини бошдан кечирган, суронли йиллар хотирасида ўчмас из қолдирган, ҳар бир сўзи ўгит, ниятида насиҳат, каломида тинчлик аталмиш неъмат шукронаси бўлган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар бобоТурдиев яшайди. У киши айни вақтда 103 ёшда.

    Хотира эслашга арзигулик воқеа-ҳодисалар, амали, хайрли иши қалбга муҳрланган инсонлар ҳақидаги ўй-фикрларимиз ифодаси. Қадр эса биз билан ёнма-ён ҳаёт кечираётган, машаққати, фидойилиги, жасорати барчага ибрат бўлган кишиларга кўрсатилаётган ҳурмат, эҳтиром намунасидир. «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан нуроний хонадони ҳар қачонгидан гавжум бўлади. Бундай эътиборда, албатта, Ватан озодлиги йўлида мардлик намунасини кўрсатган отахонга миннатдорлик изҳор этиш мақсади мужассам.

    – 1942 йилнинг кузида Россиянинг Пенза шаҳрида биринчи урушга кирганман, – дея эслайди Пирназар бобо. – Иккинчи Белоруссия фронтида жанг қилдим. Полтава, Курск, Орёл, Гомел ерларидан душманларни қувиб чиқардик. Ватанга бўлган муҳаббат, ота-онам дуоси мени омон сақлади. Пешонамда яшаш бор экан, 1946 йилнинг баҳорида юртга қайтдим. Уйга келганимда ота-онам тириклигимга ишонишмаган. Сабаби, икки маротаба мендан қора хат келган.

    Ўтмишдаги қийинчилик, орзулари бир олам бўлган ёш йигитлар тақдири, урушга отланиш масъулияти, Ватанни ҳимоя қилишдек қатъият, душманга рўбарў келишдан қўрқмаслик шаҳди. Пирназар Турдиев билан суҳбат ҳар гал ҳаёт ва ўлим орасидаги қадам, эрта хазон бўлган ёш умрлар, оналар, опа-сингилларнинг кўзёши ҳақида, юртни ҳимоя қилишга кетиб, қайтмаган минглаб ўғлонлар хусусида. Бундай мулоқотдан сўнг уруш даҳшатини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўз ўрнида бу ёш авлод учун ўтмишдан сабоқ ва ибрат мактабидир.

    – Пирназар бобонинг хонадонида бўлиб, у кишиниинг шу ёшда ҳам томорқа ишлари билан бандлигини кўриб, тўғриси ҳайратландим. Иккинчи жаҳон уруши хотираларини эшитит, бугун шундай тинч ва осойишта юртда яшаётганимдан, Ватанимга хизмат қилаётганимдан фахрландим, – дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Азиз Қодиров.

    Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида Президентимиз фармони қабул қилинди. Шунга асосан Пирназар бобога ҳам пул мукофотлари ва совғалар фаоллар кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топшилди.

    Инсон бахтли ўтган кунлари хотирасини ҳаяжон ва қувонч билан ёдга олади. Ҳар гал ўша дамлар эсга тушганида дили яйрайди, юзида табассум акс этади. Бироқ шундай хотиралар бор-ки, улар ҳақида ўйлаш кишини даҳшатга солади. Йилида бир бор эски жароҳат қалбга яна оғир ботади. Бу уруш хотиралари. Уларни эсламасликнинг иложи йўқ. Чунки бугунги кунлар қадрини англаш учун ҳам бу йўлда жон фидо этганларни ёдга олиш муҳим.

    Бугун юртимизда сабр-тоқати, матонати, шижоат ва жасорати ибрат юртнинг мард фарзандлари хотирасини абадийлаштириш, ҳозирда ҳаёт бўлган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Улар ҳақидаги ғамхўрлик ёшларни аждодларга муносиб авлод бўлиб камолга етишга ундайди.

    «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан отахон хонадонига келадиганлар жуда кўп бўлади. Инсон қадрига қаратилган эътибор намунаси улашилган совғалар, тақдим этилган гулдасталар, юзу кўзлардаги ифтихор ва миннатдорлик ҳиссида ҳам намоён. Ёшлигида юрт тинчлиги учун қалқон бўлган, Ватанни озод кўриш истагида шаҳид кетган тенгқурлари орзуларини ҳам амалга оширган нуронийлар сафида бўлиш бугун Пирназар Турдиев қалбини чексиз ғурурга тўлдиради.

    Ўчмас хотира. Уруш даврида қанчадан-қанча дўстлари, қуролдошлари Пирназар Турдиев кўз олдида ҳалок бўлишди. Бу инсон кечмиши кишини кўп нарсалар ҳақида тафаккур қилишга ундайди. Тарихий ҳақиқат, азоб-уқубат, нотинчлик, қаҳатчилик йилларидаги умид, армонга айланган орзулар ва ҳамон ўз фарзандининг урушдан омон қайтишини кутаётган она сиймоси. Бир майизни қирқ бўлиб еган миллат сабри, ўз жонидан кечиб бўлса-да, тинчлик учун курашган халқ жасорати фарзанду набираларга ҳам ибратдир.

    Умр ўтиб, ёшга ёш қўшилади. Жароҳат ўрни битади, қийинчилик унутилади. Урушдаги воқеалар эса қалб ва хотирага шу қадар ўрнашган-ки, эсдан чиқаришга-да уриниш бефойда. Қувончли кунда хам бундай бахтга эришиш осон бўлмаганини англайди қаҳрамонимиз. Мулоқотдан эса битта энг муҳим ҳақиқат бугунги кун шукронасини англайсиз.

    – Бундай тинч ва осуда ҳаётни қадрига етиш керак. Ўтмишнинг сабоғи бугунги кунга шукур қилишга ундайди. Юртимизда бўлаётган ислоҳотларни кўриб, мамнун бўламан. Айниқса, инсон қадрига ва биз каби нуронийларга бўлаётган юксак эътибор учун Президентимидан миннатдормиз. Ватанимиз тараққиётига кўз тегмасин, – дея дуога қўл очади Пирназар бобо.

    Албатта, тинч ҳаётни кўрмай кетган, мангуликка ғолиб етган, юрт озодлигини ҳаётидан афзал билганлар хотираси абадий. Ўчмайди, ёдга олинади, ҳурмат бажо келтирилади. Бугун қадр топганлар эса юксак эҳтиромга муносиб. Улар матонати жасорати ибрат, дуолари давлатдир.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates