Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Эзгуликка йўғрилган бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг розилигини олишда кутилган натижалар бераётир.
Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ўз фаолиятини амалга ошириб, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Хусусан, 2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан жами 14 975 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий, 0,7 фоизи эса экологик ҳуқуқларга тегишлидир.
Шунингдек, Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 4 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олиб, давлат ва жамоат ташкилотларига улар бўйича 4 987 та сўров юборган. Мурожаат қилувчилар томонидан баён этилган ҳолатларни, далил-исботлар ва фактларни ҳар томонлама ўрганиш учун 501 та ҳолатда Омбудсман мурожаатлари икки ва ундан ортиқ ташкилотларга юборилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда шу хусусда сўз юритилди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.
Омбудсман ҳисоботида келтирилганидек, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар 1250 та ҳолатда асосли бўлиб чиққан. Мурожаат этувчиларнинг далил-исботлари 625 та ҳолатда ўз тасдиғини топмаган. 1848 та ҳолатда ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиб чиққан ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилмаганлиги маълум бўлган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг айтишича, Омбудсманга келиб тушган 7 946 та мурожаат тааллуқлилигига кўра давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахсларга юборилган. Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан 2 543 та мурожаат юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига оид тушунтиришлар ва бу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир тавсиялар берилган.
Давлат фуқароларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиши, муносиб меҳнат шароитларига доир ҳуқуқларини таъминлаши, хусусий тадбиркорлик ва фермер хўжалиги ривожини рағбатлантириши ҳаммамизга яхши маълум.
Ҳисобот даврида Омбудсман манзилига инсон ва фуқаронинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 3 798 та мурожаат келиб тушган. Масалан, 1292 та мурожаат фуқароларнинг шахсий мулкка бўлган ҳуқуқларини, 1046 таси меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, 555 таси тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва уни рағбатлантириш, 586 таси фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилиш, 146 таси меросга бўлган ҳуқуқ, 173 таси эса бошқа масалаларга оид мурожаатдир.
Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 1 472 та мурожаат ўз иш юритувига олиниб, кўриб чиқилган. Биргина тадбиркорларга 2 273 000 000 сўмлик кредитларни расмийлаштириш, суд қарорларида белгиланган 626,2 млн. сўм зарар ундирилишида ва 135,0 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб берилишида кўмаклашилган.
Кейинги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало, бу унинг уй-жойидир. Шу боис, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сўнгги йилларда жиддий такомиллашди.










