Тадбир доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари томонидан «Конституция бурчаклари» ташкил этилди. Таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт, кўнгилочар маданий ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди. Совринли викториналар ўтказилди, сайёр қабуллар ташкил этилди.
Тадбир давомида болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган «Конституция тарихи» бурчаги ва фотокўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, талабаларнинг мусиқий чиқишлари, флешмоб, ҳарбийларнинг жанг санъатини акс эттирган чиқишлари ва аҳоли ўртасида ўтказилган ҳуқуқий викториналар, ҳуқуқий маърузалар, сўз ва кулгу усталарининг чиқишлари сабаб тадбирлар янада жонли ва мароқли ўтказилди.
Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейидан бошлаб «Конституция кўчаси»гача Адлия марши ҳам ташкил этилди.
«Конституция кўчаси»да адлия вазири тадбир иштирокчиларини Конституциямизнинг 32 йиллиги билан табриклади. Табрик давомида Умуммиллий Конституция имтиҳони танлови ғолиблари ҳамда Конституцияда белгиланган қоидаларни тушунтирадиган энг яхши пост ва мақола тайёрлаган ижодкорлар тақдирланди. Шу билан бирга, «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочилари» тақдирланди.
Конституция байрамига бағишлаб ўтказилган халқ сайлида фуқаролар учун сайёр қабуллар, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ҳуқуқий викториналар ўтказилди. Ҳуқуқий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати.