Миллий тикланишга юз тутган ўзбек илм-фани, хусусан, академик фан кейинги уч-тўрт йилда миллий манфаатларимизга мос тарзда жадал юксала бошлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ илм-фан вакиллари билан фикр алмашиш, академик фан тараққиётига алоҳида эътибор қаратиш ва фан ривожи йўлидаги мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш кун тартибига чиқди. Бу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятига жорий йилда Ўқитувчилар ва мураббийлар кунидаги тарихий нутқида қуйидаги сўзлар билан яна бир карра барчанинг эътиборини қаратди: “Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?”
Дарҳақиқат, ватанимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси маҳсули — қадимий ёзма манбалар халқимизнинг буюк маънавий бойлигидир. Уларни асраб-авайлаш, келажак авлодга бешикаст етказиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром АБДУҲАЛИМОВ билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда юз мингдан зиёд қадимий қўлёзма асар мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Олим ва мутафаккирларимизнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Дарҳақиқат, юртимиз қадимдан дунё илм-фани ривожланган минтақалардан бири сифатида маълум ва машҳур бўлган. Барча даврларда боболаримиз илмнинг миллат ва давлат келажагидаги ўрнини жуда яхши англаган. Бунинг ёрқин далили сифатида муҳаддислар султони — Имом Бухорий бобомизнинг ўн икки аср олдин “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган фикрларини келтириш мумкин. Қадимдан қайсики давлатда ҳукмдор олиму уламоларни қўллаб-қувватлаган бўлса, ўша юрт, албатта, равнақ топган. Хоразмдаги Маъмун академияси, Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” ёки темурийлар даври илм-фани ўз даврида ривожланишнинг юксак чўққисига эришган ва ҳали-ҳануз жаҳон илм-фани ривожида асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Маънавий илдизимиз бўлмиш ёзма мероснинг тадқиқи ва талқинига холисона ёндашув, бой тарихимизнинг бизга маълум ва номаълум саҳифаларини ёритишга, табиийки, мустақиллик йилларида имкон яратилди. Кейинги йилларда манбалар тадқиқи ва уларни сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ЎзФА Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмаларни ўрганиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий муассаса этиб белгиланди.
Мамлакатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган юз мингдан ортиқ нодир қўлёзмага дунё аҳли ҳавас қилишини айтди. Бу, албатта, бизга чексиз ғурур бағишлайди. Шунинг билан бирга, зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, ўтмишда яратилган бу нодир қўлёзма китобларни ўзбек ва хорижий тилларда бугунги ўқувчининг талабига мос равишда нашрга тайёрлаш ишларини жадаллаштиришимиз даркор. Уларнинг чоп этилиши халқимизга ўтмишнинг бебаҳо мероси ва маданияти дурдоналари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Институт фондидаги қўлёзмаларни мавзу бўйича каталоглаштириш ишларининг давоми сифатида фалсафа ҳамда филологияга оид асарлар қўлёзмалари каталогларининг дастлабки жилдлари тайёрланди. Ўрта асрларда яшаган термизлик олимлар томонидан ислом илмлари, тасаввуф, адабиёт ва тиббиёт соҳалари бўйича таълиф этилган 300 та асарнинг 1419 та илмий тавсифидан иборат “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари” каталоги чоп этилди.
Имом Термизий марказининг ташкил этилиши ва республикада термизлик олимларнинг илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган изланишларнинг фаоллашгани муносабати билан Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Хожа Самандар Термизий, Адиб Собир Термизий каби олимларнинг диний, дидактик ва адабий мазмундаги асарлари илк бор ўзбек тилига илмий изоҳли таржима қилиниб, то шу кунгача 15 та китоб шаклида эълон қилинди.
Ёзма мерос ёдгорликларини тарғиб қилиш мақсадида институт фондидаги Алишер Навоий асарларининг XIV–XVI асрлардаги миниатюралари ва бошқа қўлёзма китоб безакларини ўз ичига олган “Китобат санъати дурдоналари” номли китоб-альбом нашр этилди. Нашр тадқиқот, миниатюраларнинг ўзбек, инглиз, рус тилларидаги тавсифлари билан таъминланган.
Институт фондида сақланаётган қўлёзма меросни дунё бўйлаб тарғиб қилиш мақсадида “Ўзбекистон маданий мероси” рукнида “Аниқ ва табиий фанлар”, “Ислом, фалсафа ва тасаввуф” ҳамда “Тарихий асарлар ва ҳужжатлар” номли каталог-альбомлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп қилинди.
Институт ходимларининг мустақиллик йилларида олиб борган тадқиқотлари натижалари асосида “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти нашрлари (1991–2018 йиллар)” библиографияси эълон қилинди. Унга 513 та китоб ва чет элда нашр этилган 355 та илмий мақола киритилган.
Бугунги кунда олим ва мутафаккирларимизнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш борасида Хоразм Маъмун академияси, Мирзо Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг илмий асарларини нашр қилиш ишлари устида ҳам қизғин тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг кўп жилдлик “Танланган асарлар” силсиласини тўлдириш ишларининг давоми сифатида мазкур силсиланинг 4-жилдини ташкил қилувчи, алломанинг доришуносликка оид “Китоб ус-сайдана фит тиб” (Табобатда доришунослик) китобининг ўзбек тилига илмий изоҳли таржимаси ҳамда шу силсиланинг учта астрономик рисола ўрин олган янги — 8-жилди нашр этилиши кўзда тутилган. Абу Али ибн Синога нисбат берилган араб тилидаги “Қонунча” асарининг ўзбек тилига илмий изоҳли таржимаси, Жамшид Кошийнинг астрономияга оид “Зижи хоқоний” асарининг танқидий матни ва тадқиқи тайёрланади.
Исломшунослик йўналишидаги тадқиқотлар ислом илмлари бўйича Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳанафий фиқҳига оид араб тилидаги “Ат-тажнис вал мазид” (“Янги қўшилган масалалар”) асарининг ўзбек тилига илмий изоҳли таржимаси, Абу Ҳафс Насафийнинг араб тилидаги “Машориъ аш-шароиъ” (Фиқҳий масалалар) асарининг асл матни нашр қилинади. Институт фондидаги ноёб нусхаларнинг нашри борасида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг Алишер Навоий учун аталган “Мавоҳиби Алиййа” номли асари автографи факсимиле шаклида чоп этилиши режалаштирилган.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Ўмон султонлиги ўртасидаги дўстона муносабатлар натижасида Шарқшунослик институти учун қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этишга мўлжалланган, жаҳон талабларига жавоб берадиган махсус бино қуриб берилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Бино қўлёзмаларни сақлаш, таъмирлаш, рақамлаштириш учун дунё стандартларидаги жиҳозлар ва бошқа моддий-техник база билан таъминланган. Албатта, бу институт фаолиятини такомиллаштириш ва у ердаги ноёб хазинани замон талаблари асосида рақамлаштиришга хизмат қилмоқда.
— Халқаро жамоатчиликни алломаларимизнинг дунё илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси билан таништириш, илмий марказлар ҳамда дунёнинг етакчи олимларини мазкур йўналишдаги тадқиқот ишларига жалб этиш, беқиёс маънавий меросимизни кўз қорачиғидек асраш ҳамда халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Буюк аллома ва шоирларимиз яратган асарлар нафақат Ўзбекистон, балки дунё ҳамжамияти маданий мероси хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган. Манбаларнинг асосий қисми ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланади ҳамда у ҳақли равишда ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатига киритилган. Фондда IХ‒ХХ асрнинг биринчи ярмида яратилган турли соҳа ва мазмундаги асарлар, ҳужжатлар жамланган.
Шу сабабли Шарқшунослик институти Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихи, фани ва ўтмиш маданияти билан шуғулланувчи барча хорижлик олимларнинг энг муҳим илмий даргоҳларидан бирига айланган. Институт қўлёзмалари чет эллик олимлар олиб бораётган илмий изланишлар учун асосий тарихий манба вазифасини ўтайди. Уларнинг якдил фикрига кўра, Марказий Осиёнинг ҳаққоний тарихини институт жамғармасидаги бирламчи асарларсиз тасаввур этиш мумкин эмас.
“Uzbekistan Today” ташкилоти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомининг 13-жилди яратилди. Унда ватанимиздаги меъморий ёдгорликлар тарихи ҳамда ундаги турли мазмун ва хат услубида битилган матнлар талқини ўзбек, рус, инглиз тилларида тақдим этилди. Бу туркумдаги нашрлар нафақат илмий-оммабоп мақсадда фойдаланиш, балки туризмни ривожлантиришда ҳам қўл келмоқда.
Шарқшунослик институти тегишли ташкилот билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тўплами” туркумида “Тарихий асарлар ва ҳужжатлар”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Бадиий адабиёт”, “Ислом, фалсафа ва тасаввуф” ва “Миниатюра ва хаттотлик намуналари” номли китоб-альбомларни нашрга топширди. 2019 йили август ойида “Ўзбекистон — буюк йўллар ва тамаддунлар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги доирасида мазкур беш жилдлик китоб-альбомларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида институт 2017 йили декабрь ойида К.Кекелидзе номидаги Грузия қўлёзмалар миллий маркази, 2019 йили июнь ойида Япониянинг Аичи санъат университети, июлида Ўмон Султонлигининг Архивлар бошқармаси, сентябрь ойида Қозоғистон Республикаси Нодир қўлёзмалар ва китоблар миллий маркази билан ўзаро илмий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
— Қўлёзмалар вақт ўтгани сари ўз хусусиятини йўқотиб бораверади. Шу сабабли уларни сақлаш чораларини кўриш, факсимиле нашрларини тайёрлаш, махсус техник жиҳозлар орқали қадимги китобларнинг электрон шаклларини яратиш, рақамлаштириш зарур. Бунинг учун эса фондида қўлёзма асарлар мавжуд муассасалар моддий-техник базасини бойитиш керак. Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.
— Аждодлар қолдирган бебаҳо қўлёзмаларни таъмирлаш соҳасида етарлича малака, тажриба ва кўникмага эга реставраторлар тарафидан зарарланган қўлёзмалар, ҳужжатлар таъмирланиб, уларга иккинчи ҳаёт бахш этилмоқда.
Республикамиздаги ўрта аср манбаларини таъмирлаш жараёнини фаоллаштириш ва сифатини ошириш мақсадида институт базасида қўлёзмаларни сақлаш ва реставрацияси бўйича хорижий мутахассисларнинг тренинг курслари ташкил этилмоқда. Манбалар реставрацияси соҳасида илмий тадқиқотлар ҳам ўтказилиб, малакали мутахассисларнинг кўп йиллик тажрибалари асосида Ўзбекистонда биринчи марта “Тарихий ҳужжатларнинг консервацияси ва реставрацияси” номли ўқув қўлланма нашр этилди.
Чет эллик тадқиқотчиларга қулайликлар яратиш ҳамда хорижий ташкилотлардаги биз учун аҳамиятли қўлёзмалар бўйича ўзаро алмашинувни йўлга қўйиш, қўлёзма ва нодир манбаларни рақамлаштириш мақсадида энг нодир манбаларнинг рақамли нусхалари яратилмоқда. Келгусида босқичма-босқич барча манбаларнинг электрон нусхалари яратилади. Бу эса нодир манбаларнинг умрини узайтиришга хизмат қилиш билан бирга, асарларни бошқа хорижий марказларга таништириш ва улар билан ўзаро алмашувини йўлга қўйиш имкониятини яратади.
Германиянинг Герде Хенкел фонди билан ҳамкорликда Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзмаларнинг инглиз тилидаги электрон каталоги яратилди. Бу каталогдан бугунги кунда дунёнинг хоҳлаган жойидан туриб фойдаланиш мумкин.
— Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида юртимиз ҳудудидан етишиб чиққан етук даҳоларнинг бетакрор меросини чуқур ўрганиш, уларни доимий ҳаракатдаги қўлланмага айлантириш борасида қандай ишларни амалга ошириш зарур? Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистонда янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун қандай имкониятлар мавжуд, деб ўйлайсиз?
— Мамлакатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”, деб айтди.
Шубҳасиз, бу Уйғониш — Учинчи Ренессансда юртимиз ҳудудидан етишиб чиққан мутафаккирларнинг бетакрор меросини чуқур ўрганиш, уни доимий ҳаракатдаги қўлланмага айлантиришнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Дарҳақиқат, IX–XI асрларда Мовароуннаҳрда нафақат мусулмон маънавий маданияти ривожланди, балки аниқ ва табиий фанлар, айниқса, математика, астрономия, тиббиёт, география, тилшунослик, мумтоз мусиқа, тасвирий санъат, туркий адабиётнинг асослари яратилди. Шунинг учун бу давр ҳақли равишда Биринчи Уйғониш даври деб эътироф этилади.
Ана шу даврнинг маҳсули сифатида X асрнинг охири — XI асрнинг бошларида Хоразм Маъмун академияси пайдо бўлди.
Амир Темур давлатининг юзага чиқиши нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Марказий Осиё халқлари маданияти ва адабиёти, илму фанининг юксалиши учун қулай шароит яратди. Бу давлатнинг равнақи туфайли она юртимизда иккинчи маданий юксалиш содир бўлди.
Ўлкамиздаги “Олтин давр” деб юритиладиган иккинчи маданий юксалиш ҳақида гапирганда, кўз олдимизда номи илму маърифат осмонида ёрқин юлдуз каби порлаган Мирзо Улуғбек сиймоси ҳамда у бунёд этган Самарқанд расадхонаси ва академияси, уларда фаолият юритган беназир олимлар гавдаланади.
Амир Темур ва темурийлар даври меъморчилиги намуналари, хусусан, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Гўри Амир ва Регистон мажмуалари жаҳон меъморчилиги дурдоналари қаторида эътироф этилган.
Улуғ аждодларимиз томонидан яратилган улкан илмий-маънавий мерос кейинчалик жадидлар деб аталиб, номлари дунёга танилган кўплаб илм-фан, адабиёт ва маданият арбобларининг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилди.
Бунинг маъноси шуки, тарихий шароитлар қандай бўлганидан қатъи назар, халқимизга хос улуғ қадриятлардан бири — маънавий ворисийлик анъанаси ҳеч қачон узилиб қолмаган. Президентимизнинг тантанали маросимда сўзлаган нутқи маънавий-маданий ҳаётимиздаги ана шундай бурилиш нуқталаридан бири сифатида қаралиши ва мамлакатимиз маданий-маънавий ҳамда илмий-техник тараққиётининг навбатдаги босқичи дастури сифатида қабул қилиниши лозим.
Бугун халқимизнинг кенг муҳокамасига тақдим этилган Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасида буюк мутафаккирларимизнинг илмий ва маданий меросини нашр этиш, кенг омма ва ёш авлодга содда, тушунарли шаклларда етказиш бўйича махсус чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг амалиётга татбиқ этилиши халқимизни ўтмишнинг бебаҳо мероси ва маданияти дурдоналари билан яқиндан танишиш имконини беради.








