5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

    Сана 1972 йил 15 декабрда БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, йиллар давомида 100 дан ортиқ мамлакатда нишонлаб келинмоқда.

    Бутунжаҳон атроф-муҳит куни халқаро миқёсда нишонланадиган экологик саналар орасида мазмуни, моҳиятига кўра ўзгача касб этади. Мазкур сананинг халқ орасида экологлар байрами, дея юритилишининг ўзиёқ унинг экологик тақвимдаги бош байрам, барча эко саналарнинг асосийси, муқаддимаси эканлигини исботлайди.

    Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрда ўтказилган 27-сессиясида таъсис этилган. Анжуманда шунингдек, янги ташкилий тузилма —Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича БМТ Дастури — ЮНЕПга асос солинган. Шундан бери ЮНЕП раҳбарлигида ҳар йили бутун жаҳонда атроф-муҳит куни нишонланади.

    Ушбу тадбир учун нега айнан 5 июнь санаси танланган, деган савол туғилади. Жавоб оддий: айнан 5 июнда Швеция пойтахти Стокгольмда БМТнинг Атроф-муҳит масалаларига бағишланган конфренцияси ўз ишини бошлаган эди.

    Стокгольм конфренцияси якунлари юзасидан қабул қилинган резолюцияга мувофиқ таъсис этилган экологик сана Ер юзида истиқомат қилувчи барча инсонларни табиат муҳофазаси билан боғлиқ фаолиятга жалб этиш, кенг жамоатчилик онги-тафаккурида табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш орқали табиий бойликларни келгуси авлодларга безавол етказиш масъулиятини англатишга қаратилган.

    Бутунжаҳон атроф-муҳит куни мазмун-моҳиятига кўра, инсоният олдида турган кенг кўламли ва чуқур илдиз отишга улгурган муаммоларга ечим излашга йўналтирилган сана. Атроф-муҳит куни нафақат экологларнинг касб байрами, балки атроф-муҳит муаммолари хақида яна бир карра уйлаш, мулоҳаза юритиш фурсати ҳамдир.

    Бундан ташқари, БМТ доирасида ҳар йили сувни, ҳавони ва бошқа табиат ресурсларини муҳофаза қилиш кунлари ўтказилади. Бу каби саналар муносабати билан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилади. Бутунжаҳон атроф-муҳит кунида ҳам дунё бўйлаб турли тадбирлар амалга оширилади, бу эса инсониятнинг экология муаммоларга бефарқ эмаслигидан, табиат хақида қайғураётганлигидан дарак беради.

    Халқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун жаҳон миқёсида долзарб бўлган экологик муаммолар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор этиб, шу муаммоларни ечишга дунё халқларини чорлайди. Йиллар оша мазкур сана 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб, ҳозирда экологик муаммоларни ечишга ёрдам берувчи муҳим бир замин бўлиб хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.

    Ҳамза АМИНОВ,

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

    ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги

    Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш

    технологиялари илмий тадқиқот инстиути

    директори ўринбори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates