Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019-йилнинг март ойида бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу – ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олади.
Матбуот анжуманида “Президентнинг 5 муҳим ташаббуси” ижроси юзасидан масъул бўлган мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ходимлари амалга оширилган ишлар юзасидан ўз ҳисоботлари билан иштирок этди.
- Беш муҳим ташаббус дастлаб Тошкент вилоятининг Бўка тумани ва Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида тажриба сифатида жорий этилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппаратининг беш ташаббус лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи Мансур Машарипов. — 42 та туман ва шаҳарларнинг 168 та олис ва оғир аҳволдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида бу тажриба муваффақиятли амалга оширилди. Шунингдек, биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш бўйича юртимиздаги мавжуд 800дан ортиқ маданият марказларида 4522 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 1762 та мусиқа жиҳози етказиб берилган. Умумтаълим мактабларида ташкил этилган 36503 та тўгаракка 1 миллион нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинган. Умумтаълим мактабларида тасвирий санъат ва мусиқа йўналишидаги 36 503 та тўгаракларга 1,1 млн.нафар (18%) ўқувчи-ёшлар жалб қилинган. 3 мингдан ортиқ мусиқа жиҳозлари етказиб берилган.
Шу билан бирга матбуот анжуманида қолган 4 йўналиш юзасидан ҳам қилинган ишлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Жумаладан иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш бўйича умумтаълим мактабларида 10 та спорт тури бўйича 49 196 та спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, 1,2 млн нафар ўқувчи-ёшлар мунтазам шуғулланиб келишаётганлиги ҳамда 254 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига 328 875 нафар, 54 та Спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларига 33 438 нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинганлиги ҳақида маълумотлар айтиб ўтилди.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар орасида компютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш бўйичаёшларни компютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишини ташкил этиш мақсадида 72 та “Рақамли технологиялар ўқув маркази” фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳам ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида 3 млн дан ортиқ китоблар ёшларга етказиб берилди, “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 59 та номдаги 590 минг дона бадиий адабиётлар чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танловига 2017-2019 йиллар давомида 2 млн. 170 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, 8 нафар танлов ғолиблари бўлган ёш китобхонлар Президент совғаси “Спарк” автомашинаси совриндори бўлганлиги ҳам ёшларимизни китобхонлик руҳига яна қайтганини ёрқин исботидир.
Тадбирда “Ёш китобхон” танловининг 2020 йилги саралаш босқичлари
23-25 декабръ кунлари барча туман (шаҳар)ларда ўтказилиши тўғрисида ҳам маълумот берилди ва бу жараён онлине тарзда амалга оширилиши айтиб ўтилди.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш йўналиши ҳам энг долзарб йўналишлардан бири бўлиб бугунга келиб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан соҳага оид тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги ҳусусида қизғин музокаралар бўлди.
- Илк маротаба ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошири, гендер тенглик ва улар бандлигини таъминлаш мақсадида “Қизлар овози” платформаси яратилди,— дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи Мукаррам Нурматова. — Форум доирасида мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар сафини кенгайтириш орқали жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда қизлар фаоллигини ошириш мақсадида жойларда “Қизлар овози” клуби ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида хотин-қизлар учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ хотин-қизларга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.
Ҳозирги кунда республикамизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар сони 3 596 406 нафарни ташкил қилмоқда. Жорий йилда 76,2 млрд. сўм имтиёзли маблағлар эвазига 76 198 нафар ёш хотин-қизлар иш билан таъминланди, шунингдэк, 15 935 нафар ёш хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилди.