баннер
19 мар 2025
17:44

    «Адабиёт тирикчилик эмас, тириклик манбаи»

    Ёзувчи Луқмон Бўрихон ҳам нисбатан қисқа умр кўрса-да, ушбу мактабнинг муносиб давомчиси мартабасини сидқидилдан оқлаган адиб эди.

    «Ўтирик»

    Газетамизнинг ўтган йил январь ойидаги дастлабки сонларидан бирида сўнгги саҳифанинг учдан бир қисмига жо бўлган мўъжазгина «Ўтирик» ҳикояси чоп этилди. Синчков муштарийларимиз яхши билади, 5 йиллик фаолияти давомида «Янги Ўзбекистон» нашри саҳифаларида саноқли, нари борса 3 ёки 4 та ҳикоя эълон қилинган. Бироқ «Ўтирик» мавзуси, сюжети, қаҳрамонлари, тили, ифода услуби билан таҳририят ходимларининг ҳам, газетхонларнинг ҳам хотирасидан мустаҳкам ўрин олди. Сабаби...

    Журналистларга, айниқса, газетачилик вакилларига кўп нарса керак эмас, озгина эътибор ва эътироф кифоя. Ортиғини кутмайдилар ҳам. Ҳикоя берилганидан кейин ҳамкасблар, ташқи муаллифлар, соҳамизнинг таниқли намояндалари, устозлардан кўплаб самимий гаплар эшитдик. «Яқин орада бундай яхши ҳикоя ўқимаган эдик». «Барака топинглар, яхши ҳикоя берибсизлар». «Шу асарни чоп этиб яхши иш қилибсизлар». «Жуда халқчил ҳикоя экан, муаллифга ҳам, сизларга ҳам раҳмат». Бу каби гаплар журналистларга қанот беради, албатта.

    Мана, орадан бир йилдан зиёд вақт ўтди, лекин таҳририятнинг кундалик ижодий йиғилишларида, турли давраларда ҳам ўша «Ўтирик» ҳикояси, унинг газетада берилгани хайрли бўлгани каби фикрлар ҳамон тилга олинади. Дарвоқе, бу асар ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихон қаламига мансуб.

    Адибни яқиндан билганлар унинг ўз асарлари қаҳрамонлари каби самимий, содда, одамларга яхшилик улашувчи инсон бўлганини эътироф этади. Луқмон Бўрихон билан олис 1991 йил ёшлар газетасида ишлаётган кезларим танишган эдик. Биз тенгилар унга ҳавас қилардик. Ахир биздан атиги 5-6 ёш катта, лекин ижодий доирада анча танилган ва ҳурмат қозонган эди. Луқмон ака аввалига ҳам журналистика, ҳам бадиий ижоднинг бошини бирдек тутганди. Кейин адабий муҳитнинг қўли баланд келди. У фаолияти давомида турли таҳририятларда адабий ходим, бўлим мудири, «Ёшлик» журналида муҳаррир ўринбосари, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда етакчи муҳаррир вазифаларида хизмат қилди. Сўнг Ёзувчилар уюшмаси Ижодий кенгашлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси бўлиб ишлади.

    — Сизда бадиий ижодга ҳам яхшигина мойиллик бор-ку. Ҳикоя ва ҳажвиялар ёзишни давом эттиринг, кейинчалик жиддий ва катта асарлар ёзишга ҳаракат қилиб кўрасиз, яхши нарсалар яратсангиз бўлади, — дерди раҳматли.

    Лекин мен маълум ва номаълум сабаблар билан журналистика доирасидан чиқа олмадим.

    «Бегоналар юрмас бу ерда»

    Ўзбек адабиётида наср, хусусан, ҳикоянавислик жанрини юқори чўққиларга олиб чиққан адиблар жуда кўп. Абдулла Қодирийдан то Абдулла Қаҳҳоргача, Саид Аҳмаддан Ўткир Ҳошимовгача, Пиримқул Қодировдан Шукур Холмирзаеву Эркин ­Аъзамгача бўлган ёзувчилар яратган мактаб бу. Ёзувчи Луқмон Бўрихон ҳам нисбатан қисқа умр кўрса-да, ушбу мактабнинг муносиб давомчиси мартабасини сидқидилдан оқлаган адиб эди.

    Адиб 1987 йили ёзилган «Бегимқул катта» ҳикояси билан адабиёт эшигидан дадил кириб келди. Ҳикоя «Ёшлик» журналида эълон қилингач, устоз ёзувчилар бадиий бўстонда яна бир қалам соҳиби ўзгача нигоҳ, ўзгача нафас билан пайдо бўлганини эътироф этди. Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ», «Сирли муаллим» cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилди. «Жазирамадаги одамлар» романи эса унга янада катта шуҳрат олиб келди. 2006 йили адиб «Сирли муаллим» қиссасини ёзди. 2007 йили Луқмон Бўрихоннинг «Хизр кўрган йигит» қиссалар ва ҳикоялар тўплами чоп этилди.

    «Темир йўл» романи 2009 йили ўқувчилар қўлига бориб етди. Романда Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўлини барпо этган фидокор темирйўлчилар ҳаётидан ҳикоя қилинган бўлиб, замондошларимиз қиёфаси ёритилган энг яхши асарлардан бири сифатида баҳоланди. Шу йили муаллиф ­матбуотда эълон қилинган бадиий-публицистик мақолалари учун «Олтин қалам» халқаро танлови совриндори бўлди.

    2012 йилда Луқмон Бўрихон «Тун қаъридаги шуъла» қисса ва ҳикоялар тўпламини, «Буюк ўзбек йўли» бадиий публицистик мақолалар жамланмасини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Кейинчалик «Олов тутган одам», «Бегоналар юрмас бу ерда» каби романлари билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди.

    Адибнинг 2022 йилда чоп этилган «Сокин дарё» романи ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмади. Муаллиф ушбу асарида давримиз атоқли олимларидан бирининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Бугунги ёшларимизга ибрат бўладиган қаҳрамон сиймосини бадиий бўёқларда ёрқин тасвирлаб берди.

    Ёзувчининг, айниқса, буюк аллома Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Имом Мотуридий» романи адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Қатор таниқли ижодкорлар, мутахассислар, диний соҳа олимлари томонидан юксак эътироф этилди. Драматик воқеаларга, қизиқарли, сермазмун баҳс-мунозараларга бой ушбу асарда ёзувчи олис Х аср бошларидаги кўҳна Самарқанднинг сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаётидан айрим лавҳаларни қаламга олади. Улуғ аждодларимиздан бири, аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттиришга уринади.

    Роман «2022 йилнинг энг яхши асари» танловининг бош мукофотига лойиқ кўрилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган ғолибларни тақдирлаш маросимида асар муаллифи билан суҳбатлашиб, газетамиз учун мухтасаргина мақола ҳам тайёрлаган эдик.

    — Бугун улуғ аждодларимизни, дунёга машҳур алломаларимизни эъзозлаш, уларнинг илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш масалаларига давлатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деган эди Луқмон Бўрихон. — Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши фикримизнинг яққол далилидир. Мазкур марказ олдига қўйилган вазифалар, топшириқлар ғоят жиддий ва аҳамиятли. Айтиш мумкинки, ушбу вазифаларнинг аксарият қисми ёзувчиларимиз ва шоирларимизга ҳам тегишли. Мен ҳам бир қаламкаш сифатида буюк мутафаккир бобомизнинг сиймоси, ҳаёт йўли, ақида софлиги, мустаҳкамлиги учун қатъий кураши акс этган асар қоралашга уриниб кўрдим.

    Дарҳақиқат, асар ғоят халқчил, равон тилда ёзилгани билан аҳамиятли. Муаллиф воқеалар баёни ва такомилини ривожлантиришда, эпизодларнинг ўзаро уйғунлиги боғланишларида асосан «эслаш» усулидан фойдаланган. Китобхон ушбу асарни ўқиб, узоқ ўтмишимиз, буюк аждодларимиз ва уларнинг курашлари ҳақида қимматли маълумотга, жонли тасаввурга эга бўлади.

    — «Имом Мотуридий» тили Луқмоннинг кўпчилик асарлариники сингари халқона, мусиқий, жозибали ҳамда энг мураккаб фикру туйғулар ҳам кўпчиликка осон етиб борадиган йўсинда ифодаланган жуда таъсирли ва гўзал ўзбек тили экани билан одамни ўзига жалб қилади, — дейди педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош. — У тарихий романни тарихда ўтиб кетган одамлар учун эмас, балки бугунги чоғдош ўқирманлар учун ёзаётганини бир зум бўлсин унутмаган. Шунинг учун унинг битганлари қизиқиш билан енгил ўқилади, осон тушунилади. Чунки ёзувчининг фикрлаш йўсини аниқ, сўз қўллаш истеъдоди юксак.

    Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари 14 март куни «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унда буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадлари акс этган.

    Ҳужжатда кўплаб вазифалар қаторида Имом Мотуридийнинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш ҳам назарда тутилган. Назаримизда, Луқмон Бўрихоннинг «Имом Мотуридий» романида акс этган сюжет ушбу фильм асосини ташкил қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

    Халоскор омил

    Луқмон ака то вафотига қадар (2023 йил, июль), ўзининг таъбири билан айтганда, «Адабиёт тирикчилик эмас, тириклик манбаи» деган ақидага амал қилиб яшади. Ўзбек насрида ўзига хос услубга, ўз оҳангига эга бўлган ёзувчи «Бегимқул катта», «Ялангоёқ», «Донишманд», «Қайдасан, муҳаббат?», «Кечиккан кўз ёшлар», «Дард», «Ўғил», «Тумор», «Кутилмаган ташвиш», «Кутилган кун», «Мактуб», «Темир сандиқ», «Синов муддати», «Қўноқ», «Чўлдан келган ташвиш» каби қатор ҳикоялари орқали ўз сўзини айтишга ҳаракат қилди ва китобхонларнинг севимли ижодкорига айланди.

    Луқмон Бўрихон мавзу танлашда жамиятдаги, ижтимоий ҳаётдаги, инсонлар орасидаги энг долзарб муаммоларни қаламга олди. Ёзувчининг қатор ҳикояларида жамиятни орқага тортадиган энг ёмон иллатлардан бири — лоқайдлик, бепарволик қораланади. Луқмон Бўрихон услубидаги поэтик занжир — бадиий-мантиқий изчиллик омиллари унинг ҳикояларини бир-бирига боғлашга хизмат қилади. Адибнинг «Ўғил», «Синов муддати» ҳикояларида бир-бирига жуда яқин ҳолат тасвир этилса-да, инсон лоқайдлиги, бепарволиги қандай оқибатларга олиб келиши алоҳида образлар, характерлар орқали чуқур очиб берилади.

    2020 йилдаги суҳбатларининг бирида Луқмон ака адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини қандай тасаввур этиши ҳақида бундай деган экан: «Сувнинг, ҳавонинг инсон тириклигида нечоғлиқ зарурати бўлса, адабиётнинг ҳам жамият ҳаётида шунчалик аҳамияти бор. Шу кеча-кундуз қай бир давлатда қандайдир вирус пайдо бўлибди. Эшитганлар, ваҳимага тушганлар оғиз-бурнига бир парча ниқоб тақиб олди. Баданига қандайдир эм, дори-дармон юбораётганларнинг ҳам сони минг. Гўёки шу йўллар билан ўзларини ўша балодан ҳимоя қилмоқчи. Жон ширин-да: ҳамма билганича, ақли етганича қаттол касаллик олдини олиш илинжида чопади. Хўш, одамзоднинг маънавиятига, қалбига ўшандай офатлар хуруж қилса-чи?! Уни қандай ниқоб билан қўриқлай оламиз? Одамнинг онг-шуурига, тафаккурига дориган ўлатнинг бирор эми, муолажа усули борми?

    Ҳа, бор. Буни оқилу доноларимиз минг йиллардан бери такрорлаб келади. Илм, назм, фасоҳат, латофат дунёни, одамни қутқаради, дейишади. Бу халоскор омилларнинг барчаси бадиий адабиётда мужассам! Ҳа, адабиёт шундай буюк нажот, аммо кўп ҳолларда унинг ўзи ёрдамга, мададга, эъзоз-эҳтиромга муҳтож. Аввало, адабиётнинг ўзини қутқаришимиз зарур! Шовқин-сурондан, жоҳилликдан, ёлғондан, таъмадан, яланғочликдан асрашимиз лозим. Уни бозорга солмаслигимиз керак! Савдо-сотиқнинг дағал ва совуқ муомала-муносабатлари унга тўғри келмайди. Ахир адабиёт тирикчилик эмас, тириклик манбаи! У ҳаётнинг ҳам, жамиятнинг ҳам мавжудлигини таъминлайди. Шунинг учун бозор ҳам, гулзор ҳам адабиёт хизматида бўлиши мақсадга мувофиқдир».

    Сўз ва амал бирлиги

    Бугун адабиётга ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж катта. Бадиий сўзга — халоскор сўзга, юпатувчи, руҳлантирувчи сўзга ташналик, илҳақлик ҳар лаҳзада, ҳар қадамда сезилиб турибди. Худди шу чанқоқликни қондира оладиган, фикрга чорлаб, сурур бахш этадиган асарлар керак. Бу ўта долзарб, ўта масъулиятли зарурат. Заруратки, унинг залвори, энг аввало, наср жанрининг елкасига тушади. Чунки ҳар қандай миллат, ҳар қандай эл-элат адабиётининг кўламини, қиёфасини кўпинча насрий асарлар белгилайди.

    «Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ижодкорлар олдига замон қаҳрамонлари образини яратиш вазифаси қўйилган. Ўта долзарб, ўта ҳаққоний талаб! Чунки давр, ҳаёт ўзгармоқда. Сўнгги йиллар миллат турмуш тарзида, онгида ва қалбида эврилишлар юз берди. Худди шу эврилишлар марказидаги бугунги ўзбекнинг қувончу ташвишларини, ички оламини, руҳий тўлғоқларини бадиий асарларда акс эттириш зарурати пишиб етилди. Қолаверса, бугун дунё бўйлаб мафкуравий, ғоявий кураш қизғин паллага кирди. Шарқу Ғарб маданияти, ахлоқи, тафаккури башарият онгини, қалбини эгаллаш учун ўзаро талашиб-тортишмоқда. Унинг шарпалари юртимиз узра ҳам кезиб юрибди. Бу талатўплар силсиласида миллат тақдири қандай бўлади? Мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, юртбошимиз бошлаган шарафли йўлдан давом этадими? Миллий қадрият, миллий маданият омон сақлаб қолинадими? Келажак авлодлар олдида юзимиз ёруғ бўладими? Бу хил оғриқли саволларга ёзувчиларимиз замона қаҳрамонлари образинигина яратиб жавоб бериши мумкин. Бунинг учун бадиий баркамол, самимият ва холисликка йўғрилган асарлар ёзиш керак бўлади».

    Ёзувчи ўзининг фуқаролик позицияси акс этган юқоридаги фикрларини вафотидан 2-3 йил олдин ёзган мақолаларининг бирида ифода этган эди. Бу битиклар қуруқ гап эмаслигини у ўз ижоди мисолида аниқ-тиниқ кўрсатиб бера олди.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири



    Телеграм каналимиз
    Text to speech