Пиёда юриш соғлиққа фойда эканини таъкидламасам ҳам яхши биласиз. Ҳозир бу ҳақда айтилган гапларни такрорлаб вақтингизни олмоқчи эмасман.
Тўғри, соғлиғимни ўйлаб пиёда юришни бошладим. Шу боис, бирга юриш учун катта қизим ва ўғлимни қистовга олдим. Уйимизда соғлом турмуш тарзи тарғиб қилай, дедим-да! Қолаверса, йўлга чиқсанг, йўлдошли чиқ деб бежиз айтилмаган. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Муддао шу: йўл — ҳовлимиздаги эллик қадамлик масофани босиб ўтиш жараёнида англаган ҳақиқатларим, ҳис этган ва кўнглимдан тилимга кўчаётган фикрлар ҳақида гурунглашсам, дейман.
Гурунг деганда биз одатда ўтган-қайтган гаплардан гаплашиб ўтиришни тушунамиз. Назаримда, унинг моҳияти биз тушунгандан кўра теранроқ. Ахир донишмандлардан бири: “Гапир, мен сени кўрайин”, деб бежиз айтмаган. Инсон сўз, мулоқот орқали янада яқиндан танишади. Келинг, мақоламиз аввалида мулоқот ва унинг натижаси ҳақида фикр алмашсак. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар аввалида аҳоли билан мулоқот қилиш биринчи ўринга қўйилди. Бу йиғилиб қолган масалаларни пухта ўрганиш, уларга тақдим этиладиган ечимнинг ҳаётийлигини таъминлашда жуда муҳим эди. Ўша вақтда кўплаб соҳалар қаторида давлатимиз раҳбари тиббий хизмат кўрсатишни ҳам тубдан ислоҳ этишга муҳтож эканини таъкидлаганди. Шундан сўнг тиббиётда коррупцияни йўқотиш, техник базани янгилаш, хусусан, тез ёрдамнинг ўз вақтида барча ҳудудларга бирдек етиб боришини таъминлашга жиддий эътибор берилди. Биргина мисол, 2017 йил 16 март куни Президентимизнинг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”даги фармони қабул қилинди. Соҳадаги ўзгаришларга шу каби ҳужжатлар билан ҳуқуқий асос яратилди.
Ўшангача бўлган даврни эсланг. Олис қишлоқ ва овулларга тез ёрдам машинаси деярли бормасди. Мабодо бориб қолгудай бўлса ҳам қишлоқнинг чанг, лой ва асфальти ўйдим-чуқур бўлиб қолган кўчаларида соғ одамни ҳам касал қиладиган “Damas” борарди. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу машинанинг ёқилғиси учун бемордан ҳақ ундириш одатий ҳол эди. Дори-дармон, умуман, хизмат сифати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Дастлабки ўзгаришлар сабаб тез ёрдам анча яхшиланди. Бунинг бош омили инсонлар билан мулоқот, жайдари қилиб айтганда, оддий одамлар билан бўлган гурунглар самараси эди.
Янги даврга хос дадил қадамлар
Тараққиёт бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳар қайси соҳа ҳар куни ислоҳ қилинмас, мутахассислар замондан бир қадам олдинда бўлишга интилмас экан, эришилган натижани ушлаб туриш осон бўлмайди. Бугунги глобал дунё мамлакатлар, жамиятлар олдига юксалишнинг оғир шартларини мана шундай талабчанлик билан қўймоқда. Шу маънода, Президентимиз раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ана шу талабга муносиблик йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ушбу йиғилишда белгилаб олинган вазифалар, берилган топшириқлар соҳа масъулларини давр билан ҳамқадам бўлишга ундагани ҳам рост.
Сўнгги 7 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 карра ошган. Хусусан, жорий йилда 42 триллион сўмга етган. Бундай катта миқдордаги маблағ фақат янги машина олишгагина сарфланаётгани йўқ. Масалан, маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган комплекс тизим яратилди. Бунинг учун шунга мос бинолар қурилди, таъмирланди, тиббий техника олиб келинди. Натижада аввал фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ҳам ўтказилмоқда. Дейлик, бир пайтлар буйрак кўчириш учун Тошкентга келиш ва узоқ навбат кутиш каби сунъий тўсиқлар бор эди. Бугун бу амалиёт вилоятларда ҳам бажарилмоқда. Бир вақтлар беморлар пойтахтга келган бўлса, бугун малакали мутахассислар ҳудудларга бориб хизмат кўрсатяпти. Бу аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш баробарида жойлардаги мутахассислар билан марказдаги врачлар ўртасида ўзига хос устоз-шогирд анъанасига ҳам замин яратди.
Ҳар бир соҳа кадрлар, аниқроғи, ишининг устаси бўлган мутахассислар сабаб юксалади. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Мамлакатимизда тиббиёт ходимлари ўрнини алоҳида таъкидлаш керак. Ҳатто ҳамширалик қилиш учун хорижга ишлашга кетган юртдошларимиз бор. Улар масъул вазирлик ва идоралар ташаббуси билан Европа давлатларида бугун ҳамшира бўлиб ишлаяпти. Энди қуйидаги рақамларга эътибор қилинг. Мамлакатимизда ҳар ўн минг аҳолига 27 нафар шифокор тўғри келади. Қиёслаш жоиз бўлса, бу АҚШ, Буюк Британия, Финляндия билан бир хил кўрсаткич. Туркия ва Канадада бу рақамлар 1,5 баравар кам. Кўринадики, кадрларнинг миқдори борасида муаммо йўқ. Аммо сифат-чи?
Сифат ҳақида гап кетганида, масаланинг бир неча жиҳатига эътибор бериш зарур. Масалан, айрим тиббиёт ходимлари етарлича малакага эга эмас. Бошқалари эса замон билан ҳамқадам бўлишда қийналмоқда. Ёки ўзини қийнашни истамайди. Буни лўнда қилиб фидойиликнинг оқсаши, дейиш мумкин. Ўрни келганда айтиб кетай, бу фақат тиббиёт ходимларига тегишли оғриқли масала эмас. Жамиятимизда фидойи инсонларга сезиларли эҳтиёж бор. Бунинг ўзи алоҳида мавзу ва таҳлилни талаб қилади.
Яна бир муҳим жиҳат — аҳоли орасида тиббий билим етишмаслиги, оқ халатли киши нима деса, ишониб кетавериш. Бунинг ҳаётий тажрибасини ижтимоий тармоқлар орқали кўриб-кузатиб турибмиз. Айрим кимсалар яратилган имкониятларни суиистеъмол қилиб, мутахассислиги бўлмаган йўналишларда хизмат кўрсатиб, одамлар соғлиғига жиддий зарар етказади.
Қолаверса, соғлом турмуш тарзига кўпчилигимиз амал қилмаймиз. Тўғри овқатланиш нари турсин, ичаётган дориларимиз таркиби, унинг фойда ва зарарини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Шу орқали тиббиёт ходимининг дорихона эгаси билан тузган шахсий бизнесига беминнат хизмат қиламиз. Бу бевосита жамиятимиздаги тиббий маданиятнинг оғриқли нуқтаси.
Дарвоқе, тиббий маданиятимиз қанчалик шаклланганига яна бир факт: юртимизда юқумли бўлмаган касалликлар иқтисодиётимизга ҳар йили 1 миллиард доллар зарар келтириши ҳисоб-китоб қилинган. Тез ёрдамдаги жами чақирувларнинг тўртдан бири сурункали касалликлари бор беморларга тўғри келмоқда. Масалан, Фарғонадаги 12 та маҳаллада ўтказилган ўрганишда ҳар 10 бемордан 8 нафари оилавий шифокорни четлаб ўтиб, шифохонага ёки хусусий клиникага бораётганини айтган. Хоразмда эса беморлар оилавий шифокорни эмас, тез ёрдамни афзал кўряпти. Содда қилиб айтганда, тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган.
Мақоламиз аввалида тез ёрдамнинг халқчил бўлиши таъминланганини айтган эдик. Юқоридаги кўрсаткичлар жамиятимиздаги тиббий маданият сабаб бу тизим ортиқча босим билан ишлайдиган жойга айланиб қолганини кўрсатади. Дастлабки ислоҳотлардан бундай мақсад кўзланмаган эди. Яъни тез ёрдам биринчи ва тезкор ёрдамни кўрсатади. Аммо сурункали касалларни даволамайди. Бутун дунёдаги тажрибага кўра, у йўналтирувчи дастлабки пунктдир. Демак, соҳа янги даврга хос янгича ислоҳотларни талаб қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилиш мана шундай масалаларга ечим бериши билан аҳамиятли бўлди.
Қандай ўзгаришлар кутиляпти?
Йиғилишда соҳа истиқболини белгилашдаги муҳим омил тилга олинди. Яъни унда кўриб чиқилган масалалар, демак, бизни кутаётган янги ислоҳотлар бўйича салкам икки йил тайёргарлик кўрилган. Жараёнга хорижнинг илғор тиббиёт марказларидан экспертлар жалб қилинган. Бу айтилаётган ҳар фикр, белгилаб берилаётган топшириқлар пухта режа асосида қилинаётганидан далолат. Юқорида айтганимиздай, икки йил мулоқотлар орқали соҳа одамлари ва оддий халқ вакилларининг бугунги ҳолати ўрганилган. Кенгашли тўй тарқамас, деган нақлга амал қилинган. Бу бизга соҳа тубдан ўзгаришига ишонч беради. Йиғилиб қолган масалаларнинг ечимини эса давлатимиз раҳбари қисқача бундай баён этди: “Агар бирламчи бўғин, рақамлаштириш ва суғуртани жойига қўйсак, тиббиёт ходимларини билим ва амалий кўникмасини яхшиласак, муҳими, аҳолининг тиббий маданиятини оширсак, шунинг ўзи орқали кўзлаган мақсадларимизга эришамиз”.
Шу боис, энди бирламчи бўғинда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги тизим бўлади. Давлатимиз раҳбари буни Иштихон туманидаги Ўзбекистон поликлиникаси мисолида тушунтириб берди. Ушбу тиббиёт масканига 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш.
Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис, поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди.
Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келмоқда. Лекин юқорида айтилганидай, оилавий шифокорларда кўникма етишмаслиги оқибатида улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғуруқ ёшидаги 9 минг аёл учун бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган.
Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти.
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Болалигимда қишлоғимиз ҳамшираси ҳафтанинг ҳар жума ёки душанбасида уйимизга келарди. Қўлида дафтар, эгнидаги оқ халат билан келган ҳамшира хола диққатини бир жойга жамлаб ёзишни бошларди: “Қайнатилган сув — бор...”.
“Ҳа, бор-бор”, дейди онам тасдиқ маъносида бош чайқаб.
“Ҳовли тоза, хлор... бор, — дейди ҳамшира хола гапида давом этиб. — Идишлар, ошхона тоза”.
У айтганларини дафтарга кўчириб, онамга имзолатади. Кейин уйда касаллар бор-йўғини сўрайди. Бундай вақтда қайси ўзбек касалман деб “соғ” бошига ғавғо сотиб олади! Албатта, иситмаси ошкор қилмагунча мум тишланади. Ўтиб кетади-да, қабилида иш тутилади, афсуски. Ҳамшира хола ҳам бунга чиппа-чин ишонади... йўқ, ўзини ишонгандай тутади. Биз ўз саломатлигимизга шу йўсин ёндашувдан ҳамон тўлиқ кечиб кета олганимиз йўқ. Бу аччиқ ҳақиқат. Шундай вазиятлар бўладики, жамиятни ўзгартиш учун қонунлар ишлаб чиқилади ва ҳаётга кенг татбиқ этилади. Тиббий маданиятимизни ошириш, соҳа ходимларини замонга мос кадрларга айлантиришда ҳам худди шундай йўл тутилмоқда.
Хусусан, энди тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилади. Бу нима дегани?
Хизмат кўрсатишда қонуний ҳужжат бор. Яъни ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбурияти аниқ бўлади. Чунки қўлингизда шартнома бор. Бу низоли ҳолатларда ягона ва ишончли ечимга асос бўлади. Шу жараёнда тиббиёт ходимининг меҳнат фаолияти аҳоли томонидан холис баҳоланади. Бу баҳо уларни қанча кўп одам танлаётганида кўринади. Яъни ҳеч ким “Сенинг оилавий шифокоринг фалончи”, демайди. Ўзингиз кўриб-кузатиб, энг яхши шифокорни танлайсиз. Бу табиий рақобат дегани. Рақобат бор жойда эса ўсиш, ўзгариш бўлади. Мана шу амалиётнинг ўзиёқ тез ёрдамга бориб ётиб оладиган сурункали касаллар сафини қисқартиришга хизмат қилади.
Гап сурункали касалликлар ҳақида кетганида яна бир янгича ёндашувни эслаб ўтиш керак. Энди тумандаги маҳалла ва оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил қилинади.
Тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилади. Барча тор соҳа мутахассислари шу ерда ишлайди. Бу поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар эквивалентида бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.
Очиғи, соҳадаги кўпгина масалалар моддий таъминот, хусусан, ойлик маош камлиги билан ҳам боғлиқ эди. Биз буни ўқитувчиларнинг маошини ошириш мисолида ҳам кўрдик. Яъни бевосита инсонларнинг жисмоний ва маънавий саломатлиги билан ишлайдиган ушбу соҳалар вакиллари муаммодан узоқ бўлиши шарт. Уйида моддият билан боғлиқ масалалар йиғилиб қолган ходим самарали ишлай олмайди. Қолаверса, кам маош малакали кадрларнинг бошқа жойдан иш ахтаришига ҳам сабаб бўлади. Шу маънода оилавий шифокор ва ҳамширанинг маоши кўпайиши халқ саломатлиги йўлидаги энг яхши қарорлардан бири бўлганини тан олиш керак.
Яна бир ҳаётий масалага тўхталсак. Жорий этилаётган янги тизимда оилавий шифокор ва ҳамширани рағбатлантиришнинг яна бир йўли таъкидланди. Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратиб, одамларни хасталик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.
Шу ўринда хасталик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатишга изоҳ берсак. Бунда шифокор ва ҳамшира нафақат ушбу хасталиклар билан курашиш сирини билиши, балки кучли психолог бўлиши ҳам керак. Одатда сурункали касаллиги бор одамларда даво йўқ, деган хавотир бўлади. Бу инсон руҳияти билан боғлиқ. Бемор билан мукаммал ишлай олиш учун эса мутахассис ўз устида кўпроқ ишлаши, ўқиб-ўрганиши керак бўлади. Бу энди уйда қайноқ сув ичяпсизларми, ошхона ва ҳовли тозами деб ҳисобот дафтарини тўлдириб кетиш дегани эмас. Балки инсонни ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўрганиш, билиш дегани. Белгиланган қўшимча рағбат эса ана шундай ўрганишга, илм излашга руҳлантиради.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда: “Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар эквивалентида ойлик оладиган тизим қиламиз. Бу орқали биз шунчаки ойликни эмас — инсон қадрини оширган бўламиз. Лекин натижа ҳам шунга яраша бўлиши керак”, деди.
Натижа нима дегани? Янги вазифаларга кўра, маҳаллада битта бўлса ҳам инфаркт, инсульт, оналар ва болалар эрта ўлими, сурункали касаллик туфайли орттирилган ногиронлик кузатилса, буни фавқулодда ҳолат, деб қабул қилиниши керак. Содда қилиб айтганда, мутасаддилардан тортиб, энг қуйи тизимдаги ходимгача бўлган барча масъуллар ўзини қийнаши, унинг фаолияти инсонлар ҳаётига дахл қилишини юракдан ҳис этиши зарур бўлади. Бу, албатта, билим ва кўникма талаб этади. Шу боис, мазкур жиҳат ҳам ҳисобга олинган. Яъни Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил охиригача тиббиёт олийгоҳлари билан 15 та тумандаги 4700 нафар оилавий шифокор ва ҳамширани “Оила саломатлиги” дастури бўйича, раҳбарларни эса менежерликка ўқитади.
Ишлар ўз вақтида ва самарали ташкил этилиши учун бу йил 285 миллиард сўм, бунга қўшимча вилоят ҳокимлари томонидан ҳам камида 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу маблағ 15 та тумандаги поликлиника ва шифохоналар фаолиятини янги тизим асосида ташкил қилиш учун сарфланади.
Шу ўринда вилоят ҳокимлари томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўм нима учун керак, деган савол туғилиши табиий. Очиғи, ҳозир тиббиёт масканларида кутиш, шу жараёнда айрим хизматлардан фойдаланиш борасида оғриқли нуқталар бор. Баъзи жойларда беморлар кўплиги, кутиш заллари йўқлиги ёки етарли эмаслиги боис, беморлар тиқилинч йўлакларда тик туришга мажбур. Оддий ҳожатхона масаласи ҳам жуда оғриқли.
Янги ислоҳотлар сабаб “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошлангани эълон қилинди. Ушбу дастур доирасида вилоят ҳокимлари кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, она-бола хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул этиб белгиланди. Улар ажратадиган 10 миллиард сўм ушбу хайрли ишларга сарф этилади.
Мутасаддилар бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиб, тўқсон кун натижаси бўйича Президентга батафсил ҳисобот беради. Бу ҳам мақоламиз аввалида айтилганидай, халқ ва ҳокимият ўртасидаги мулоқотнинг яна бир кўринишидир. Бундан кўзланган мақсад эса тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашишдир.
Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади. Қолаверса, бундан буён бирламчи бўғинда ярим ёки 0,25 ставка бўлмайди. Барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди. Яна бир муҳим жиҳат, тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади. Ушбу пакет доирасида тиббий хизмат ва дори-дармон тўлиқ бюджетдан қопланади. Буларнинг барчаси тиббиёт ходимларини кераклича қўллаб-қувватлаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Юқорида малакали шифокорлар вилоятларга бориб хизмат кўрсатаётгани, бу жойлардаги тиббиёт ходимлари фаолиятига ҳам ижобий таъсир қилаётганини айтдик. Аммо айрим масалалар ҳамон сақланиб қолаётгани рост. Масалан, ҳудудларда юқори технологик операцияларни ўтказиш имконияти бор. Лекин беморлар ҳали ҳам Тошкентга келяпти. Дейлик, ўтган йили юрак ишемик касаллиги бор беморларга кўрсатилган коронарография ва стентлаш амалиётининг 80 фоизи Тошкентда бажарилган. Жарроҳлик амалиёти талаб қилмайдиган юрак ишемик касаллиги бор беморларнинг ҳам пойтахтга келиши камаймаган. Бу беморлар ва врачларнинг мулоқотида камчиликлар борлигини, соҳани ислоҳ этишни талаб қилади. Масалан, касали жиддий эканини билган бемор дарров: “Тошкентга кетаман, йўлланма беринг”, дейди. Шифокор ҳам “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутади. Йўлланмани бериб, беморни пойтахтга кузатиб қутулади. Ваҳоланки, эски ордер тизимидан воз кечилиб, имтиёзли тоифадаги шахсларни электрон йўлланма орқали даволашга ўтилганига икки йил бўлди. Шунга қарамай, ҳамон беморларни Тошкентга жўнатиш айнан моддий масала билан боғлиқ. Яъни маблағнинг асосий қисми ҳалигача республика марказларига ажратилмоқда. Шу муносабат билан республика марказларида бюджет ҳисобидан фақат юқори технологияли мураккаб амалиётлар ўтказилиши белгиланди. Туман ва вилоятда бемалол қилиш мумкин бўлган амалиётлар учун республика марказларига йўлланма берилмайди. Мутасаддиларга республика, вилоят, туманга йўлланма бериладиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди.
Бу одамларнинг узоғини яқин қилиш, уларга ўз ҳудудидан узоқлашмай соғлиғини тиклаш имконини яратиш демак. Мақола аввалида ҳовлимдаги йўл, қандай юришимга қараб неча қадам билан масофани босиб ўтишим ҳақида аниқ ёздим. Негаки, у менинг уйим ва ҳар куни шу йўл бўйлаб юрганим сабаб булар менга яхши таниш. Кечки пайт ҳовлининг у бошидан бу бошига бориб келар эканман, хаёлимдан: “Дунё ҳовлимиздаги эллик қадамлик йўлдан иборат”, деган ўй ўтди. Сиз битта чизиқ бўйлаб, бир хил ҳаракатда муттасил бориб келаверасиз. Сиртдан қараганда, ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо ҳар бир қадамда янгича ўй, янги режа ва фикрлар оғушида бўласиз. Биласизки, ҳеч ўзгармасдай кўринган мана шу йўл ҳар қадамда ўзини янгилаб бораётган бўлади. Умумий уйимиз — янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳам худди шундай кечмоқда.
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири