100 та лойиҳа, 100 минг мутахассис: соҳада рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар янада кўпаяди

    Кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бораётган сунъий интеллектга бугун кўпчилик келажак технологияси сифатида қараётгани бежиз эмас. У иқтисод, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, умуман, барча соҳада самарадорликни оширади, ривожланишга ижобий таъсир кўрсатади.

    Бугун кундалик ҳаётимизда, масалан, бизнес, саёҳат, соғлиқни сақлаш, банк, алоқа ёки таълимда сунъий интеллект ечимлари яққол кўзга ташланяпти. Смартфонлардаги FaceID, бармоқ изи орқали биометрик идентификация тизими, овозли ёрдамчилар, онлайн маркетплейс ва ижтимоий тармоқлардаги тавсия этувчи тизимлар сунъий интеллектнинг биз энг кўп учратадиган технологияларига асосланган ечимларни ўз ичига олади. Улар қаторида сўнгги йилларда ҳаётимизга ChatGPT кириб келди. Бу одамларнинг сунъий интеллектга қизиқишини кескин оширди.

    Аслида, у бугун пайдо бўлган технология эмас

    Сунъий интеллект бир неча йиллардан буён ривожланиб келаётган йўналиш. Илк бор 1956 йилда Германиянинг Дортмунд шаҳрида ташкил этилган конференцияда олимлар томонидан сунъий интеллект атамаси илгари сурилган. 1997 йилда шахмат бўйича жаҳон чемпиони Каспаров биринчи марта сунъий интеллект билан шахмат ўйнаган. Сўнгги йилларда у жадал тараққий этди. Чунки унинг ривожланиши учун зарур бўладиган катта ҳажмдаги маълумотлар тўплами, инфратузилма, яъни сервер қурилмалари юзага келди. Катта ҳажмли ва сифатли маълумотлар сунъий интеллект технологияларига асосланган ечимларни ишлаб чиқишда муҳим омил бўлди. Имконият кенгайгани сари сунъий интеллект бўйича дастурий маҳсулотлар ҳам кўпаймоқда. Одамлар замонавий технологиялардан фойдаланишни бошлади. Шу тариқа у технология ва жамият ривожида глобал тенденцияга айланиб кетди. Яқинда АҚШ ҳукумати “Open AI” компаниясига сунъий интеллектни ривожлантириш учун 500 миллиард доллар ажратгани, Хитой ҳукумати 140 миллиард долларга яқин миқдорда сармоя киритаётгани унга эътибор тобора кучайиб бораётганини англатади.

    — Таҳлилларга кўра, сунъий интеллект яқин келажакда дунёдаги ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизини беради, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ходими Фазлиддин Анваров. — Бу жуда катта рақам. Табиийки, қайси давлат яқин келажакда сунъий интеллектни ривожлантира олса, етакчилик мақомини сақлаб қолади. Шу боис, бугун давлатлар бу йўналишга катта сармоя йўналтиряпти.

    Сунъий интеллект технологиялари одамларга хизмат кўрсатмоқда ва бу тобора ­оммалашиб боряпти. У инсон иштирокисиз мураккаб вазифаларни мустақил бажаради. Айниқса, матн, тасвир, композиция, видео ва архитектура дизайнида унинг алоҳида ўрни бор. Бу соҳадаги воситалар ижодкор ҳамда ишлаб чиқарувчилар учун муҳим ресурсга айланмоқда.

    Кибертаҳдидларга қарши ёрдам бера оладими?

    Ахборот хавфсизлиги келажагида сунъий интеллект роли қанчалик муҳим?

    — Ҳар қандай янги технология каби сунъий интеллектнинг ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари бор, — дейди Фазлиддин Анваров. — Мисол учун, машҳур одамнинг видеосини сохталаштириш, у гапирмаган гапларни гапиртира олиши мумкин. Фақат экспертларгина бу каби видеолар фарқини ажрата олади. Ҳозирги кунда фирибгарлик турлари кўпайиб бораётганини инкор эта олмаймиз. Пластик картадан пул ечиб олиш каби ҳолатларда ҳам сунъий интеллект қўлланилаётгани афсусланарли. Бундай нохушликларнинг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар кўриляпти. Хусусан, 2026 йилда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан сунъий интеллект соҳасида этика кодекси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

    Баъзи экспертлар сунъий интеллектнинг инсониятга катта фойда келтириши ҳамда уни инсон ўзининг назоратида ушлаб туриши ­зарурлигини таъкидлайди. У инсон ­бошқарувида бўлса, хавфсиз. Агар у инсон омилисиз ўзини ўзи бошқариш даражасига етса, бу ­муайян хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Инсоннинг хаёлига келадиган барча нарса келажакда содир бўлиши эҳтимоли ортади.

    Ҳозирги кунда сунъий интеллект қайси соҳада қўлланилмасин, барчаси инсон назоратида. Мисол учун, соғлиқни сақлаш соҳасида битта шифокор бир кунда 100 та МРТ тасвирини таҳлил қилса, сунъий интеллект ёрдамида 500 та тасвир таҳлил этилиши мумкин. Шифокор ҳар битта тасвирни ўқиб чиқиб, у билан танишиш шарт эмас, хулосани унинг ўзи қўйиб беради, шифокорнинг вазифаси ташхис тўғри қўйилдими-йўқми, шуни текшириш бўлади. Бу шифокорнинг вақтини тежаб, иш унумдорлигини оширади. Лекин барибир охирги нуқта инсон омили — шифокор томонидан қўйилади. У фақат иш жараёнида самарадорлик ва маҳсулдорликни оширади, тўғри қарор қабул қилинишига ёрдам беради.

    — Молиявий ҳисоботларда айтилишича, биз сунъий интеллект инқилоби марказида турибмиз. 2026 йилга бориб сунъий интеллект глобал бозори 39,7 фоиз ўсиши прогноз қилинмоқда, — дейди Фазлиддин Анваров. — Бу жараёнда айрим касбларга эҳтиёж камаяди деган ҳадик йўқ эмас. Ўйлайманки, келгусида у кирмаган соҳанинг ўзи қолмайди. Тарихга назар соладиган бўлсак, муайян даврларда касблар янгиланиши содир бўлган. Мисол учун, 100 йил олдинги баъзи касблар ҳозир йўқолиб кетган, чунки унга эҳтиёж йўқ. Бугун ҳам шундай. Ҳатто Ай-Ти соҳаси ҳам сезиларли ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бошланғич даражадаги мутахассисларга талаб йилдан йилга камайиб бормоқда, чунки бир пайтлар инсон аралашуви талаб қиладиган вазифаларни сунъий интеллект тезроқ ва юқори аниқликда бажариши имконияти ошиб бормоқда.

    Келажакда баъзи касбларнинг йўқолиш эҳтимоли юқорилигини инкор этиб бўлмайди. Лекин қайси соҳа бўлмасин, сунъий интеллектни билган одам ўз ишини яна ҳам мукаммалроқ бажаради. Сунъий интеллект унинг ишини олиб қўймайди. Аксинча, иш унумдорлиги, вақтни тежашга ёрдам беради. Шунчаки улардан фойдаланишни ўрганиш керак, холос.

    Барибир устоз керак

    Мутахассислар фикрича, сунъий интеллект анъанавий ўқитиш усули ўрнини боса олмайди. Масалан, ҳозирги кунда ҳар ким интернет орқали ўзи хоҳлаган йўналиш бўйича таълим олиши, мутахассис даражасига етиши мумкин. Аммо эътибор беринг, кейинги йилларда олий таълим муассасалари сони ортиб боряпти. Сунъий интеллект ўқувчиларга шахсий дастурини тузиш ва қайси соҳаларга иқтидори борлигини прогноз қилиш имконини беради. Ҳар бир ўқувчининг ўрганиш тезлиги, қобилияти ва қизиқишлари, ўзлаштириш кўрсаткичидан келиб чиқиб, келажакда унинг қайси соҳада муваффақиятга эришиш имконияти кенгроқлигини таҳлил қилади. Ўқитувчилар эса ёзма ишлар, тестлар, уй вазифаларини у орқали автоматик баҳолаши мумкин. Бу вақтни тежаш ва шахсий мулоқотга вақт ажратиш имконини оширади. Аммо ўқитувчи сунъий интеллектга бутунлай суяниб қолмаслиги керак. У етакчи эмас, ўргатувчи эканини унутмаслиги лозим. Талабалар эса фикрлаш, ўз устида ишлаш кўникмаларини унутмаслиги шарт.

    Ногиронлиги бор талабалар учун матнни овозга айлантириш, овозни матнга айлантириш, автоматик субтитрлар каби имкониятлар яратилмоқда. Бу ўз ўрнида таълим жараёнини яхшилашга ёрдам берса-да, унинг ўрнини тўлиқ эгаллай олмайди. Барибир устоз керак.

    Эътибор кучаймоқда

    Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган нутқида “Яна бир муҳим йўналиш — сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор соҳалар сифатида белгилаб, 100 та лойиҳани амалга оширамиз. Бу борада яна катта-катта режаларимиз бор. Хусусан, қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқишни бошладик.

    Аминманки, бу ишларимиз бой тарихимиз ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади. Бу тизим самара бериши учун Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастурини ишга туширяпмиз.

    Шу йилнинг ўзида “AI Study” платформаси орқали камида 100 минг ёшларимиз сунъий интеллект технологияларини ўрганади. Ишонаман, бу янги лойиҳа ҳисобидан сунъий интеллект соҳасида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларимиз янада кўпаяди”, деди.

    “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари”ни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми дейиш мумкин. Истиқболли бу соҳа ёшларни тобора кўпроқ жалб этмоқда. Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад — ёшларнинг сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмасини ошириш. Мисол учун, оддий ChatGPTдан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша усуллари бор. Мутахассис ChatGPTдан яхшироқ фойдаланади. ChatGPTга инсон ўзи хоҳлаётган маълумотларни қанчалик тўлиқ, аниқ кирита олса, у ҳам шунчалик аниқ жавоб беради.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил январь ойида БААга ташрифи доирасида илғор технологияларни ривожлантириш ва уларни турли соҳаларга муваффақиятли жорий этишга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилган эди.

    Натижада БАА ҳукумати билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу лойиҳанинг платформаси ишлаб чиқилган ва унда бешта йўналиш бўйича дарсликлар жойлаштирилган. Мақсад — уч йил давомида бир миллион ёшнинг сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича кўникмаларини ошириш.

    Ҳозирги кунда АҚШнинг “Мета”, “NVIDIA” компаниялари ўқув қўлланмалари, дарсликларини aistudy.uz платформасига жойлаш масаласида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

    Бу, биринчи навбатда, ёшларнинг сунъий интеллектга қизиқиши, дастурий маҳсулотлардан яна ҳам самарали фойдаланиш кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

    Сунъий интеллект жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб хизмат қилаётган бир пайтда ундан оқилона фойдаланиб, жамиятнинг ижобий ривожланишига йўл очадиган креатив ғояларни илгари сурадиган қобилиятли мутахассисларга талаб юқорилигича қолмоқда. Ушбу имкониятлардан фойдаланиш учун ёшлар ўз малакаларини жаҳон меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига мослаштириши зарур. Бунда эса давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates