Ҳақиқий шоирнинг туғилиши ҳам аслида баҳорнинг туғилиши янглиғ, кўклам осмонидаги чақинларнинг дунёга келиши мисол – бир илоҳий, бир самовий ҳодисадирким, бу ҳолатнинг сиру синоати билан мазмун-моҳияти Яратганнинг ўзигагина маълум.
Шу маънода, шоирлар осмону фалакда пайдо бўлиб, ерда яшайдилар, деган эски нақл ҳам наврўз каби яп-япги туюлади. Бу иқтибосимизнинг маъниси шундан иборатки, жафокаш заминда нимаики одамзот бошига тушса, неки жабру ситамлар унинг инсондай яшашига дахл қилса – барча-барчаси шоир юрагини тимдалаб ўтади. Инсоннинг маънавий- ахлоқий ҳаётига, унинг камоли эмас, таназзулига сабаб бўладиган ҳар қандай ёвузлик шоир қалбининг энг ашаддий душманидир. Шу боисдан овруполик донишмандлар, дунёга дарз кетса, энг аввал шоир юрагини синдиради, деган ҳикматни қайта-қайта таъкидлаб келганлар.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф том маънода ўз халқи, эл-юртининг дарди-армони билан яшади. Унинг ўз қисқа ҳаётида шеър ёзмаган, изтироби, дардларини қоғозга тўкмаган бирор куни йўқ эди. Мудом ўйчан, ўз хаёллари ва руҳий дунёси билан банд, ҳамиша “қовурғасининг остида йиғлаётган қумри”си билан ич-ичидан суҳбат қилиб юргандай бўларди. Аслида, бор гап ҳам шу.
Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор.
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.
Бугунги кунда салкам ўттиз беш миллион аҳолиси бор улуғвор мамлакатнинг азим пойтахти Тошкентнинг қоқ марказидаги Ўзбекистон Миллий боғида беқиёс ва беназир Адиблар хиёбони барча ёшлар, китобхонлар, сайёҳлар ва зиёратчилар билан ҳамиша гавжум. Том маънода, ўзбек адабиёти бўстонига айланган кўркам маъво – Янги Ўзбекистонимизнинг янги сиёсати самараси ўлароқ унинг миллатпарвар ва адабиётсевар раҳнамоси ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилганига ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ.
Ушбу баҳаво, кенг ва мўл адабиёт дарсхонасида улуғ бобокалонимиз Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларидан тортиб, аллома шоирларимиз, жадид адиблари, атиги олти йиллар аввал шеър куйлаб, овозлари янграб юрган азиз устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповгача, шундай қаҳрамон шоирларимиз қаторида – “Зомин” семинарларидаёқ давлатимиз раҳбари назарига тушган Муҳаммад Юсуфнинг ўйчан ва мағрур ҳайкали қалдирғочлар қуршовида қад ростлаб турибди. Навқирон шеъриятга қўйилган бу қутлуғ ёдгорлик пойидан бирор кун, бирор соат ҳам саодатманд ўғил-қизларимизнинг қадами узилмайди. Шоир худди ёшларга қарата:
Алп ўғлонлар ўлкасидир Ўзбекистон,
Эркли элнинг қанотлари, илм истанг.
Ярим жаҳон бунёд этган Соҳибқирон,
Алишернинг авлодлари, илм истанг, –
деб, уларни илм билан дунёга чиқишга даъват этаётгандек. Ушбу сатрлар худди кечагина ёзилгандай – бугун эса, гўё шоир уни ўз мухлисларига ўқиб бераётир. Адабиётнинг одам болалари тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти нақадар беқиёс эканлиги ижтимоий ҳаётимизнинг айниқса, кейинги икки-уч йили мисолида кўз ўнггимизда бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. Очиқ айтиш керак, илғор технологиялар ва мўъжизавий инновацион ғоялар замонида ёшларимизнинг астойдил завқу шавқ билан китобхонликка қайтаётгани ҳам, Президент таъкидлаганидай “Адабиёт – халқнинг юраги” эканини рўй-рост исботламоқда.
Жадид боболаримизнинг аччиқ қисмати, машаққатли ҳаёт йўли ва юрт озодлиги орзу-армонларига тўла ижоди Муҳаммаджон дўстимизни ҳамиша изтиробга солган. Айнан шу мавзуда кўплаб шеър ва достонлар битган. Айниқса, қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган “Қора қуёш” достони шоирнинг чексиз меҳр-муҳаббати, Ватан фарзандлари, миллат ва давр фожеасига нисбатан юксак шоирлик муносабатидир. Мисол учун Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ҳақидаги шеърида шундай дардли сатрларни битади:
Ўлса ўзи ўлар, Сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.
Умуман, қийин ва қаттол тузумлар исканжасида ўн гулидан бир гули ҳам сўлмай, ёш кетган шоирлар, уларнинг жувонмарг жонию увол кетган умри – ушбу қайғули мавзу Муҳаммад Юсуф ижодида алоҳида ўрин тутади. Яна Чўлпонга мурожаат қиладиган бўлсак, шоир унинг “Кўкламойим” шеърини ниҳоятда яхши кўрар ва ўзи ҳам худди шу сарлавҳада шеър битиб, чўлпоншунос аллома Озод Шарафиддинов домлага чин юракдан ҳадя этган эди.
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнидан зўрға сенга етиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Жон устида асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб-тўйиб кўзга сурай кўкни мен,
Яна сенга етаманми, йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Ёки Абдулла Қодирий сиймосига мурожаат қиларкан, шоир “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, бу асарлардаги Отабек, Кумушбиби, Зайнаб образларига такрор-такрор шеърий изоҳлар беради. Изоҳларнинг ўзигина эмас, бу муносабати билан мустабид тузум, истибдод замонининг зулму зуғумлари, ҳасад ва фитнакорлигига ҳам ўз нафратини билдиради. Ўша замон жаҳолат бандаларининг манфур башарасини фош этади.
Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар,
Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор.
Шу ўринда адабий-маънавий ҳаётимизда катта воқеа бўлган, миллионлаб қалбларга кенг акс-садо берган шарафли ва тарихий ҳужжат ҳақида тўхталмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг адабиёт ва адабиёт аҳли, марҳум шоир-ёзувчилар номи-хотирасини муносиб қадрлаш борасидаги ҳар бир қарори миллат тарихи ва адабиётига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг юксак намунасидир. Мисол учун, Президентимизнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори улкан бир ҳақиқатнинг рўёбга чиқишида, адабиётимизнинг шу пайтгача номаълум бўлган қатағон даври саҳифаларини ўрганиб, кенг халқ оммаси еткизиш борасида ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Муҳаммаджон Усмон Носирни, унинг бетакрор ижодини сидқидилдан яхши кўрарди. “Усмоннинг қисматин бу Ўзбекистон Билгай кунлар ҳали келмоғи бордир”, деб ёзганидай, бағишловлари, шеъру достонларида Усмон Носир қисматини куйларкан, “баргдай узилиб кетган” шоир номи, хотираси улуғ элда юксак қадрланадиган вақтлар келишига чин юракдан ишонган эди.
Шу ўринда ўтган асрнинг кунботар палласи – мустабид тузумнинг таназзулига яқин бир вақтда, 1988 йилнинг июл ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тузилган комиссия таркибида Наим Каримов, Хожиакбар Шайхов, Усмон Азим ва Нодира Рашидовалар билан Муҳаммад Юсуф ҳам Усмон Носирнинг қабрини излаб, олис Сибирнинг Кемерово ўлкасига сафар қилганини эслаб ўтмоқ жоиз. Шу сафар таассуротлари натижасида битилган Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Усмон Носирни излаб...” мақоласи ҳажман унча салмоқли бўлмаса-да адабий-тарихий ҳужжат сифатида ниҳоятда муҳимдир. Мана, ўша дардли сафарномадан бир парча:
“...Сибирда дафн этилган Ўзбек шоири Усмон Носирнинг қабрини зиёрат қилиб келишга отландик. Ўрмонлар орасидаги Кемерово, кейин эса, бир пайтлар савдогарлар шаҳри бўлган Мариинскка етиб олдик. Шоирнинг сўнгги маскани – Суслово қишлоғига озгина қолганда сафимиз яна ҳам кенгайди. Ниҳоят, бизни кутиб турган қишлоқ аҳлига қўшилиб, бепоён дала-мозорга ҳам етиб келдик. Бу ерда қанча одам ётганини ҳеч ким аниқ билмайди. Эҳтимол, бир минг, эҳтимол ўн минг одам бир-бирини қучоқлаб, тупроққа қоришиб ётгандир. Уларнинг орасида барча миллат фарзандлари бор. Уларнинг орасида бизнинг Усмон Носир ҳам бор... Тўғрисини айтсам, то шу ерга етиб келгунча ҳар хил ўйга бордим. Ростдан ҳам, Усмон Носир бундами? Ахир, шу пайтгача уни Магаданда қолиб кетган дейишарди-ку? Мана, ўша қатағон йиллари лагерда ишлаган аёлни топдим. Унинг фамилияси ўша даврга мос – Сирота. Унга Уйғун, Усмон Носир, Амин Умарий бирга тушган суратни кўрсатамиз. Мана, – дейди у ҳеч иккиланмай Усмон Носирни кўрсатиб, - бизнинг кутубхонада ишлаган шоир. У ниҳоятда кўркам, ниҳоятда камгап ва... озғин эди!..”
Шоирнинг бу эсдалик-мақоласи бугунги кунда ҳам жуда долзарб. Айниқса, Президентимизнинг қароридан кейин Усмон Носир ҳаёти ва ижодини ўрганишда бу янглиғ ҳужжатли маълумотлар нақадар зарур ва ўта муҳимлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Муҳаммад Юсуф том маънода миллий шоир, шу билан бир қаторда умумбашарий эзгу ғояларни тараннум этгани билан байналмилал ижодкор ҳамдир. Унинг инсоният бошига офат келтиргувчи ёвузликлар, балою қазо ва уруш кулфатларининг фожеавий оқибатлари, тинчлик ва омонликнинг қадр-қиммати ва шукронаси тасвирланган шеърлари ижодининг салмоқли қисмини ташкил этади. Шу боисдан бошқа эллар, ўлкаларда, қардошлар ва тилдошлар диёрида ҳам унинг шеърларини севиб ўқишади. Узоққа бормайлик, яқиндагина Туркия Республикасининг Анқара шаҳрида шоиримиз ижодига бағишлаб ўтказилган бир халқаро адабий анжуман фикримизнинг далили бўла олади.
Гап шундаки, Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти (ТУРКСОЙ) ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси ҳамкорлигида Муҳаммад Юсуф шеърлари ва достонлари “Muhammed Yusuf secmeler” номи билан турк тилига таржима қилиниб, яхлит китоб ҳолида нашр этилди. Шу муносабат билан ТУРКСОЙ бош қароргоҳида бўлиб ўтган тақдимот маросимида ўзбек адабиётининг кенг тарғиб қилинаётгани, хусусан, Муҳаммад Юсуф асарларининг туркий дунёдаги ўрни ҳақида ҳам фикрлар билдирилгани халқаро адабий алоқаларимизнинг тобора ривожланаётганининг исботи бўлди.
Устоз Абдулла Орипов Муҳаммаджонни жуда яхши кўрарди. Ҳар хил дўст-нодўстлардан уни эҳтиёт қилиб, асраб-авайлаб юрарди. Хусусан, “Бетакрор шоир” деб номланган мақоласида суюкли шогирди ҳақида шундай илиқ ва меҳрли сўзларни битган эди:
“Чинакам шоирнинг қалбида аллақандай соҳир қуш сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг, Муҳаммад Юсуфнинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилгандай эди... Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга эса, бошқалар ҳамиша талпинадилар. Одамдан одам узоқлашишини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин”.
...Ҳар йили кўкламнинг авж палласида, ҳазрати Бобур айтганидай, баҳор айёмида биз ҳаммамиз беназир шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд санасини нишонлаймиз. Қизғалдоқлар сочилган Адиблар хиёбонидаги шоир ҳайкали ҳам қалдирғочлар қуршовида, уларнинг вижир-вижир валфажрлари жўрлигида худди ҳозироқ шеър ўқиб юборадигандай...
Олтин бешик узра аллалар айтиб,
Ҳамиша бедорим – онаизорим.
Жилғасин жарангги тонгда уйғотиб,
Юрагимга кириб келган баҳорим!..
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири










