Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимиз билан Ташкилотнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари бўйича ихтисослашган тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келяпти ва бу борадаги асосий универсал ҳуқуқий ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 4 та резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йили Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлди, унда мамлакатимиз вакили 2022 йилга раис ўринбосари этиб тайинланди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганининг 30 йиллиги (1992 йил 2 март) муносабати билан ўзаро табриклар алмашдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.