Абдулҳамид Чўлпон ва замон

    Биз ҳам Чўлпондан қўл тортмаймиз. Чўлпон янги адабиётда янги шаклларга асос солди. Мистик адабиёт ўрнига замонавий зийрак адабий дидга жавоб берувчи ажойиб шеърларни тақдим этди. Бугунги ёш авлод унинг жозибали техникасини, содда тилини, ғаройиб услубини севади ва ундан кўп ажойиб нарсаларни қабул қилади.

    Абдулҳамид Чўлпон жуда қисқа, бор-йўғи қирқ йил умр кўрди. Унинг ҳаёт йўли бир-биридан тубдан фарқ қилувчи, тарихий воқеаларга бой Туркистондаги сиёсий ва маънавий ўзгаришлар кўзга ташланган икки давр чегарасида ўтди. Агар уларнинг биринчиси ўзида тараққийпарвар ғоялари билан туркистонликларнинг миллий ўзлигини уйғотган энг зиёли кучларни жамлаган жадидчиликнинг юзага келиши ва ривожланиши билан ифодаланган бўлса, иккинчиси уни йўқ қилди ва “бахтли келажак” ҳақидаги тасаввурларни остин-устин қилиб ташлади, жамиятни ўзгартириб, саноатни юксалтириш ва “маданий инқилоб” ниқоби остида фожеали воқеаларга йўл очди.

    Дастлабки пайтларда қудратли ҳаёт тўлқини Абдулҳамид Чўлпонни мавҳумлик гирдобидан олиб чиқиб, кенг халқ оммасининг шеъриятдаги қаҳрамонига айлантирди. Истеъдод уни юксак чўққиларга олиб чиқди, лекин тез орада у жамиятнинг овлоқ жойларига улоқтирилди. Унинг мураккаб ҳаёти замон талотўпларида янчилган тақдирлардан бири эди. Чўлпон шахсини билиш ва уни охиригача тушуниш, бетакрорлигини ҳис қилиш, буюклиги ва қудратини англаб етиш учун у қандай даврда яшаганини ҳисобга олиш зарур.

    Биз ўрганаётган муаммога шу нуқтаи назардан ёндашиб Чўлпон яшаб фаолият юритган даврни икки босқичга бўлиш мумкин: XX аср бошларидан 20-йиллар ўрталаригача ва 20-йиллар ўрталаридан унинг тақдири фожеали якун топган 1937 йилгача.

    Дастлаб тақдир уни роса сийлади. Унинг истеъдоди жадидчилик ғоялари билан бирга камолга етди ва ҳаётга татбиқ этилди. Абдулҳамиднинг туғилиши ушбу оқим шаклланган вақтга тўғри келган.

    XIX аср охири ‒ XX аср бошларидаги ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланган ижтимоий фикр ўз даврининг энг тараққийпарвар кишиларини жадидчилик майдонига олиб чиқди. Улар орасида Фитрат, Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов ва бошқалар қаторида нафақат шоир, балки фаол маърифатчи, илк мухтор республикаларнинг тузилишидаги иштирокини ҳисобга олганда сиёсий арбоб ҳам бўлган Абдулҳамид Чўлпон бор эди.

    1917 йилги жадид газеталари ‒ “Кенгаш”, “Турон”, “Турк эли” ва бошқалар Туркистон халқларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш шаклларига дахлдор ниҳоятда қизғин баҳслардан далолат беради. Туркистон тараққийпарварларининг дастлаб маърифатчилик, сўнгра сиёсий ҳаракати кенг қулоч ёзган 1914-1917 йилларда Абдулҳамид Чўлпон ижоди ҳам гуллаб-яшнади. 16 ёшида “Адабиёт надур?” мақоласини ёзган муаллиф жадидчилик вужудга келтирган янги адабиёт асосчиларидан бирига айланди. Бироқ унинг қизиқишлари фақат адабиёт ва театр санъати билан чекланмаган. 1914 йили “Садои Фарғона”да эълон қилинган “Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик”, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар”, “Ойина” журналида чоп этилган “Андижонда янги банк” мақолаларида унинг иқтисодиёт соҳасидаги чуқур билими намоён бўлган. Абдулҳамид Чўлпон ўз мақолаларида Россия, Европа ва Американинг тараққиёт тажрибасидан мисоллар келтириб, Туркистоннинг бўлажак иқтисодиёти ва унинг ривожланиш йўллари ҳақида мулоҳаза юритган. Чўлпонга сиёсат ҳам бегона бўлмаган. 1917 йили “Турон” газетасида эълон қилинган “Иш вақти ‒ ишлаш вақти”, 1918 йили “Эл байроғи” газетасида чоп этилган “Умид сиздан” мақолаларида унинг большевизмга салбий муносабати ва Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаши акс этган. У нафақат публицист, балки амалий сиёсатчи ҳам бўлган, Туркистон ва Бошқирд мухториятларида фаол иштирок этган. Қўқондаги Туркистон мухторияти тор-мор келтирилгач, кўплаб жадидлар юртни тарк этишга мажбур бўлганлар, у Убайдулла Хўжаев, Абдулҳамид Орифов, Мирмуҳсин ва бошқалар билан бирга Бошқирд советлари кичик ташкилотида котиб бўлди ва унинг ахборот марказида фаолият юритди. Кейин кўплаб тараққийпарварлар қатори маориф соҳасида ишлади.

    Умуман, Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маданий ҳаётида бу даврда кечган зиддиятли жараёнлар Чўлпон тақдирини ҳам четлаб ўтмади. Унинг учун мураккаб вақтлар келганди. Бир томондан, жадидларнинг маърифатчилик фаолияти ўзининг юксак чўққисига кўтарилди, уларнинг катта қисми мамлакатда қолиб, маданият муассасалари, мактаблар, олий ўқув юртлари ва театрларда ишлашда давом этди. Аҳоли саводхонлигининг кескин ошиши, технологик таъминотнинг ўсиши, илмий муассасаларнинг пайдо бўлиши билан Ўзбекистон маданияти тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бошқа томондан, бошқарувнинг тоталитар тизими мустаҳкамланиб бориши маданий жараёнларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. “Маданий инқилоб”нинг жорий этилиши, кадрларнинг пролетарлаштирилиши эски миллий кадрларнинг қораланишига олиб келди. Совет ҳокимиятининг ўйланмай қилинган ислоҳотлари маданиятда ўнглаб бўлмас ҳолатларни келтириб чиқарди. Бошланган қатағонлар, биринчи навбатда, зиёлиларга қаратилди, бу эса маънавий ҳаётга улкан зиён етказди.

    “Шаклан миллий, мазмунан социалистик” бўлган пролетар адабиётнинг яратилиши ёзувчиларни ўз ғояларини сунъий равишда ҳосил қилинган қолипларга солишга мажбур этди. Бу ерда 1923 йилдаёқ Л.Троцкий “Адабиёт ва инқилоб” асарида “пролетар маданият бўлмаган ва бўлмайди ҳам” деб ёзганини эсга олиб ўтиш ўринли. Акс ҳолда деҳқонлар адабиёти ва зиёлилар адабиёти ҳақида масала юзага келади. Чўлпон ижоди, албатта, ҳеч қанақасига пролетар адабиёт қаторига кирмаган.

    Юқоридан келган кўрсатма асосида Чўлпонга қарши аёвсиз сиёсий таъқиб амалга оширилган. Зариф Башир, Айн, Отажон Ҳошимов, Сотти Ҳусайн, Трегулов, С.Письменний, А.Аршаруни ўзларининг танқидий мақолаларида унга миллатчи шоир, “пессимистик кайфиятдаги зиёлилар шоири” тамғасини босдилар. Партиянинг масъул ходими С.Письменний фикрича, 1924 йилдаёқ адабиёт вакиллари орасида, умуман, жамиятда иккита лагерга бўлиниш хавфи вужудга келган, яъни кўнгил амри билан ижод қилганлар ва барча нарсада партия белгилаб берган йўлга амал қилганлар.

    Бу ҳақда Чўлпон қайғуриб ёзади: “Ҳар доим тирноқ остидан кир топиш мумкин, қанча кўп қидирсанг, шунча кўп чиқади. Аммо одамга ҳаёт фақат шунинг учун ато этилмаган. Айниқса, педагоглар Туркистоннинг оқни қорадан ажрата олмайдиган маҳаллий аҳолисига ниманидир исботлашга уринган ҳолда бир-бирининг айбини қидириб умрини беҳуда ўтказишмоқда ‒ бу жиноятдир”.

    Чўлпонни танқид қилиш нафақат республика миқёсида, балки СССР даражасида давом эттирилган. Оммабоп бўлган “Новый Восток” журналида 1929 йили партиянинг масъул ходими А.Аршарунининг “Ўрта Осиё бадиий адабиёти ҳақида қайдлар” мақоласи чоп этилган, у Чўлпоннинг “марксистча” адабиётшунослик талабларига жавоб бермайдиган ижоди таҳлилига бағишланган. Ўша пайтда Чўлпонни ҳимоя қилишга журъат этган ёш ёзувчи Ойбекни ҳам аёвсиз танқид остига олишган. Муаллифни, айниқса, Ойбекнинг “Қизил Ўзбекистон” газетасидаги “... Чўлпон ўзининг келиб чиқиши, тарбияси ва интилишлари билан бу нарсадан йироқдир”, деган сўзлари ғазаблантирган. Боз устига, Ойбек уни аҳамиятига кўра Пушкин билан бир даражага қўйиб, Чўлпон ва Пушкинни тенглаштиришга журъат этган:

    “... Наҳотки, биз ҳозирги адабий талабларга жавоб бермайди деб ҳисоблаб Чўлпондан воз кечамиз? Менимча, бу хатодир... Шоирларни қулоғидан тортиб пролетар шоирга айланишга мажбурлаб бўлмайди...

    Бизнинг замонавий адабий талабларимизга жавоб бермайди деб Чўлпондан узоқлашишимиз керакми? Менимча, бу янглиш ҳаракат. Агар биз ҳозир рус ўртоқларимизга қарасак, улар Пушкинни қанчалар севишларини кўрамиз. Уни ҳамма ўқийди ва яхши кўради. У инқилобдан кейин ҳам Пушкинлигича қолган. Рус адабиётида олий ўринни эгаллаган. Пушкин пролетар шоир бўлмаган, у помешчик ва ҳукмдорлар шоири бўлган ва унинг дунёқараши замонавий даврга мос келмайди, лекин нега уни бунчалар ёқтиришади? Негаки у гўзал асарлар яратган, рус шеърига ажойиб бадиий образларни тақдим этган, бу орқали рус адабиётининг ўлмас бойликларини яратган. Руслар ҳеч қачон ушбу буюк адабий меросдан воз кечишмайди.

    Биз ҳам Чўлпондан қўл тортмаймиз. Чўлпон янги адабиётда янги шаклларга асос солди. Мистик адабиёт ўрнига замонавий зийрак адабий дидга жавоб берувчи ажойиб шеърларни тақдим этди. Бугунги ёш авлод унинг жозибали техникасини, содда тилини, ғаройиб услубини севади ва ундан кўп ажойиб нарсаларни қабул қилади.

    Чўлпоннинг ғоялари эмас, балки у томонидан яратилган оригинал шеърий образлар ўқилади ва ундан ҳеч ким воз кечмайди”.

    Маданиятли кишининг буюк мутафаккирларга беҳурмат муносабатда бўлишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги фикр Ойбек мақоласининг лейтмотиви сифатида янграган. У Чўлпонни айнан шундай шахс деб билган. Бундай тенглаштиришдан ғазаб отига минган А.Аршаруни Ойбек агар Чўлпонни А. Пушкин билан солиштиришга журъат этган бўлса, бу унинг А.Пушкин ижодини яхши билмаслигидан, дея айблаган. Эҳтимол Аршаруни Пушкин асарларини яхши билгандир, аммо Чўлпон ижодидан умуман бехабар бўлган. Бу ўринда Германияда таҳсил олган, “Кўмак” журналини чоп эттирган туркистонлик талабалар журнал сонларидан бирида Чўлпон Шекспир билан таққосланган мақолани эълон қилишганини келтириб ўтиш жоиз бўлур эди. Мақола муаллифи ёзади: “Мен Шекспир лирикаси ва Чўлпон шеърияти ўртасидаги фарқни қанчалик қидирмай, уни топа олмадим. Мен Чўлпоннинг “Уйғониш”ини қайта-қайта ўқиганман. Шекспирни ўқиганман. Ниҳоят, Шекспир ‒ бу Чўлпон ёки Чўлпон ‒ бу Шекспир, деган хулосага келдим”.

    Бироқ бундай муносабат шоирнинг аҳволини янада оғирлаштирган. Мустақил фикрига эга бўлиш, эркин ишлаш, айниқса, ўша давр ҳукмрон мафкурасига тўғри келмайдиган мулоҳазаларни билдириш инсон ҳаёти учун ниҳоятда хатарли эди. Чўлпон юз бераётган ҳолатларни жуда яхши англаган. Бундан унинг шеърлари далолат бериб турибди. Чунончи, у “Япроқлар” шеърини Ўзбекистонда эмас, балки Туркияда эълон қилган. Ватанида бунинг имкони йўқлигини тушунган, деган фикр келади хаёлга:

    Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,

    Билмадим, кимларнинг қисмати узилур?

    Ёпроққа ёпишиб, бир чангал солдилар,

    Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур?

    Эй совуқ эллардан муз кийиб келғонлар,

    У қўпол товшингиз қорларда йўқ бўлсин!

    Эй меним боғимдан мевамни терғонлар,

    У қора бошингиз ерларга кўмулсин!

    Шоирнинг бу қисқа сатрларида алам-изтироблар, халққа бегона бўлган эътиқодини мажбурлаб тиқиштирганлар, поймол этилган тақдирлар, Ватан ҳақида қайғуриш ифодаланган. Ўн йиллар мобайнида Чўлпон танқид тиғлари остида яшади. Оддий журналистдан тортиб республика раҳбари Акмал Икромовгача унинг ижоди ҳақида салбий муносабат билдирди.

    Ниҳоят, 1937 йил охирида Чўлпон “халқ душмани” деб эълон қилинди. Сиёсий тузум унинг Аҳмад Закий Валидий билан дўстлигини, Бошқирдистоннинг миллий мустақиллиги учун курашдаги ёрдамини, Туркистон мухториятидаги фаол иштирокини, жадидлар сафида туриб очиқ-ойдин ифодалаган сиёсий қарашларини унутмади ва кечирмади. Эҳтимол унинг “айби” энг машҳур ва халқаро миқёсда эътироф этилган ўзбек шоири бўлгани ва халқ, айниқса, ёшлар орасидаги обрў-эътиборини ҳеч нарса тушира олмаганида бўлгандир. Шахснинг буюклиги ҳар доим ўз даврини ортда қолдирган. Тақдир тақозоси билан улар ё кўкларга кўтарилади, ё жисмонан йўқ қилинади. Аммо Абдулҳамид Чўлпон хотирасини йўқотишнинг иложи йўқ эди, чунки унинг шеърлари, ғоялари, халқига бўлган муҳаббати барҳаётдир.

    Дилором АЛИМОВА,

    ЎзР ФА Тарих институти бош илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates