Бундан 23 йил аввал...
2000 йил ёз ойларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида рўй берган мудҳиш воқеалар ҳали-ҳануз ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Ўшанда бир гуруҳ жангарилар Ўзбекистон чегарасини бузиб кирган ва қонли тўқнашувлар юз берган эди. Улар-ку тезда йўқ қилинди, лекин юртимизнинг бир қанча довюрак йигитлари ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги учун азиз жонини қурбон қилган бу мард йигитларнинг хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Президентимиз жорий йил 13 март куни Термиз шаҳридаги ёш чегарачилар ҳарбий-академик лицейида Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашганида ҳам бу ҳақда гапириб ўтди.
Давлатимиз раҳбари мардона ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни номма-ном ёдга олар экан, бундай довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарга, уларнинг умр йўлдошлари ва фарзандларига халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.
“Эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни “ҳалок бўлган” дейишга тил бормайди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаёт”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз шу куни — 13 мартда “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари учун пенсия миқдори оширилиб, фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олиши белгиланган. Оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпайди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, уларнинг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда текин даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Ҳалок бўлган хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда текин даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онасига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортида юриш текин бўлади.
Ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.
Энди ҳалок бўлган ҳарбийларнинг уй-жойга муҳтож оилалари биринчи навбатда уй билан таъминланади, уларнинг оила аъзоларига ижара тўлови учун пул ажратилади ва бошқа бир қанча имтиёзлар берилади. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг бу фармони Ватан учун жонини фидо қилган ҳарбийлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди
Президент турмуш ўртоғимнинг номини ўқиганида бошим кўкка етди
Умида Аширова, катта лейтенант Шермуҳаммад Ашировнинг турмуш ўртоғи:
— Президентимиз билан Термизда бўлган учрашувда мен ҳам бор эдим. Бу учрашув ҳаётимдаги энг яхши кунларнинг бири сифатида хотирамда қолди. Давлатимиз раҳбарининг тинч-осойишталигимиз йўлида ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақида айтган гапларини эшитиб турган барча оналар ва фарзандлар қувончдан кўз ёшларини тия олмади.
Турмуш ўртоғим вафот этганида 21 ёшда эдим. Бир ярим яшар қизалоғим Маҳмудани бағримга босганча ёлғиз қолганман. Мурғаккина чақалоқ қизим ҳам дадасига қаттиқ меҳр қўйган экан. “Дада, дада”, дея йиғлар, эшик тиқ этса, “дадам келди”, дея чопқилларди. Ўша кунларни эсласам юрагим ўртаниб, бўғзимга нимадир тиқилгандай бўлаверади.
Давлатимиз раҳбари турмуш ўртоғимнинг номини ҳурмат билан ўқиганида ҳаяжондан, қувончдан бошим кўкка етгандай бўлди. Айниқса, Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир фармон нафақат бўшлиққа юз тутган қалбимизни, балки йиллар давомида букчайишга шайланган қаддимизни тик тутишга яна бир замин тайёрлаб берди. Худо хоҳласа, фармонда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланамиз.
Яна бир маълумотни айтиб ўтишим керак. Яратиб берилаётган шароитлар сабаб ёлғиз ёдгорим — қизим Маҳмуда 2018 йилда давлат гранти асосида Тошкент давлат юридик университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Ўқишни тамомлаганидан сўнг турмушга бердим. Бугун ширингина неварам бор. Йиллар дардимни бир оз совитгандир, аммо юрагимдаги муҳаббат сўнмади. Ҳаётимни қизимга бағишладим. Чунки қизим отасига жуда ўхшайди. Турмуш ўртоғим “Менинг қизим дунёдаги энг чиройли ва энг ақлли қиз бўлади, ойдай бахт топади”, дея эркаларди. Бугун раҳматли отасининг орзулари ушалди. Қизимнинг бахтини кўриб, неварамнинг шодон қийқириғини эшитиб, бир суюнсам, сулоламиз давом этаётганидан минг карра шодланаман.
Шермуҳаммад Аширов 1975 йили Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Халқобод қўрғонида туғилган. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг илк битирувчиларидан. 2000 йил Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида бўлган жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган. II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган. Халқобод маҳалласидаги кўча, шунингдек, тумандаги 28-мактаб катта лейтенант Шермуҳаммад Аширов номи билан аталади.
Сиз бу йигитнинг онасимисиз?
Анвар Ҳамроев, майор, майор Абдикарим Ҳамроевнинг ўғли:
— Мен Термиздаги учрашувда давлатимиз раҳбари билан юзма-юз гаплашдим. Келажагимга замин бўладиган энг ёқимли сўзлар билан сийландим. Айниқса, онажонимга қараб, “Сиз бу йигитнинг онасимисиз?! Шундай фарзандни тарбиялаганингиз учун сизга раҳмат”, деганида ўзимнинг ҳам, онажонимнинг ҳам ҳаяжондан қулоқларимиз битиб қолгандек бўлди.
Раҳматли отам Абдикарим Ҳамроев ҳарбий учувчи бўлган. 1969 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 2000 йилда жанговар топшириқни бажариш чоғида 31 ёшида авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган. Юрт тинчлиги йўлидаги меҳнатлари учун “Жасорат” медали, II даражали “Шон-шараф” ордени ва бир қанча фахрий ёрлиқлар, вафотидан кейин эса эсдалик нишонлар билан тақдирланган.
Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китобида отамнинг шарафли ҳаёт йўли батафсил ёритилган. Ватан ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмаслигини кўриб улғайганим боис, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касбни танлаб, Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда хизмат қилиб келмоқдаман. Касбимдан фахрланаман. Отамга муносиб фарзад бўлишга, руҳини шод этишга интиламан.
Давлатимиз раҳбари “Юрт учун жонини фидо қилган жасур ўғлонларимиз, довюрак фидойи фарзандларни дунёга келтирган, уларни ҳақиқий ватанпарвар инсон этиб тарбиялаган сизлар каби ота-оналарга, ҳарбийларимизнинг садоқатли умр йўлдошларига, уларнинг фарзандларига ўз номимдан, халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдирмоқчиман”, деганида инсон қадри улуғланадиган юрт фарзанди эканимдан кўксим ғурурга, ифтихорга тўлди. Овозимни баралла кўтариб, “Ўзбекистон Республикасига, Президентимга ва халқимга садоқат билан хизмат қиламан”, дедим.
Жасорат асло унутилмайди!
Наргиза Ражабова, катта лейтенант Чори Ражабовнинг қизи:
— Термиздаги учрашувга онам билан бордик. У ерда Президентимиз биз билан шунчалар самимий ва дилдан суҳбатлашдики, эслаганим сари қувончдан энтикиб кетавераман. Отам ҳалок бўлганида опам олти, мен эса уч яшар қизча бўлганман. Мурғак қалбимиз билан отажонимни соғиниб, ичикиб, эшикларга кўз тикиб кутган кунларимиз кўп бўлган.
Кемтик кўнглимизни тўлдириш учун онажоним бизни ҳалигача кўз қорачиғидай асрашга ҳаракат қилади. Худога шукр, опам Тошкент давлат шарқшунослик институтини, мен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тугатдик. Ҳамон изланишдамиз.
Ватани учун кўксини қалқон қилиб, бу ёруғ дунёдан ўтган отажонимнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин!
Чори Ражабов 1966 йили Сурхондарё вилояти Шеробод туманида туғилган. Сурхондарёдаги воқеалар бошланганда 34 ёшда бўлган. Махсус операциялар батальонида хизмат қилгани учун биринчилардан бўлиб жангга сафарбар қилинган ва мардларча ҳалок бўлган.
Дунёдаги энг бахтли онаман!
Янглиш Отажонова, катта сержант Эломон Отажоновнинг онаси:
— Отам, онам деб бўзламоқ — мерос. Лекин ҳеч ким боламлаб йиғламасин. Эломонжоним чимилдиқ кўрмади, ёр-ёр садолари остида куёвлик сарпосини киймади, зурриёт қолмади. Аммо қаҳрамон бўлиб бу дунёни тарк этди. Ўғлимдан мингдан-минг розиман. Кўнглимни ёритадиган жиҳат —
дилбандим қаҳрамон, юрт фидойиси. Шу сўзлар жонимга мадад ва куч беради. Демак, мен дунёдаги энг бахтли онаман!
Нуридийдам ҳақида хотира китобида шарафли ҳикоя ёзиб қолдирилган. Ўзи ўқиган мактабига номи берилди, бюсти ўрнатилди.
Президентимизнинг яқинда кучга кирган фармони ижроси доирасида Сирдарё тумани мудофаа бўлими ходимлари келиб, анчагина тушунтиришлар бериб кетди. Худо хоҳласа, байрамдан сўнг пойтахтдаги ҳарбий госпиталда даволанишни режалаштирдик.
Турмуш ўртоғимга ҳам соғлиғини тиклаши, санаторийда даволаниши учун текин йўлланма берилди. Шундай имкониятга эга бўлганимиздан мамнунмиз. Илоҳим, юртимизга файзу барака ёғилсин. Барчамиз Аллоҳнинг паноҳида соғ-омон бўлайлик!
Эломон 1978 йили Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Тараққиёт маҳалласида оддий деҳқон оиласида дунёга келган. Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида хизмат бурчини ўтаётган катта сержант Эломон Отажонов 2000 йилда Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлган жанговар ҳаракатларда душман ўқидан яраланиб ҳалок бўлган. “Жасорат” медали билан мукофотланган.
* * *
Ҳа, мардлар жасорати ҳеч қачон унутилмайди. Чунки юртнинг тинчлигини асраш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш осон иш эмас. Бу йўлда ҳалок бўлган Ватан ўғлонлари — жасур ҳарбийларимизни ёдга олмоқ барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Мақолани Президентимизнинг “Эзгу мақсад йўлида бирлашган халқ ва давлатни ҳеч қандай куч енголмайди. Илоҳим, қаҳрамон ўғлонларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин”, деган пурмаъно сўзлари билан якунладик. Зеро, хотира муқаддас, бир-биримизни қадрлаб яшаш эса олий саодат!
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири