“Дунё” АА мухбири ташриф арафасида мамлакатимизнинг Исломободдаги элчиси Алишер Тўхтаев билан Ўзбекистон — Покистон икки томонлама муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида суҳбатлашди.
— Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай ҳолатда?
— Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга чиқди. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, стратегик шерикликка доир келишувлар ва ҳамкорликка оид баёнотлар буни яққол тасдиқлайди.
Икки давлат БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳар икки мамлакат минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида алоқаларни кучайтириш учун ўзларининг қатъий сиёсий иродасини намоён этмоқда.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф жаноби олийларининг юртимизга ташрифи сиёсий мулоқотларни янада мустаҳкамлашга, ўзаро ишонч ва англашувни оширишга хизмат қилади. Ташриф доирасида муҳим сиёсий ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
— Савдо-иқтисодий соҳадаги муносабатлар қандай ривожланмоқда?
— Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси барқарор ўсмоқда. 2024 йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 404 миллион АҚШ долларидан ошди.
Ҳозирги кунда томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, яқин йилларда 1 миллиард долларлик маррага эришиш, саноат кооперациясини жадаллаштиришга қаратилган қўшма чоралар устида фаол ишламоқда. Ҳар икки мамлакат озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари экспорти ва импорт таркибини кенгайтириш бўйича аниқ тадбирларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Покистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш, айниқса, мева-сабзавот, дон ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришга қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, Покистоннинг фармацевтика, текстиль, қурилиш материаллари ва ахборот технологиялари соҳаларидаги имкониятлари Ўзбекистон бозори учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тўқимачилик соҳасида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Кучли томонларимизни бирлаштириш жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар яратишга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор технологиялар алмашинуви, маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳалар, шунингдек, мева-сабзавот ва дон маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун улкан салоҳиятни кўряпмиз. Давлатларимиз озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ва янги бозорларга биргаликда чиқиш устида ҳамкорлик қилиши мумкин.
Ўзбекистон ва Покистон ахборот технологиялари соҳасини ҳам жадал ривожлантирмоқда. Биз IT-марказлар яратиш, қўшма таълим дастурлари ва рақамлаштириш лойиҳалари устида ишлашимиз, шунингдек, хизматларни аутсорсинг қилиш каби соҳаларга эътибор қаратишимиз мумкин. Бу эса иқтисодиётимиз учун катта истиқболларни очади.
— Савдо-иқтисодий соҳада қандай истиқболли лойиҳалар режалаштирилган?
— Карачи порти орқали транзит савдосини ривожлантириш, шунингдек, қўшма инвестиция фондлари тузиш режалари бор. Бу икки давлат ўртасидаги тижорат алоқаларини кучайтиради.
Иқтисодий дипломатия йўналишида инфратузилмани яхшилаш, икки давлат ҳудудларида логистика марказларини барпо этиш, савдо уйларини очиш ва саноат кооперациясини кучайтириш устувор йўналишлар ҳисобланади.
Бундан ташқари, Тошкент ва Лаҳорда ўтказилган “Made in Pakistan” ва “Made in Uzbekistan” миллий саноат кўргазмалари тажрибасини келгусида ҳам давом эттириш, намойиш этиладиган маҳсулотлар сонини ошириш режалаштирилмоқда.
Икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этиш орқали янги инвестицион лойиҳалар ва шартномалар имзоланишига замин яратиляпти.
Ўзбекистон ва Покистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралари билан Транзит савдо ҳамда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимларнинг бандларини тўлиқ ишга солиш, имтиёз берилган маҳсулотлар сонини кўпайтириш орқали ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш устида ишлаяпмиз.
Шунингдек, икки давлат ҳудудлари, савдо-саноат палаталари, бизнес доиралари ўртасида бевосита ва яқин ҳамкорлик ўрнатиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
— Ўзаро савдо ҳамда инвестицияларни ривожлантиришда Ўзбекистон ва Покистон савдо-саноат палаталарининг ўрни қандай?
— Икки давлат савдо-саноат палаталари муносабатлари, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги мавжуд ҳамкорлик механизмлари ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун катта имкониятларни очиб бермоқда.
Савдо-саноат палаталари ўзаро бизнес алоқаларни осонлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда асосий воситачи бўлиши мумкин.
Қўшма бизнес платформалари ва махсус қўмиталарни яратиш тадбиркорлар учун ишбилармонлик форумлари, кўргазмалар ва учрашувларни ташкил этишни енгиллаштиради. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат тадбиркорларига ҳамкорларни топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беради.
— Иккала давлат инфратузилмани ривожлантириш ва энергетика соҳаларида инвестицияларни қандай рағбатлантириши мумкин?
— Мамлакатларимиз стратегик аҳамиятга эга инфратузилма ва энергетика соҳаларида инвестицияларни ривожлантириш учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, қулай инвестициявий муҳит яратиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни кенгайтириши мумкин.
Автомобиль ва темир йўллари, логистика марказлари ва юк терминалларига қаратилган қўшма инвестициялар савдо ривожига, иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради.
Энергетика соҳаси ҳам истиқболли йўналишлардан биридир. Биз қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол электр станциялари, гидроэнергетика ва газ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларда ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Ушбу қўшма ташаббуслар энергетика хавфсизлигини таъминлаш билан бирга барқарор энергия манбаларига ўтишни жадаллаштиради.
— Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қандай маданий алмашинув дастурлари ёки ташаббуслар устида иш олиб борилмоқда?
— Мамлакатларимиз ўртасида маданий алмашинувни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари суришни режалаштиряпмиз. Хусусан, қуйидаги йўналишларда фаол иш олиб борилмоқда:
- Покистонда Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намоён қиладиган маданий фестиваллар, санъат, фотография, ҳунармандчилик ва анъанавий мусиқа кўргазмаларини ўтказиш;
- талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, университетлар ўртасида академик алоқаларни мустаҳкамлаш;
- мамлакатларимизнинг тарихий меросини тарғиб қилувчи қўшма туристик дастурлар ва саёҳат йўналишларини ишлаб чиқиш;
- театр ва кино соҳасида қўшма ижодий лойиҳаларни амалга ошириш.
Бундан ташқари, икки мамлакатда маданият марказларини очиш умумий тарихий ва маданий қадриятларни тарғиб қилишнинг самарали усули деб ҳисоблаймиз.
2025 йил 3 январь куни Карачи шаҳрида Ўзбекистон — Покистон маданият уйи очилди. У мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим платформага айланади. Марказ ўзбек маданияти, санъати, тили ва анъаналарини фаол тарғиб қилиб, турли тадбирларни ташкил қилади. Шунингдек, у икки халқ ўртасида ўзаро англашув ва дўстликни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган дастур ва лойиҳалар учун майдон вазифасини ўтайди.
— Туризм йўналишида қандай қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда?
— Ўзбекистон ва Покистон Ислом цивилизацияси тарихи, Буюк ипак йўли обидалари, Темурийлар ҳамда Бобурийлар даври ёдгорликлари билан боғлиқ бой умумий маданий меросга эга. Бу туризм йўналишидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун кенг имконият беради.
Бундан ташқари, 2024 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Покистон фуқаролари учун визани соддалаштириш тартибини жорий қилди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи бўлган сайёҳлар, талабалар ва тадбиркорлар сонининг ортишига туртки бўлди. Виза тартиботларини соддалаштириш маданий алмашинувга, тарихий ёдгорликлар ва маданий анъаналар билан танишишга, шунингдек, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга янги имкониятларни очди.
Ўтган йили ноябрь ойидан бошлаб “Uzbekistan Airways” ҳар жума куни “Тошкент — Лаҳор” йўналиши бўйича доимий авиақатновларни йўлга қўйди. Тўғридан тўғри рейслар транспорт алоқаларини яхшилашга, саёҳат вақтларини қисқартиришга ва сайёҳлар учун қулайлик яратишга хизмат қиляпти. Шунингдек, бу ишбилармон доиралар ўртасида савдо, инвестиция ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.
Ушбу имкониятларни тўлақонли ишга солиш учун мутасадди вазирлик ва сайёҳлик компаниялари, туристик операторлар билан ҳамкорликда туризм, жумладан, зиёрат туризмини биргаликда тарғиб қилиш мақсадида мамлакатларимиз тарихий обидаларини қамраб олган, муштарак маданий қадриятларимиз билан яқиндан таништирувчи мавзули туристик маршрутларни ишлаб чиқиш устида ишлар фаол давом этмоқда.
Бундан ташқари, халқаро сайёҳлик кўргазмаларида ҳамкорлик қилиш орқали мамлакатларимизнинг жаҳон туристик бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлашга интиляпмиз.
Ишончим комилки, виза тартибларини соддалаштириш ва тўғридан тўғри авиақатновлар сонининг оширилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимини оширишга ва маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланишига салмоқли таъсир кўрсатади.
— Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришда халқ дипломатиясининг ўрнини қандай баҳолайсиз?
— Халқ дипломатияси ва одамлар ўртасидаги алмашинувлар минтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббусларида муҳим ўрин тутади. Бундай ҳамкорлик шакллари халқларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатишга ёрдам беради. Бу эса ўзаро англашув, ишонч ва икки қардош халқ ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Бундай муносабатлар ўзаро ҳурмат ва очиқлик муҳитини яратади. Натижада турли соҳаларда — бизнес ва таълимдан тортиб, маданият, йирик қўшма инфратузилма лойиҳаларигача — икки томонлама шерикликни ривожланишига жиддий туртки беради.
Халқ дипломатияси инструментлари икки мамлакат фуқароларига бевосита мулоқот қилиш имконини беради, халқларимиз ўртасида мустаҳкам ришталарни шакллантиради. Бу жамиятда шаклланиб қолган эски стереотипларни бартараф этиш, дўстликни мустаҳкамлаш ва барча даражаларда ҳамкорликни ривожлантиради.
Шунингдек, бундай алмашинувлар шахсий ва касбий алоқалар тармоғини яратиш, инсон капитали ривожига ҳисса қўшиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ўзаро муносабатларни узоқ муддатларда ривожлантириш учун муҳим ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу дастурларда қатнашган инсонлар маданиятлар ўртасида “кўприк” вазифасини бажаради, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни кучайтиришга ҳисса қўшади.
— Келгусида икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари билан ўртоқлашсангиз.
— Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида савдо-иқтисодий, банк-молия, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар йўналишларда бир қатор қўшма тадбир ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни ўз иш режамизга киритганмиз.
Хусусан, икки давлат ўртасидаги товар айланмасини ошириш, ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда банклараро тўловларни такомиллаштириш бўйича музокаралар давом этяпти. Бу божхона тўловлари ставкаларини пасайтириш ва ўзаро савдо муносабатларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, йирик транспорт-логистика компаниялари билан ҳамкорликда юкларни тез ва қулай ташиш маршрутларини диверсификация қилиш, божхона жараёнларини оптималлаштириш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Икки мамлакат ҳудудида бир қатор маданий тадбирлар, фестиваллар, кўргазмалар ташкил этиш кун тартибимизга киритилган. Соҳавий ташкилотлар билан янги ва қизиқарли сайёҳлик дастурлари шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон ва Покистон олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни кенгайтириш, таълим дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва талабалар алмашинувини фаоллаштириш борасида ҳам келишувларга эришилган. Ҳозирда уларнинг имплементацияси бўйича ишлар давом этмоқда.
— Алишер Ҳакимович, суҳбатга вақт ажратганингиз учун миннатдорлик билдирамиз.
— Катта раҳмат.
“Дунё” АА
Исломобод