АИ-80 бензинидан нима учун воз кечишимиз керак?

    Бугунги кунда АИ-80 бензини кўп мамлакатларда тақиқланган, ҳатто нефт маҳсулотларини тўлиқ импорт қиладиган Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам аллақачон истеъмолдан олинган. Ҳозирча минтақада фақат Ўзбекистон ва Афғонистонда ушбу маркали бензиндан фойдаланиш давом этяпти.

    Мамлакатимизда экологик муаммолар жиддий хавфга айланган. Одамлар ҳавонинг кучли ифлосланиши саломатликка ёмон таъсир кўрсатишидан ҳавотирда. Мутасаддилар эса ниҳоят масалага ўз муносабатини билдириб, аниқ чоралар режалаштирилаётганини маълум қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ўзбекистонда 2026 йилгача АИ-80 бензинидан воз кечилиши айтилди. Аввалроқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллардан бири қаторида сифатсиз ёнилғида ишлайдиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган чиқиндиларни келтирган эди. Шундай бўлса, нега айнан аҳоли учун ҳамёнбоп бўлган АИ-80 бензинидан воз кечилиши керак? Yuz.uz мавзуни таҳлил қилар экан, фактлар ва асосларга эътибор қаратди.

    Ўтган йилнинг 29 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст бўлган ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилиши айтилган.

    Ундан олдинроқ Энергетика вазирлиги ҳам Ўзбекистонда АИ-80 бензинидан босқичма-босқич воз кечиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди. Вазирлик маълумотига кўра, бугунги кунда АИ-80 бензини кўп мамлакатларда тақиқланган, ҳатто нефт маҳсулотларини тўлиқ импорт қиладиган Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам аллақачон истеъмолдан олинган. Ҳозирча минтақада фақат Ўзбекистон ва Афғонистонда ушбу маркали бензиндан фойдаланиш давом этяпти.

    Мутахассислар АИ-80 маркали бензиндан воз кечишимиз кераклигининг асосий сабаби сифатида унинг сифати халқаро стандартларга жавоб бермаслиги ҳамда ундан фойдаланаётган техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётгани билан изоҳламоқда. Жорий йилнинг 7 февраль куни “Янги Ўзбекистон” газетасида иқтисодий шарҳловчи Абдурауф Қоржововнинг айни мавзудаги таҳлилий мақоласи эълон қилинди. Унда журналист АИ-80 бензинидан воз кечиш омилларини изоҳлар экан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг шу масалага доир интервьюларидан бирини келтиради. “АИ-80 бензини тақиқланадиган, АИ-90, АИ-92 бензинига ўтиладиган бўлса, олимларимизнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳаво сифати 40 фоизга яхшиланади. Бу — факт. АИ-80 бензинини тақиқлагандан кейин бу ҳам ўзига яраша кимгадир қўшимча иқтисодий юк бўлади, деб айтиш мумкин, буни ҳам олдиндан билиш керак. Экология масалаларининг ечими эртага қўшимча иқтисодий харажатлар келтириб чиқаришини яхши тушуниш лозим. Лекин бир нарсани айтиш мумкинки, биринчидан, АИ-80 бензини, ҳақиқатан, жуда токсик, соғлиққа зарар, заҳарли. Иккинчидан, АИ-80 бензини АИ-90, АИ-92 бензинидан кўра камроқ масофага етади, мой кўпроқ ейди, харажати ҳам 100 километр масофага ҳисоблаб чиқсангиз, АИ-92 билан деярли бир хил, мотор тезроқ ишдан чиқади”, дейди Азиз Абдуҳакимов.

    Агар АИ-80 бензини ҳақиқатан сифат стандартларига жавоб бермаса, экология учун шунчалик зарарли бўлса, нега шунча йиллар давомида ундан воз кечиш ҳақида гапирилмаган? Балки бу шу вақтга қадар АИ-80 бензини ўрнини босадиган муқобил вариантлар таклиф этилмагани билан боғлиқдир. Хўш, ҳозирчи, ҳозир бундай вариантлар борми?

    Маълумотларга кўра, 2021 йили Ўзбекистонда 3 миллион 200 мингга яқин машина бўлган, ҳозирги кунга келиб, бу рақам деярли 5 миллионга етди. Тошкентда ҳар куни 1 миллионга яқин автомобиль ҳаракатланади. Уларнинг асосий қисми АИ-80 бензинида юради. Энергетика вазирлиги маълумотларида келтирилишича, Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг бензинга бўлган кунлик талаби ўртача 5 минг тоннани ташкил этиб, шундан 3650 тоннаси АИ-80 бензини ҳиссасига тўғри келади. Бу 60-70 фоиздан кўп дегани. Ҳаво ҳарорати пасайганда эса, газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилиши ортидан бензинга бўлган кунлик талаб 8 минг тоннага ошиб, шундан 7,5 минг тоннаси Аи-80 бензинини ташкил этади.

    Давлат органининг таъкидлашича, 2022 йилда мамлакатимизда 1,255 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда бу ҳажм 1,334 миллион тоннани ташкил этди. Истеъмолчиларга 1,46 миллион тонна ёнилғи етказиб берилиб, ушбу ҳажмнинг асосий қисми АИ-80 бензинига тўғри келган.

    Ушбу талаб ортидан юзага келаётган тебраниб турувчи нархлар ҳам аҳолининг кўплаб муҳокама ва эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мутасаддиларга ўтган йил бошида бензин бўйича етарли захира яратишш топшириғи берилган. Нарх ошмаслиги учун бензин бир йил давомида акциз солиғидан ҳам озод қилинган эди. Шунга қарамай, бензин ўтган йил давомида ўртача 19 фоизга қимматлади.

    Аввалига, 2022 йилнинг декабр ойидаги аномал совуқ туфайли газ қуйиш шохобчалариларининг фаолиятига чекловлар ўрнатилгач, Ҳукумат томонидан АИ-80 бензинига имтиёз сифатида акциз солиғига “нол” қиймат жорий этилди. Натижада бензин нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга қадар туширилди, кейинчалик эса 6050 сўм этиб белгиланганди. Ушбу имтиёз 2023 йилнинг март ойига қадар жорий этилганди, аммо кейинчалик 2023 йилнинг якунига қадар давом қилиши хабар қилинди. 2024 йилнинг январь ойидан эътиборан эса, АИ-80 бензинига қўлланилган имтиёз якунига етиши муносабати билан нарх яна 6800 сўм этиб белгиланди.

    Энергетика вазирлиги ҳолатга муносабат билдирар экан, ўз вақтида бу имтиёз метан гази билан боғлиқ муаммони қисман ёпган бўлса-да, кейинчалик ундан кўпроқ хусусий автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари фойда кўрганини таъкидлади. Масалан, автобензиннинг бозор тамойиллари асосида биржа савдолари орқали сотилиши ва унинг нархи эркин шаклланиши туфайли уларда АИ-80 нархи 8400, баъзи ҳолатларда эса 8800 сўмга қадар етган. Бундан акциз солиғи ноллаштирилганидан истеъмолчилардан кўра, хусусий АЁҚШлар кўпроқ манфаатдор бўлиб келган. Акциз солиғи имтиёзлари сабабли Давлат бюджетига 1 триллион 228,8 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари тушмай қолган.

    Буни албатта, иқтисодчилар яхши ҳисоб-китоб қила олади. Бизга маълуми эса, халқ АИ-80 бензинини оширилган нархда харид қила бошлади. 2024 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда АИ-80 бензинига акциз солиғи ставкаси яна оширилади. Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларда таркибида зарарли газлар кўп бўлган АИ-80 русумли бензинга акциз солиғи 12,2 фоизга — бир тоннаси учун 303 минг сўмдан 340 минг сўмгача кўтарилади. Бундай чоралар аҳоли саломатлигига салбий таъсир ва табиатга етказилаётган зарарни камайтириш зарурати билан изоҳланяпти. Худди шу жииҳат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Чунки, нега унда экологик тозароқ бўлган ёнилғи — суюлтирилган газга нисбатан акциз солиғи ҳам оширилмоқда, деган саволлар келиб чиқяпти.

    Энергетика вазирлиги АИ-80 бензини экологик жиҳатдан зарарли экани, барча ривожланган давлатлар ушбу бензин маркасидан аллақачон воз кечгани, унинг автомобилларнинг техник ҳолатига етказаётган зарари ҳам катта эканини таъкидламоқда. Паст октанли бензин, жумладан, АИ-80 бензинидан фойдаланиш ички ёнув двигателининг анормал ишлашига ва муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келиши мумкин экан.

    Ўтган йили август ойида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов бензиннинг сифати билан боғлиқ масалада ўз муносабатини билдирди. “Аҳолимиз фақат АИ 80 бензинга ўрганиб қолган. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 80–90 фоизини АИ 80 бензини ташкил қилади. Чунки истеъмолчилар арзон бензин сўрайди. Ҳозир бензинни Ўзбекистонда фақат “Ўзбекнефтгаз” ишлаб чиқармайди. Жуда кўп хусусий корхоналар очилган. Улар хомашёни импорт қилиб, ўзларининг ускуналарида маҳсулот чиқаряпти. Масъулиятни ҳаммамиз бирга бўйнимизга олишимиз керак. Сифатсиз бензин муаммосига қарши курашишимиз керак. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати бўйича талабни ҳаммага бир хил қўйиш керак. Шунда жавобгарлик ошади”, деган Баҳодир Сиддиқов.

    Энергетика вазирлиги 2024 йилда истеъмолчиларга барча маркалар бўйича жами 2,28 миллион тонна бензин етказиб бериш режалаштирилгани, АИ-80 ишлаб чиқариш эса 1,094 миллион тоннагача камайишини билдирди. 2026 йилгача эса АИ 80 бензинини ишлаб чиқаришдан воз кечилади. Буни электромобилларни оммалаштириш ва улар учун инфратузилмани яратиш, АИ 92 бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш, газ қуйиш шаҳобчалари учун газ етказиб бериш ва бошқа чора-тадбирлар ҳисобига амалга ошириш режалаштирилган. Вазирликнинг билдиришича, 2025 йилга бориб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 ишлаб чиқарилиши тўхтатилади, 2026 йилга бориб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тўлиғича сифатлироқ ёқилғи ишлаб чиқаришга ўтказилади.

    Жараёнда, айниқса, юртимизда электр токида ҳаракатланадиган транспорт воситаларига ўтиш жадаллашади. Бу борада қўшимча имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш кабилар таклиф қилинган. Мақсад экология ва аҳоли саломатлигини асрашдан иборат экан, таклифларда одамларнинг арзон ва сифатли маҳсулотга бўлган талаби ҳақида ҳам унутмаслик кераклигини эслатиб ўтмоқчимиз.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates