Агровольтаика — қишлоқ хўжалигида янги ва самарали усул

    Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 10 гигаваттли агровольтаика салоҳияти мавжуд.

    Ҳозир энг кўп истеъмол қилинаётган ва кун сайин талаб ортиб браётган ресурслардан бири электр энергияси ҳисобланади. Шу билан бирга, уни ишлаб чиқариш жараёнида ажраладиган чиқиндилар атмосферага энг катта зарар етказаётган омиллардан бири. Ҳайриятки, инсоният бу борада муҳим кашфиётлардан бирини қилишга эришган — қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш ва шамолдан электр токи олишни уддалаган одамзод, эндиликда, буни кенг оммалаштириш ҳаракатида. Ахир, улар табиий ва экологик тоза бўлиш билан бирга, беминнат неъматлар ҳамдир.

    Таҳлилларга кўра, юртимизда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етади. Фақат бунинг учун мавжуд имкониятни ишга солиш керак. Охирги йилларда нафақат саноат тармоқлари ва корхона-ташкилотлар, балки аҳоли хонадонларида ҳам қуёш панелларидан фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини соҳага жиддий эътибор қаратилаётгани билан изоҳлаш мумкин. Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этиляпти. “Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича катта дастурлар бошланган. Айниқса, бундан аҳолининг манфаатдорлигини ошириш мақсадида “Қуёшли хонадон” дастури жорий қилинди. Унга кўра, қуёш панели ўрнатган аҳолидан ҳар 1 киловатт электрни 1 минг сўмдан сотиб олиш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда 11 мингга яқин хонадон эгалари бу имкониятдан самарали фойдаланмоқда.

    Дунёнинг кўплаб давлатлари “яшил” иқтисодиётга ўтиш ҳаракатида. Бу ҳозиргача биз фойдаланаётган ва экология, атроф-муҳитга жиддий зарарли таъсир кўрсатаётган ёқилғи манбалари ўрнини табиий, экологик тоза, энг муҳими, қайта тикланадиган манбалар билан алмаштиришга қаратилган ҳаракатдир. “Яшил” энергия қувватларини кўпайтириш бунинг бир қисми. Шу боис, жорий йилнинг 28 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда мазкур йўналишда янги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик сув таъминоти каби энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш ишларини жадаллаштириш топширилди. Жорий йилда юртимизнинг 6 та туманида амалга оширилиши режалаштирилган “агровольтаика” усулидаги пилот лойиҳа шулар жумласидан. Бу қишлоқ хўжалиги ерларида қуёш панелларини ўрнатишга қаратилган лойиҳа бўлиб, айни пайтда бу бўйича хориж тажрибаси ўрганилмоқда.

    — “Aгровольтаика” ёки “қуёш фермалари” — бу қишлоқ хўжалиги ерлари ёки тўғридан тўғри экинлар, боғлар устида қуёш панелларини ўрнатиш орқали ҳам электр энергияси ишлаб чиқарадиган, ҳам экинларни ноқулай об-ҳаво, қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилиб, уларнинг соғлом ўсиши учун қулай шароит яратиб берадиган комбинацияланган тизимдир, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бош мутахассиси Баҳром Юсупов. — Бунда ўсимликлар ёруғлик энергиясининг атиги 10 фоизини талаб қилади, қуёш нурларининг қолган қисми эса электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади. Шу жиҳатдан, “агровольтаика” мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун янги усул бўлиб, уни ривожлантириш аграр тармоқ ва экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим истиқболли имкониятларидан бири ҳисобланади. “Агроволтаика” сўзинининг ўзига келсак, уни ўзбекчада “агроэлектрик қуёш парки” ёки “агроэлектрик майдон” дейиш ҳам мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 10 гигаваттли агровольтаика салоҳияти мавжуд. Бу диёримизда муқобил иқлим шароити ҳамда деярли йил бўйи беминнат нур сочиб турувчи қуёш энергияси мавжудлиги билан боғлиқ.

    Камхарж ва тежамкор

    Яқинда интернет тармоғида бир маълумотга кўзим тушди. Унда ёзилишича, 2023 йилда Европа Иттифоқи рекорд миқдордаги қуёш панеллари ва шамол турбиналарини ўрнатиб, тўғонлар ва атом электр станцияларидан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқаришга муваффақ бўлибди. Бунинг ҳисобига ёнилғининг ёқилишидан чиқадиган карбонат ангидрид чиқиндиларини аввалги йилга нисбатан 8 фоизга камайтирган. Қайд этилишича, бу сўнгги 60 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.

    Дунё мамлакатлари “яшил” иқтисодиёт томон дадил ҳаракатланмоқда. Чунки вазият ва ҳолат аллақачон шуни тақазо этяпти. Глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ бир неча ўн йиллик тахминлар бугун реалликка айланди ва одамзод уни бошдан кечирмоқда. Ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ кунлик статистик маълумотлардан тортиб, бунинг оқибатида юзага келаётган сув тақчиллиги, қурғоқчилик, озиқ-овқат етишмовчилиги бир эмас, ўнлаб мамлакатларга хавф солмоқда. БМТнинг ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб, жаҳон аҳолиси сони салкам 10 миллиардга етади. Демографик ўсиш, табиийки, инсониятга янгидан янги муаммоларни келтириб чиқаради. Уларнинг орасида энергия муаммоси ҳам бўлиши табиий. Қизиғи, ушбу муаммонинг муқобил ечимлари бошқа мушкулотларни-да бартараф этиши мумкин. Бу, албатта, қайта тикланадиган энергия манбалари кўламини ошириш билан боғлиқ. Бир тасаввур қилинг, шамол генератори, қуёш панеллари, электр токида ҳаракатланадиган транспорт воситалари экологик муҳитни асрашимизга қанчалик катта ҳисса қўшади.

    Бундай зарурат қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам мавжуд. Яъни, муқобил энергия манбалари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдаги қийинчиларни бартараф этишга кўмаклаша олади. Илм-фан ва инновацион технологиялар уйғунлиги бунга йўл очмоқда. Биз юқорида тилга олган “агровольтаика” усули шулардан бири. Технологиянинг ўзига хослиги шундаки, ер майдонига ўрнатиладиган қуёш панеллари нафақат электр энергия ишлаб чиқариш, балки унинг остидаги ҳудудлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

    — Гап шундаки, “агровольтаика” энергия ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришни битта ер участкасида бирлаштирувчи усул ҳисобланади, — дейди Баҳром Юсупов. — Содда қилиб айтганда, қуёш панеллари остидаги сояли жойларда экинларни ўстириш ёки чорва моллари учун майдон сифатида фойдаланиш мумкин. Шунинг учун панеллар орасидаги зичлик ўта юқори бўлмаслиги керак. Айниқса, экинлар етарли қуёш нурини олиш учун панеллар орасидаги бўшлиққа муҳтож. Панеллар шаффофлиги туфайли қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар, масалан, дала ва иссиқхоналарни бутунлай қоплаб олиши мумкин. Бунда у ўсимликларнинг пастки қисмини қоронғулик билан тўсиб қўймайди, табиий яшаш муҳитини бузмайди ёки атроф-муҳитга зарар етказмайди. Далаларга қуёш панелларини ўрнатиш ўсимликлар учун соя ва ҳимояни таъминлайди, бу, айниқса, юқори ҳарорат ва қуёш нурлари экинларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иссиқ ҳудудларда муҳим. Бундан ташқари, агровольтаикадан фойдаланиш қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириши мумкин, чунки буғланиш камаяди ва тупроқдаги намлик узоқ вақт сақлаб колинади. Асосийси, ушбу қурилма экологик тоза энергия манбаи бўлиб, ҳеч қандай иссиқхона газларини чиқармайди. Қолаверса, қуёш панеллари деҳқон ва фермерларнинг энергия харажалтларини сезиларли камайтиради. Улар фермер хўжаликларида қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясидан ёруғлик, совутиш ёки суғориш технологияларини қўллаш каби ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишлари мумкин.

    Агровольтаик панелларини ўрнатиш ҳеч қандай геотехник ишларни талаб қилмайди. Аксинча, қуёш панеллари деҳқон ва фермерлар учун қўшимча даромад манбаи бўлиб, электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини давлатга сотиш имкониятига эга. Муқобил энергия манбьаларини ҳосил қилувчи қурилмалардан фойдаланиш нафақат аҳоли, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам фойдали. Шу боис, Япония 2012 йилда агровольтаиклар учун махсус имтиёзларни жорий қилган биринчи давлат бўлди. Кейинчалик Франция, Хитой, АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда шунга ўхшаш тизимлар татбиқ этила бошлади. Юртимизда ҳам кейинги йилларда муқобил энергия ҳосил қилувчи қурилмаларни ўрнатадиган талабгорларга кўплаб имтиёзлар, субсидиялар ажратиляпти.

    Ҳар қандай ҳароратда ишончли ҳимоя

    Деҳқон ёки фермерлар билан суҳбатлашганда, уларнинг қуёш панелларини ўрнатишга қизиқиши ортиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Аксариятини, ушбу қурилмалар арзон ва экологик тоза энергия манбаи экани, умумий тармоққа боғлиқ бўлмаган ҳолда, мунтазам электр токи олиш имконияти мавжудлиги қизиқтиради. Ахир, дала майдонларида ҳам электр токига эҳтиёж катта — фойдаланиладиган қурилмаларнинг кўпи электрда ишлайди.

    Шу боис, юртимиздаги қишлоқ хўжалиги ерлари, фермер хўжаликларида ҳам қуёш панелларини ўрнатиш бошланган. 2022 йилда буни ўз фаолиятида биринчилардан бўлиб жорий қилган фермер хўжалиги ҳақида ёзган эдик. Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Bakhmal fruit growing” фермер хўжалиги ҳудуддаги кўп кузатиладиган шамол ва ёғингарчиликлар ортидан электр энергияси таъминотида юзага келадиган тез-тез узилишлар сабаб аввалига қуввати 3 киловаттлик шамол генератори, 2022 йил март ойида эса қуввати 5 киловатт бўлган кичик қуёш фотоэлектр станцияси қурилмасини ўрнатганди. Ўшанда қурилма хўжалик учун зарур электр токининг бир қисмини узлуксиз таъминлаш баробарида, истеъмол қилинган электр токи тўловларининг камайишига олиб келган. “Очиғи, бу қурилмаларни ўрнатиш ҳақида анча аввалдан ўйлаб юрардим. Технология юртимиз шароити учун янги бўлгани боис, самарадорлиги борасида ҳавотир ва иккиланишларим ҳам бўлган. Аммо шамол генератори ишлай бошлагач, барча шубҳаларим йўқолди. Қурилмалар нафақат хўжаликни узлуксиз электр энергия билан таъминлашда, балки моддий томондан ҳам фойда келтиряпти. Улар энергия харажатини 10—15 фоизга қисқартирди”, деганди “Bakhmal fruit growing” фермер хўжалиги раҳбари Олим Назаров.

    Одамлар қуёш панеллари ёрдамида электр токи олишга одатий ҳол сифатида қарай бошлади. Уларнинг кўп ўрнатилиши мамлакат иқтисодиётига ҳам фойда. Электр энергия муқобил энергия манбаларидан олингани сари, табиий манбалар тежалади. Энергетика тармоқларидаги юкламаларни енгиллаштириш, аварияларнинг олдини олиш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни пасайтириш имконияти ошади. Асосийси, экологик тоза, “яшил” энергияга ўтиш жараёни фаоллашади.

    Эндиликда, ана шундай қуёш панелларидан юртимизнинг барча ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги ерларида фойдаланишни жадаллаштириш кўзда тутилгани боиси ҳам шунда. “Агровольтаика” усули жорий этиладиган ҳудудларни танлаб олишда эса бир қанча омилларга эътибор қаратиляпти.

    — Аввало, “агроэлектрик майдон” қурғоқчиликдан зарар кўраётган ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга, — дейди Баҳром Юсупов. — Боиси, жазирама иссиқда ҳам қуёш батареялари остида қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш имконияти мавжуд ва панеллар экинларни қуёш ҳамда ультрабинафша нурларидан ҳимоялайди. Қолаверса, мазкур инновацион усулни эркин иқтисодий зоналардаги йирик майдонларда ташкил этилган иссиқхона комплекс хўжаликлари, аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган, электр ва сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда ташкил қилинган фермер ва деҳқон хўжаликлари, тоғ ён бағирлари ва адирлардаги катта майдонларда ташкил этилган узумзор ва мевазорлар, иссиқхона хўжаликларида ташкил этишга зарурат бор. Электр таъминотида тез-тез узулишлар бўладиган ёки электр таъминоти оғир бўлган, аҳоли зич жойлашган ва аҳолининг кўп қисми томорқасида қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш билан банд бўлган ҳудудлар ҳам шулар жумласидан. Яъни, биз дастлабки босқичда ана шундай ер майдонларини танлаб оламиз. Кейинчалик, юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу усулни жорий этиш режалаштирилган. Умуман, бу борада барча илмий ва ҳуқуқий асосларни яратиш мақсадида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва қуввати 1–20 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги электр станцияларидан фойдаланиш тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси ҳам тайёрланган.

    “Агровольтаика” чиндан янгича ва замонавий усуллардан бири. Аммо бу жуда мукаммал усул, барча камчилик ва муаммолардан ҳоли, дейиш фикридан йироқмиз. “Агровольтаика” ўрнатишда ҳам айрим муаммолар мавжуд ва шулардан энг асосийси — чанг миқдори. Мутахассиснинг тушунтиришича, панеллар юзасига чанг зарралари қўниши натижасида юз берадиган чангланиш самарадорликка салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири. Афсуски, географик жойлашувимиз асосан текисликлардан иборат рельеф бўлгани боис, юртимиз иқлимида чанг зарралари кўп. Панеллар ўрнатилган локация атрофида қишлоқ хўжалигига доир ишлар ёки автомобиль трассаларининг жойлашуви чангланиш даражасини белгилайди. Агар ушбу локацияда енгил шамол бўлса, чангланиш даражаси ҳам юқори бўлади. Кучли шамол юзаларни чангдан тозалаши эвазига чангланиш миқдорини камайтиради. Шу сабабли фотоэлектрик қуёш панелларини ўрнатишда атроф-муҳит ва ўша муҳитдаги чангнинг хусусиятлари инобатга олинади.

    Бундан ташқари, панеллар юзасида профилактик тозалов ишларини амалга ошириш лозим. Яна бир ечим сифатида панеллар юзасини гидрофоб ва чангдан ҳимояловчи шаффоф қатламлар билан ҳимоялаш тавсия этилади. Чангли об-ҳаво шароити, хусусан, ёз ойларида бир ойда 1-2 марта юзасини артиб туриш лозим.

    Қиш ойлари эса қуёш панелларига у қадар зарар етказа олмас экан. Гап шундаки, қор панел юзасига ўрнашиб қолиши ҳоллари Ўзбекистон шароитида кам кузатилади. Бунда оддий усуллар билан тозалаш мумкин. Қор эримайдиган ҳолларда ҳам қуёш батареясига сезиларли зарари бўлмайди. Фақат, қорнинг ёруғлик ўтказувчанлиги юқори бўлгани учун станциянинг кўпи билан 15—20 фоиз қувватини камайтириши мумкин. Ёғингарчилик бўлган фаслларда панеллар юзаси чанглардан табиий равишда тозаланиб, ювилиб туради. Чунки панеллар ёғингарчиликлардан ҳимояловчи махсус қопламалар ҳамда мустаҳкам сув ўтказувчанликка эга.

    Умуман, ҳозирги кунда қуёш энергетикаси қайта тикланадиган энергиянинг энг истиқболли манбаларидан бирига айланган. Халқаро энергетика агентлиги экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжининг 45—50 фоизи қуёш энергияси ёрдамида таъминланиши кутилмоқда. Демак, яқин йилларда барча соҳаларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг фойдаланилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 06.03.24 йил, 47-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates