Буни давлатимиз раҳбари таклифи билан юртимизда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани ва парламент томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани мисолида яққол кўриш мумкин.
Байрам сифатида айнан 30 июль таклиф қилингани бежиз эмас. БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майдаги 65-сессиясида қабул қилинган резолюциясида халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларни илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприк ўрнатиш мақсадида 30 июлни Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонлаш белгиланган.
Бугун юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аллақачон ўзларига “Бағрикенг диёрнинг бахтиёр инсонлари” шиорини маёқ қилиб, Ватанимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият каби ижтимоий соҳаларида самарали меҳнат қиляпти. Жонажон юртимизнинг гуллаб-яшнаши, мустақиллигини мустаҳкамлашга, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Сеул шаҳридан 5000 километр узоқда — Тошкент шаҳрининг “Халқлар дўстлиги” боғидан корейс қўшиқларининг янграётгани бунинг яққол мисоли.
Яхши шерик билан узоққа борасан!
Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Бироқ икки халқнинг дўстлиги 1937 йилда 70 мингдан ортиқ корейс оиласи мажбуран юртимизга олиб келинганидан бошланган.
Президентимиз 2017 йилнинг 22–25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлганида мамлакатнинг ўша пайтдаги Президенти Мун Чжэ Ин бу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “Ўзбекистонга 80 йил муқаддам миллатдошларимиз узоқ Шарқдан мажбуран кўчириб келтирилган пайтда ўзбек халқи уларни илиқ кутиб олган ва эҳтиром кўрсатган, ҳозир ҳам корейс миллатдошларимиз энг кўп яшаб келаётган юрт Ўзбекистондир. Корея халқи Ўзбекистонни биродар юрт сифатида билади ва мен Ўзбекистон ҳақида гапирганда доим қалбимда миннатдорлик туйғуларини ҳис этаман”.
Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда юртимизда истиқомат қилаётган кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Бугун мамлакатимизда корейс халқининг 180 мингдан зиёд вакили истиқомат қилмоқда.
Олий Мажлис депутати Виктор Пак сўзлайди
Юртимизда яшаётган корейс миллатига мансуб аҳолини бир жойда жамлаётган Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциацияси мавжуд. Ассоциация фаолияти ва корейс халқининг юртимизга келган илк йиллари ва бугунги куни ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш мақсадида муассаса раиси Виктор Пак билан суҳбатлашдик.
— Бугун бағрикенг Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллат ва элатлар орасида корейс диаспорасига мансуб фуқаролар ҳам аҳил-иноқ яшаб келмоқда, — дейди В.Пак. — Бундан 85 йил аввал собиқ иттифоқ раҳбариятининг тегишли қарори билан корейс миллатига мансуб аҳоли Шарқ мамлакатларининг чекка ҳудудларига кўчирилган. Жумладан, ўша вақтда Ўзбекистон ҳудудига 75 мингдан ортиқ корейс оиласи поездларда келтирилиб, жойлаштирилган.
Мамлакатимизнинг асосан Тошкент вилояти, Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи ҳудудидаги маҳаллий аҳоли бу миллат вакилларини қучоқ очиб кутиб олган, нон-туз, уй-жой берган, оғирини енгил қилиб, мослашиб яшашига кўмаклашган. Ўзбекистон ҳудудининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти жуда ихчам ва қулай жойлашиб яшамоқда.
Нисбатан камроқ қисми эса бошқа вилоятларда ҳам истиқомат қилмоқда. Бир ойлик йўлда шароити йўқ, совуқ поездга солиб жўнатилган корейсларнинг бир фоиздан кўпроғи, яъни кексалар, касаллар ва ёш болалар ҳалок бўлган. Мана шундай азобли ҳолда юртидан айрилган муҳожирларни охири йўқ хаёллар, ечими номаълум саволлар қийнарди. “Қаерга кетяпмиз?”, “Бизни кимлар, қандай ҳаёт кутяпти?”, “Ҳаётимиз қандай кечади?” деган жавобсиз саволлар билан Ўзбекистонга келади.
Ўша вақтларни эслаганда бувам: “Ўзбекистонга келганимизда кеч куз кирган, қишнинг боши эди. Аҳоли ҳам ундай ўзидан ортган халқ бўлмаган. Шундай бўлса-да, бизни бир хонали уйига киритиб, ўртасидан парда тортиб жой берган, дастурхонидаги борини баҳам кўрган. Буни ҳеч қачон эсингдан чиқарма”, дер эди.
Мана 65 ёшга кирган бўлсам, эсимни танибманки, ҳали ўзбек билан корейс тортишибди, деган гапни эшитганим йўқ. Икки халқ вўни-қўшни бўлиб, аҳил яшаб келмоқда. Ўзим ҳам маҳалладаги ўзбек йигитлар билан дўстлашиб, улғайганман. Ҳозиргача дўстлигимиз давом этмоқда.
Бағрикенг диёрда
Мамлакатимизда яшаётган корейс миллатига мансуб 180 мингдан зиёд юртдошимизнинг 300 нафарга яқини давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотлари билан тақдирланган. Улар орасида депутатлар, ҳукумат аъзолари, хизмат кўрсатган фан, маданият ва санъат арбоблари, юқори малакали мутахассислар бор.
Булар қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг хорижий алоқалар ва ватандошлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Валерий Тян, Олий Мажлис депутати Виктор Пак, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, рассом Николай Шин, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ҳам бор.
Юртимизда сўнгги йилларда кечган ислоҳотлар туфайли вақтинча Ўзбекистон фуқароси мақомида яшаб келган аксарият корейс миллатига мансуб бўлган инсонларга юртимизнинг доимий фуқароси паспорти берилди. Жумладан, 2019 йили ҳам мана шундай муаммоси бўлган 70 нафар корейсга Ўзбекистон фуқароси паспорти тақдим этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциациясининг вилоятларда 22 та бўлими бор. Бу бўлимларда корейслар ўз она тилини ўрганади, бошқа этник бирлашмалар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг давлат ва миллий байрамларини ҳамда Соллал — корейсча янги йил, Тано — ёз байрами ва Чусок — ҳосил байрами каби корейс халқининг миллий байрамларини нишонлайди.
Ўзбек халқининг азалий миллий таомлари: ош, қозон кабоб, норин, ҳалим, сумалак, турли сомсалар деярли барча корейс хонадонида тайёрланади ва севиб истеъмол қилинади. Корейсларнинг “чимчи” ва бошқа салатларини барча ўзбек дастурхонида кўриш мумкин. Шунингдек, юртимизда корейс филологияси 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда ўқитилмоқда. Ҳар иккала халқ вакиллари ўзбек ёки корейс фильмларини томоша қилади, шу тилдаги қўшиқларни севиб куйлайди, эшитади.
Ўхшаши йўқ марказ
2019 йилда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Осиё мамлакатларида қулайлиги, кўркамлиги бўйича тенгсиз Корейс миллий маданият маркази биноси қурилди. Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси раҳбарлари томонидан тантанали равишда очилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур маданият уйида 460 ўринли киноконцерт ва конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган. Бугун марказ аллақачон жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятни бойитадиган, тотувлик муносабатлари акс этган ажойиб масканга айланади.
Бу жой алоҳида стратегик шерик давлатлар — Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихидаги яна бир ёрқин маскан, десак, муболаға бўлмайди. Янги бинода кўплаб янгиликлар амалга оширилади. Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг 2021 йил декабрь ойидаги учрашувида Президентимиз 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди. Ҳозир бу борада ишлар давом этмоқда.
— Бугун корейс миллати вакиллари Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ўзбек халқи билан бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциациясининг масъул ходими Наталья Шек. — Аслида ўзбек ва корейс халқларининг менталитети ўзаро жуда яқин. Икки миллатни меҳнатсеварлик, тотув яшашга интилиш, фидойилик каби фазилатлар бирлаштириб туради.
Буни тарихда ва бугун ўзбек ва корейслар ҳамкорлигида барча соҳада бажарилаётган ишлар натижасидан билиш мумкин. Корейс миллий маданият маркази ҳам икки халқ ҳамкорлигини тарихий асосларга таянган ҳолда янада мустаҳкамлаш, мамлакатнинг бугуни ва келажагини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишларни бажармоқда. Ассоциациямиз марказида янги лойиҳалар, жумладан, корейслар тарихи музейи, кутубхона ташкил этилмоқда. Бу ерда корейслар тарихи ва маданиятини илмий тадқиқ этиш, корейс миллати вакилларига ўзи яшаётган замин тили — ўзбек тили ҳамда корейс тилида ёзиш, ўқиш, гапиришни ўргатиш ҳам режалаштирилган...
Азизбек АМОНОВ,
Бухоро давлат университетининг
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича биринчи проректори,
социология фанлар бўйича фалсафа доктори