Республикамиза амалга оширилган самарали фискал ва монетар сиёсат натижасида иқтисодиётимизни ўсиш суратлари 2021 йилда 7,4 фоизни ташкил этди. 2022 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 5,8 фоизга ўсиши таъминланган.
Давлат бюджети даромадлари ҳажми 2021 йилда олдинги йилга нисбатан деярли 32 триллион сўмга ўсган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ижобий ўсиш суратлари сақланиб қолинган. 2022 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 триллион сўмга кўпайган.
Давлат бюджети даромадлари ўсишига сўнгги йиллардаги солиқ сиёсатининг ўзгартирилиши, иқтисодиёт соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳисобига солиқ базасининг кенгайтирилиши таъсир кўрсатганлиги қайд этилди.
Давлат бюджетининг харажатларини молиялаштирилиши таъминланган. Жумладан, 2021 йилда ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 39 триллион 641 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 2020 йилга нисбатан 20 фоизга кўп маблағлар ажратилган.
Маҳаллий бюджетларнинг 2021 йилги даромадлари дастлабки прогноз кўрсаткичларига нисбатан 119 фоизни, 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 112 фоизни ташкил этган. Маҳаллий бюджетларнинг харажатлари ҳам режага нисбатан 111 фоизга ижро этилиб, 65,5 триллион сўмни ташкил этган.
Сенат аъзолари муҳокамалар жараёнида солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқларнинг ундирувчанлик даражасига, солиқ қарздорлигини ва ортиқча тўловларни қисқартириш масаласига асосий эътибор қаратдилар.
Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва белгиланган прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши борасида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Сенаторлар томонидан «Очиқ бюджет» портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати юзасидан ҳам ўз муносабатлари билдирилиб, бу борада шаффофликни таъминлаш ва фуқароларни кенг иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Давлат бюджети даромадлари ҳамда харажатлари ижросини таъминлашда, бюджет давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар каби долзарб масалаларга ва уларнинг ечимига қаратилди.
Хусусан бюджетга боқиманда қарздорлик 2022 йил 1 январь ҳолатига 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 бараварга ошиб, йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ қарзи 3,5 баравар ўсган. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун ажратилган 2 триллион 28 миллиард сўм миқдоридаги маблағларнинг 29,5 фоизигина ўзлаштирилган, холос.
Шунингдек, Давлат харидлари соҳасида етарлича назорат ўрнатилмаганлиги оқибатида давлат буюртмачилари томонидан харидларнинг рақобатли усулларини четлаб ўтиб, қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар тузилаётган ҳолатлари мавжудлиги танқид қилиниб, бу борада камчиликка йўл қўяётган ходимларни масъуляти кўриб чиқилиши лозимлиги тўғрисида тегишли тавсиялар берилди.
Бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган 7 133 та молиявий назорат тадбирининг 5 380 тасида ёки 75 фоизида 122 миллиард 800 миллион сўмлик камомад, 949 миллиард 300 миллион сўмлик ноқонуний харажатлар аниқланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг даромадлар прогноз кўрсаткичлари ўзгартирилиши юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинмаган.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.