Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Мавлуда Низомова АОКАда ўтказилган брифингда маълумот берди.
Қайд этилишича, Мамлакатимизда 10 майдан 10 июнга қадар “Фаровон оила сари” ойлиги эълон қилинди. Ойлик доирасида Халқаро оила куни (15 май) муносабати билан қатор тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан, “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш бўйича 40 нафар вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат комиссия тузилган.
Ҳудудий комиссиялар, вазирлик ва идоралар томонидан мазкур кўкрак нишонига қарийб 5 минг 500 та оилаларнинг ҳужжатлари тавсия этилди.
Талабгор оилалар сони ўтган йилга нисбатан 8,8 бараварга ортди. Ушбу номзод оилалар 40 нафардан ортиқ фаоллар, нуфузли экспертлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб 2000 мингта оила кўкрак нишонига муносиб оила сифатида саралаб олинди.
Бу йил янги ёндашувлар асосида вазирлик ва идоралардан ҳам номзодлар тавсия этиш сўралиб, улар томонидан тавсия этилган 77 та оила ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши белгиланди.
15 май – Халқаро оила куни арафасидаги тантаналарда ушбу оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони ва пул мукофотлари топширилади, улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига фахрли белги ўрнатилади.
Шу билан бирга, маҳаллаларда 4 миллиондан ортиқ хотин-қизларни оммавий спорт тадбирларига жалб қилиш ишлари давом эттирилади. “Соғлом оила учун бирлашайлик!” спорт марафони, “Спорт сайли” каби оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур ойлик доирасида энг муҳим тадбирлардан бири сифатида 15 май куни республиканинг барча туман ва шаҳар марказларидаги истироҳат боғларида “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибалари, аҳил оилалар ҳамда ёш келин-куёвлар иштирокида “Оилалар сайли” — Оилафест ташкил этилади.
Қайд этилишича, тадбирлар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва жамиятда оила институтининг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.








