Давра суҳбати давомида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари, 2022 йил давомида коррупцияга қарши экспертиза йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.
2022 йил давомида ижтимоий ҳимоя, молия ва банк, тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият ҳамда божхона ишига оид 1 860 та қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган.
Экспертиза натижаларига кўра, 243 та ҳужжатда (13 фоиз) ёки экспертизадан ўтказилган жами ҳужжатларнинг 350 та коррупциявий омил аниқлаган.
Шунингдек давра суҳбати давомида бошқа вазирлик ва идораларнинг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизани амалга оширишдаги фаолиятига тўхталиб ўтилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 293 та лойиҳа коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб уларда коррупциявий омиллар аниқланмаганлиги тўғрисида маълум қилинган бўлсада, ушбу лойиҳалар Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилганда уларда 457 та коррупциявий омиллар аниқланган.
Адлия вазирлиги томонидан коррупциявий омилларни аниқлаш учун
3 та қонунчилик ҳужжати – қонун, Президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳалар билан амалдаги 243 та қонунчилик ҳужжатидаги коррупциявий ҳолатларни содир этишга имкон берувчи тартиб ва қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Қонун лойиҳаси билан ногиронлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаса, экспертиза унинг ҳохишига кўра унинг уйида ёки шахс даволанишда бўлган стационарда ўтказилиши бўйича таклиф киритилганлиги қайд этиб ўтилди. Амалдаги тартибга кўра эса, мазкур танлов комиссия ихтиёрига кўра ҳал қилинмоқда.
Президент фармони лойиҳаси билан коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, тартибга солиш юкини камайтириш ва қонунчилик тизимлилигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси билан Ҳукуматнинг 61 та қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўргартириш ва қўшимчалар орасида Марказий банк томонидан банкларда ўтказиладиган текширувларнинг аниқ асосларини белгилаш назарда тутилган.
Давра суҳбати давомида мазкур лойиҳалар бўйича БМТ Таррақиёт дастури лойиҳаси ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакиллари ўз фикрларини билдириб ўтди.
Адлия вазирлиги томонидан “коррупциядан холи қонунчилик”ни яратиш мақсадида 2026 йилга қадар амалдаги 21 мингга яқин қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши таъкидланди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими