Шундай давралар, маърифий кечалар бўладики, иштирок этиб, инсон умри у қолдирган эсдалик-хотиралар ва бой маънавий мерос воситасида асрлар оша давом этишига амин бўласиз.
Шубҳасиз, ўзбекнинг буюк ҳассос шоири Эркин Воҳидов умри ва ижодий мероси бунга яққол мисол бўла олади. Донишманд шоирдан гўзал хотиралар, бебаҳо асарлар қолди.
21 декабрь куни Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 88 йиллиги муносабати билан «Эркин Воҳидов ижодий мероси ва туркий адабиёт масалалари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлди.
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов анжуманни олиб бориш жараёнида Эркин Воҳидовнинг ўлмас ижодий меросининг туркий халқлар адабиёти ва ХХ аср ўзбек адабиётида тутган муҳим аҳамияти, адибнинг «Сўз латофати» асарининг туркий халқлар ўртасидаги муштарак жиҳатлари ҳақида алоҳида таъкидлади.
ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Султон Раев илмий-амалий анжуман иштирокчиларига онлайн ўқиб эшиттирилган мурожаатномасида Эркин Воҳидовнинг шахс сифатида туркий халқлар адабиётидаги ўрни, «Сўз латофати» китобининг озарбайжон, турк тилларига қилинган таржимаси юзасидан самимий муносабат билдирди.
Озарбайжонлик олима Алмаз Улви Биннатова «Сўз латофати» китобининг Озарбайжонда бўлиб ўтган тақдимоти, асарни озарбайжон адабий муҳити, тилшунослар, китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан ўқилаётгани, унинг илмий-амалий жиҳатлари тўғрисида гапириб берди.
Анжуманда шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, «Жаҳон адабиёти» бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Халқ ёзувчиси Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбеккино Миллий агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, озарбайжонлик олима Хураман Муродова, «Турон» Фанлар академияси вице-президенти, хонанда Ҳожиакбар Ҳамидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов, Хуршид Воҳидов, Рустам Мирвоҳид қатнашиб, анжуман иштирокчиларига Эркин Воҳидов ва унинг ижоди ҳақидаги ёрқин хотираларни сўзлади.