2025 йилнинг 24 ноябрь-5 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) томонлар конференциясининг 20-йиғилиши (COP20) ўтказилади, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги.
Қайд этилишича, бу ҳақдаги битим экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва CITES бош котиби Ивонн Игуеро томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференцияси доирасида имзоланди.
«Мазкур шартноманинг имзоланиши биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлайди. Биз халқаро ҳамжамиятни 2025 йилда COP20 доирасида Самарқандда кутиб олишдан мамнунмиз, у ерда сайёрамизнинг бой биологик меросини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирамиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Ўз навбатида, Ивонн Игуеро Ўзбекистоннинг мазкур тадбирни тарихий Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
CITES конвенцияси 1973 йил 3 мартда имзоланган ва 1975 йил 1 июлдан кучга кирган. Конвенциянинг мақсади ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг турларини асраш ва уларнинг ноқонуний савдосининг олдини олишдан иборат. Ўзбекистондан ҳам кўплаб турлар ташкилот рўйхатига киритилган, мамлакат 1997 йилдан буён конвенция иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон CITES`нинг 184 томони (183 та давлат ва Европа Иттифоқи) ҳамда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва савдо соҳасида кенг доирадаги манфаатдор томонларнинг йиғилишига мезбонлик қиладиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатдир.
Тадбирда 4000 дан ортиқ иштирокчи ва делегатлар иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир доирасида томонлар ёввойи табиатнинг халқаро савдоси барқарорлиги, қонунийлиги ва кузатилиши, турларни сақлаш ва барқарор ресурсларни бошқариш бўйича муҳокамалар ўтказиши кутилмоқда.