Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигига оид геномика ва биоинформатика, протеомика, фудомикс, биотиббиёт ва фармбиотехнология каби янги йўналишларда илмий тадқиқотлар қилиш олимлар олдида турган муҳим вазифадир.
Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти профессори, академик, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор Шафоат НАМОЗОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Олим, зиёли фитратида ҳамиша юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси уфуриб туради. Ҳар бир кашфиёт, ҳар бир янгилик ортида ана шу эзгу мақсад мужассам топган. Айтинг-чи, ноорганик кимё соҳасидаги етук олим сифатида илм-фандаги изланишлар, кашфиётлар бугун мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятига қанчалик ҳисса қўшяпти?
— Ўтган даврга назар ташлар эканман, умрим беҳуда ўтмаганидан кўнглимга хотиржамлик инади. Кимё фанига болалигимдан қизиққанман. Тошкент политехника институтида ноорганик моддалар технологияси йўналишида таҳсил олдим. Ноорганик кимё институтида аспирантурада ўқидим. Илмий раҳбарим академик Малик Набиев жуда салоҳиятли, кучли олим эди.
1988 йилда докторлик диссертациямни ёқладим. Лекин илмий-техник ишланмаларни собиқ шўро даврида амалиётга жорий қилиш ўта қийин жараён эди.
Бизда фосфорли ўғитлар жуда катта муаммо. Пахта ёки буғдойнинг ривожланиши учун тупроқда озуқа элементлари жуда муҳим. Баъзи олимлар, мутахассислар фикрича, уруғ нави яхши бўлса, юқори ҳосилга кафолат бўла олади. Лекин яхши, мўл ва сифатли ҳосил юздан ошиқ омилга боғлиқлиги дунё қишлоқ хўжалиги амалиётида исботланган. Биринчи ўринда, албатта, нав ётади. Кейин тупроқ унумдорлиги, сув, об-ҳаво, минерал ўғитлар, ўсимлик зараркунандаларига қарши курашиш воситалари бор. Агар нав ота бўлса, она — тупроқ. Тупроқ соғлом бўлиши керак, унга озуқа моддалар бериб турилиши шарт, у шуни талаб қилади. Тупроқда ҳаёт мавжуд. Озуқа моддалар кўзга кўринмайдиган микроорганизмлар ёрдамида ўсимлик илдизларига етказиб берилади.
Тупроқ унумдорлиги унинг таркибидаги органик моддалар, яъни гумус миқдори билан аниқланади. Суғориладиган ерларимизда гумус миқдори Россия, Украина, Беларусь ва Европа давлатларининг қора тупроқларидагига нисбатан 6-7 баробар кам. Тупроқдаги гумус миқдорини кўпайтиришнинг асосий усулларидан бири органик ва органоминерал ўғитларни доимий равишда қўллашдир. Ҳар йили соф ҳолатда тупроқдан 300 минг тоннадан ошиқ азот, 150 минг тонна фосфор ва 270 минг тоннадан кўпроқ калий озуқа моддалари ҳосил билан бирга чиқиб кетади. Пахта, буғдой ва бошқа экинлар ҳосилини оширишда навнинг яхши бўлиши билан бир қаторда органик, органоминерал, минерал ўғитлар меъёрда берилиши, зараркунандаларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш, агротехника қоидаларига риоя қилиш, вақтида суғориш керак бўлади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналари учун асосий хомашё бўлган фосфоритни Қозоғистондан валюта ҳисобига сотиб олардик. Бу эса ўғит таннархи кескин ошишига олиб келарди. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун импорт фосфорит ўрнига маҳаллий Қизилқум фосфоритларини ишлатишга қарор қилинди. Япониянинг “Мицуи” корпорацияси “Самарқандкимё” ОАЖда сульфат кислота цехини қуриш ва шу кислота асосида оддий суперфосфат ишлаб чиқаришни таклиф қилганди. Ишлаб чиқаришнинг умумий қиймати 80 миллион АҚШ долларини ташкил қиларди. Институтимиз таклиф қилган нитрокальций фосфат ўғити (НКФЎ) ишлаб чиқариш технологияси бойитилмаган арзон Қизилқум фосфоритларини паст меъёрда нитрат кислотаси билан қайта ишлашга асосланган бўлиб, жараёнда максимал даражада корхонада ишлаб турган ускуналардан фойдаланишга мўлжалланган эди.
Ишлаб чиқаришнинг қиймати Япониянинг “Мицуи” корпорацияси томонидан таклиф этилган оддий суперфосфатга қараганда бир неча баробар арзон эди. 2005 йилнинг 25 майида янги технология синовдан ўтказилди, нитрокальций фосфат ўғити (НКФЎ)нинг тажриба партияси ишлаб чиқарилди. Лабораторияда шиша реакторида қилинган тажрибадан саноат миқёсида ишлаб чиқариш даражасига ўтиш биздан ва корхона мутахассисларидан катта тажриба ва билим талаб қиларди. Технологияни жорий қилишда қатор қийинчиликларга дуч келдик.
Корхона бош муҳандиси Рўзмат Ражабов билан бир неча ой корхонада тунаганмиз. Технология йилдан йилга такомиллашиб борди. Ўтган 15 йил ичида 281 миллиард сўмлик 635 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 3 миллион долларлик маҳсулот четга экспорт қилинди.
Олмалиқ “Аммофос” ОАЖ мутахассислари ҳамкорлигида бойитилган Қизилқум фосфорит концентратидан мураккаб аммофос ўғити олишнинг самарали технологиясини яратдик ва амалиётга жорий қилинди. Шунингдек, янги турдаги комплекс аммоний сульфатофосфат, супрефос ўғитлари олиш технологиялари яратилди ва ушбу корхонада қўлланила бошлади.
Ҳозирга қадар 780 миллиард сўмлик 250 минг тонна аммоний сульфатофосфат ва 2 миллион тоннадан ошиқ супрефос ўғити ишлаб чиқарилди. 300 минг тонна супрефос ва 90 минг тонна аммоний сульфатофосфат 45 миллион долларга экспорт қилинди.
Аммиакли селитра (АС) ўсимликларга тез таъсир қилувчи азотли ўғитлар туркумига киради. Дунё бўйича бир йилда 43 миллион тоннадан кўпроқ АС ишлаб чиқарилади. Ушбу ўғитнинг 2 та камчилиги бор. Биринчиси, унинг ёпишқоқлик хусусияти. Уни бартараф қилиш учун амалиётда магнезит, брусит моддалари ишлатилади. Иккинчиси эса жиддийроқ бўлиб, ишлаб чиқаришда, омборларда сақлаш, ташиш жараёнларида портлаш хусусиятидир. Кўпгина мамлакатларда шу мудҳиш ҳодисалар содир бўлган. Ўғитлар технологияси бўйича илмий тадқиқот қилаётган олимларга хавфсиз АС технологияси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Кўпгина институтлар, гуруҳлар бу борада янги технологияларни ишлаб чиқди. Танловда биз ғолиб чиқдик. Дунё амалиётида илк бор АС суюқлиги ва Қизилқум фосфорит қўшимчаси асосида ёпишқоқлик хусусияти бўлмаган, термик барқарор (хавфсиз) азотфосфорли ўғит (АФЎ) технологиясининг илмий асослари яратилди ва 2010 йилда “Навоийазот” АЖда жорий этилди. Ҳозирга қадар 250 миллиард сўмлик 610 минг тонна АФЎ ишлаб чиқарилди.
20 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шунга ўхшаш оҳакли АС технологияси ушбу акциядорлик жамиятида жорий қилиниб, 35 миллиард сўмлик 56 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Нордон қора тупроқларда оҳакли АСнинг самараси юқори бўлади.
Шу кунга қадар институтнинг фосфорли ўғитлар лабораторияси олимлари томонидан жорий этилган технологиялар бўйича 2 триллион 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 65 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Қанчалик муваффақиятга эришган бўлмайлик, айниқса, охирги йилларда фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция оқсоқланиб қолганини инкор эта олмаймиз. Қачонки, Фанлар академияси, олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграция бўлса, шунда янги ишланма ва технологиялар самараси кўзга ташланади. Биз бу борада ўз таклифларимизни беряпмиз. Фан ютуқлари иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиши керак. Чунки бугунги давр олдимизга ушбу талабни қўйяпти.
Ишлаб чиқариш билан фан интеграцияси яхшиланса, мукаммал тизим яратилса, ўйлайманки, иш жойидан силжиб, анча-мунча янги технологиялар амалиётга жорий қилинади. Дунё амалиётида иқтисодиётнинг ривожланишида фаннинг улуши 60-65 фоизни ташкил қилиши исботланган.
Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари олий ўқув юртлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда янги самарали технологиялар ва ихтироларни яратиши керак. Бу борада корхона марказий лабораториясида илмий тадқиқот ишлари қилиниши мақсадга мувофиқ. Қобилиятли ёш мутахассис ва муҳандислар фалсафа доктори (PhD) ва докторлик (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертацияларни ҳимоя қилиши самарасини беради деб ўйлайман.
— Юртимиз аҳолиси 37 миллиондан ошди, 10-15 йилдан кейин 40-50 миллионга етиши кутилмоқда. Суғориладиган ерларимиз чегараланган, сув етишмаслиги долзарб масала. Айтинг-чи, келгусида шунча аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш вазифаси қандай ечилади?
— Суғориладиган ерларимиз 3,75 миллион гектарни ташкил қилади, уни кўпайтиришнинг имкони бор, аммо сув етишмайди. Бундан ташқари, шўрланган ер майдони йил сайин кенгайиб бормоқда. Бундай ҳолатда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосини, фикримча, қуйидагича ҳал қилиш мумкин.
Биринчидан, селекционерларимиз юқори ҳосил берадиган нав яратиши, тупроқ унумдорлиги органик ўғитлар ҳисобига оширилиши, минерал ўғитлар тўлиқ меъёрда берилиши шарт. Ўғитларнинг самараси ҳеч бўлмаганда 25-30 фоиз оширилиши керак бўлади. Агар тупроқда гумус миқдори кўп бўлса, ўғитлар самараси 50 фоизга қадар ошиши исботланган. Бу борада стимуляторлар ва микроэлементлар ўғитлар билан қўшиб берилса, натижа янада яхши бўлади.
Иккинчидан, шўрланган ерларда пахта, буғдой ва полиз экинларининг шўрга чидамлилигини оширишнинг ягона усулларидан бири кальций селитрасини кенг миқёсда қўллашдир. Сувда эрийдиган кальций элементи токсик тузларнинг салбий таъсирини 3-4 баробар камайтиради. Бундан ташқари, кальций нитрати ўта гигроскопик модда бўлгани сабабли ҳаводан баҳор ва ёз мавсумида намни ўзига тортиб олади, ўсимлик илдизи муайян даражада сув билан таъминланиб турилади. Ҳосилдорлик пахтада гектарига
5-6 центнер, буғдойда эса 7-8 центнер ошади. Кальций нитрати ўзимизда ишлаб чиқарилмайди, бизга юқори нархда четдан келтирилади. Ўзбекистонда ушбу ўғит маҳаллий хомашёлар асосида ишлаб чиқарилса, нур устига нур бўлади.
Учинчидан, Орол денгизининг қуриган қисмидан учаётган тузлар миқдорини кескин камайтириш чораларини кўришимиз керак. Ҳар йили минглаб тонна туз кучли шамол ёрдамида учиб, қўшни вилоятлар (Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё) ерларини шўрлантирмоқда. Бу аҳоли саломатлиги, экинлар ҳосилдорлигига катта салбий таъсир этяпти. Президентимиз ташаббуси билан Оролнинг қуриган тубини мустаҳкамлаш учун саксовул экиляпти ва бу жуда яхши самара беряпти. Саксовул уруғининг тўлиқ униб чиқиши учун биз янги технология устида бош қотиряпмиз. Лаборатория тажрибалари ижобий натижаларни берса, янги инновацион технологияни жорий қилиш учун илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади.
— Мамлакатимиз илм-фан тараққиётининг эртанги куни ҳақида нима дея оласиз?
— 2016 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аксарият илмий-текшириш институтлари турли вазирликлар қарамоғига ўтказилган, баъзилари ёпилиш арафасида турган эди. Давлатимиз раҳбарининг олимлар билан илк учрашуви илм-фан ривожида катта бурилиш ясади. Кўплаб институтлар академия таркибига қайтарилди. Президентимизнинг 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 6 баравар, 2030 йилгача эса 10 баравар оширилиши қайд этилган. Бундай эътибор кун келиб, ўз самарасини беради.
Фаннинг ривожланиши 3 та омилга боғлиқ...
Биринчидан, ёш илмий кадрларга — илмий ходим ва докторантларга илмий тадқиқот фаолиятини юқори даражада олиб бориш учун ҳамма шароитлар яратиб берилиши зарур. Аксарият ҳолатда уларнинг кўп вақти кимёвий реагентлар, тажриба учун зарур воситаларни топишга сарф бўлади.
Иккинчидан, олий ўқув юртларида илмга қизиққан иқтидорли ёшлар алоҳида махсус режа асосида ўқитилиши керак. Улар ўзлари қизиққан фан соҳаси бўйича таянч докторантурага қабул қилиниши шарт.
Учинчидан, ҳар бир тадқиқотчи илмий ишни бажаришда замонавий ускуналардан фойдаланиши ва замонавий кўникмага эга бўлиши талаб этилади. Охирги 3 йил ичида институтлар замонавий ускуналар билан таъминланяпти. Аммо ушбу ускуналарда етарлича малакага эга бўлмаган ходимлар ишлаяпти, улар ускуналарда олган илмий маълумотларни таҳлил қилиб бериш қобилиятига эга эмас. Ускуналарни самарали ишлата биладиган мутахассислар керак. Аксарият ускуналар ҳафтасига 1-2 кун ишлайди. Беш йилдан кейин ускуна маънавий эскиради, унинг ўрнига янгисини сотиб олишга тўғри келади. Бу муаммонинг ҳам ечими бор. Дунё амалиётида 9 та йирик илмий марказ бор. Унинг 60 фоизи АҚШда. Бу илмий марказларда юқори савияли мутахассислар ўта ноёб ускуналарда тўхтовсиз изланиш олиб боради. Фанлар академияси тасарруфида шундай марказ очиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тайёрланаётган юқори малакали кадрлар сифатини ошириш мақсадида таянч докторант ва докторантларнинг илмий раҳбар ва маслаҳатчилари 2 нафар бўлиши мақсадга мувофиқ. Биринчиси — маҳаллий мутахассис, иккинчиси — ривожланган мамлакатларнинг етакчи олими бўлиши керак. Бу илмий изланишлар натижаси ҳақида чоп этилаётган мақолаларнинг сифатини кўтариш ва салоҳиятли илмий кадрларни тайёрлашга олиб келади.
Академия институтларида ҳам фундаментал, ҳам амалий тадқиқот ишлари олиб борилиши шарт. Улар бир-биридан ажратилмаслиги керак. Бунга яққол далилни Россия Федерацияси ва Хитой Фанлар академиясининг иш фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Ишлаб чиқилган янги самарали технологияларни амалиётга жорий қилишда ҳали ҳам тўсиқлар ва қийинчиликлар бор. Илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро мустаҳкам интеграцияни яратишни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Бу мамлакатимиз илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.