“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” тамойили асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда улуснинг минг йиллик тажриба, тушунча ва қадриятларига таянган тенги йўқ меросимизни ўрганиш маънавият ва маърифатнинг ажралмас қисми сифатида устувор вазифага айланди. Янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бугунги тарихий кунларда ҳазрат Алишер Навоий мероси ва ғояларини чуқур ўрганиш ва ёшларга етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси ҳам ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишни асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаб, у зотнинг асарларини илмий тадқиқ этиш, қўлёзма фондларида сақланаётган ёзма меросимизни ўрганиш анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Буюк мутафаккир бобомиз таваллуд куни муносабати билан университет жамоаси яна бир йирик анжуманнинг ташаббускори бўлди. “Алишер Навоий дунё шарқшунослари нигоҳида” мавзуидаги халқаро онлайн илмий-амалий анжуманда дунёнинг 15 мамлакатидан 60 га яқин турли ташкилот ва олий ўқув юртларидан 130 дан ортиқ навоийшунос олимлар ўз илмий чиқишлари билан қатнашди. Алломанинг адабий мероси кўплаб мамлакат олимлари, тадқиқотчилар, шарқшунослар, ўқитувчи ва талабалар томонидан атрофлича таҳлил этилди.
Гулчеҳра РИХСИЕВА, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори:
– Алишер Навоий ўзбек халқининг минг йилликлар билан бўйлашадиган бебаҳо қадриятлари ва ёзма ёдгорликларини юксак чўққига чиқарган буюк тафаккур эгасидир. Унинг авлодларга қолдирган мероси башарият маънавиятининг ўқ томирларидан. Глобол тараққиётнинг ҳозирги босқичида ҳазрат асарларининг жамият маънавий юксалишидаги ўрни ва қадри тобора ошиб бораётганлиги очиқ кўринмоқда. Дунёнинг етакчи ақл марказларида Навоий ижоди янгича илмий қарашлар ва ёндашувлар асосида тадқиқ ва тарғиб этилмоқда.
Сўз мулкининг султони барча замонлар ва барча маконлар мутафаккири сифатида дунё халқлари тафаккури ривожида фавқулотда ўрин тутади. Дунёнинг етакчи шарқшунослик марказларида асрлар мобайнида шоир мероси чуқур ўрганилиб келинади. Унинг умумбашарий ғоялари, хусусан, бағрикенглик, меҳр-оқибат, огоҳлик, элсеварлик, халқлар дўстлиги сингари қадриятларга йўғрилган фикрлари ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Мутафаккир ижодининг юксак намуналарини ўқиб ўрганиш, ўлмас ғояларини тарғиб қилиш, айниқса, ёшлармизга ўзлигини англатиш, маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида, умуминсоний ғоялар асосида тарбиялашда айрича ўринга эга.
Мирвоҳид АЗИМОВ, Туркий кенгаш Бош котиби ўринбосари:
– Буюк мутафаккир алломанинг ҳаёти ва ижоди туркий давлатчилик бошқаруви ва раҳбар шахс маънавияти нуқтаи назаридан ҳам кейинги авлодлар учун ибрат намунаси бўла олди. У давлат бошқарувида ўз қобилиятини кўрсатиб, “Амири кабир” унвонига сазовор бўлди. Бош вазир лавозимида, аввало, бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди.
Ўз фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни адолатли ҳал этиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга бир хил муносабатда бўлишга эътибор қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди ва шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият берди.
Алишер Навоий ижодида идеал ҳукмдорни тавсифлаш орқали раҳбарларни чин маънода адолатпарвар ва инсонпарвар бўлишга, халқ дардини тинглашга, илм-маърифатни рағбатлантиришга даъват қилди. Шунингдек, у ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз ва муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди.
Навоийнинг “Вақфия” асаридан унинг ўзи ҳам мунтазам илм аҳлини қўллаб-қувватлаб келгани, талабаларга ва мударрисларга маош тайин қилгани, “Иҳлосия” мадрасаси ва сўфийлар учун “Халосия” каби хонақолар қурдиргани маълум. Мутафаккир шоир ижоди, хайрли ишлари ҳақида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асарларини билиш, улардан ибрат олиш кишиларни, ёшларимизни яхшиликка ундайди, комилликка етаклайди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, улуғ мутафаккиримизнинг сўнмас хотираси ва ижодини абадийлаштириш, унинг тимсолида туркий дунёнинг илм-фан ва маърифат руҳини жаҳон ҳамжамиятига танитиш мақсадида, ҳозирда Туркий Кенгаш доирасида “Туркий цивилизация ва маънавиятини ривожлантириш учун” Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, Туркий кенгаш ва шерик ташкилотлар ўртасида, жумладан ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Туркий академия ҳамда туркий дунё олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари билан биргаликда Алишер Навоий маданий ҳафталигини аъзо-давлатларда ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Билал ЧАКИЧИ, ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби ўринбосари:
– Ўзбекистон кейинги йилларда кенг қамровли трансформатция жараёнига кирди. Бу жараёнлар бизнинг ТУРКСОЙ (Халқаро туркий маданият ташкилоти) билан алоқаларни янги сифат босқичига чиқарди ҳамда туркий дунёдаги маданий, маърифий, гуманитар алоқаларга ижобий таъсир кўрсатди.
Туркий оламнинг энг буюк мутафаккири, туркий адабиётнинг султони Алишер Навоий меросини ўрганиш ТУРКСОЙ ташкилотининг муҳим ва устувор йўналишларидан. Навоий даҳоси ва унинг асарлари ёлғиз ўзбек адабиётига эмас, балки бутун туркий адабиётга туртки берган ҳамда таъсир этган. Туркий оламнинг ғурури, ўзбек халқи тарбия қилган буюк зиёли ва мутафаккир Алишер Навоийни ҳурмат ва миннатдорлик билан эслаш ва уни ўрганиш ТУРКСОЙ ташкилотининг бу йилги иш режасига киритилган.
Ўзбек адабиёти асосчисининг ҳаёт ва ижод йўли, қўлёзмалари, унинг манбашунослик ва матншунослик тадқиқи, асарлари поэтикаси, тил ва услуб хусусиятлари, дунё бадиий ва фалсафий тафаккурида аллома ижодининг ўрни, навоийшунос мутахассисларнинг янги авлодини тарбиялаш масалалари бўйича ТУРКСОЙ ташкилоти ҳам ўзини масъул деб билади.
Меҳмет Сурайё ЭР, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Туркий дунё деб атайдиганимиз ҳудудда кўнгилларни бирлаштирган энг муҳим унсур умумий лисонимиз – туркий тил. Бу улкан ҳудуднинг узоқ масофаларига қарамай бир-бирига боғлаган энг мустаҳкам ришта ҳам албатта, муштарак тилимиздир.
Туркия Жумҳуриятининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мени энг хурсанд қилган нарса, хизматим давомида ўз мамлакатимда, Анадўлу диёрида бўлгандек ҳис қилишим бўлди деб айта оламан. Орамизда минглаб километрлик масофа борлигига қарамай, муштарак тилимиз ва тамаддунимиз туфайли айни мақолларни, маталларни ва ибораларни қўллашимиз, бир-биримизнинг миллий шеър ва ашулаларимизни тинглаб, айни завқни ва туйғуни ҳис қилишимиз туркий оламининг бутунжаҳон миқёсидаги энг катта бойлигидир. Шундай яқинлик туфайли ҳаётга айни дарчадан боқа оламиз, минглаб фарсаҳ олисда бўлсак-да қалбларимиз битта орзу йўлида уриб туради. Шу доирада, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида ўз нутқини ўзбек тилида сўзлаганлари бутун турк дунёсига бахт ва ғурур бахш этганини ҳам билдиришни истайман.
Ўзбек тили Мовароуннаҳрнинг юрагида гуллаб-яшнаган туркий дунёнинг асосий бойликларидан биридир. Бу қадимий заминда пайдо бўлиб юксалган муштарак тамаддунимиз хазиналарини авлоддан авлодга етказилишини таъминлаган ўзбек тили маданият, адабиёт, илму ирфон тили сифатида турк ва ислом оламида алоҳида ўринга эга. Шубҳасизки, бу тилни энг гўзал тарзда қўллаган, сўзларни наққошдек саралаб, беназир мисралар битган шоирларимизнинг бошида Алишер Навоий туради. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Озарбайжонда ҳам, Анадўлуда ҳам катта завқ ва ҳайрат билан мутолаа қилинган Алишер Навоийни Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаган, шеърларига ўн бешинчи асрдан бери турли назиралар битган. “Навоий тили” деб аталган ўзбек тили бугун ҳам унда яратилган асарлари билан бутун жозибасини намоён этиб келмоқда.
Муштарак қадриятимиз – туркий тилнинг ифода қудратига, бойлигига ва гўзаллигига юз йиллар олдин эътиборимизни қаратган туркий тилнинг буюк устози Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бугун ҳисларимизни акс эттирган, дилларимизни ёритган, йўлларимизга маёқ бўлган мана бу сўзларини эсламаслик мумкин эмас: “Туркий тил ҳақида фикр юритар эканман, она тилимнинг теранликларини ўйласам кўзларимга ўн саккиз минг оламдан ортиқ бир олам намоён бўлди” деган эдилар...
Туркий тилда, туркий шеъриятда байроқ тортиб, бутун туркий мамлакатларини якқалам этганлигини таъкидлаган: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”. Туркий адабиётининг қутб юлдузи бўлган ҳазратнинг 580 йиллигини барча туркий халқларнинг нишонлаши у кишининг руҳларини яна бир марта шод этади.
Ҳусейн ГУЛИЕВ, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:
– Ўзбекистон энг қадимги даврлардан бошлаб дунё тамаддунинг ўчоқларидан биридир. Бу замин халқи ўзининг бой маданияти, илмий тафаккури, ёзма ёдгорликлари, ноёб қўлёзмалари, нодир меъморий обидалари билан умумжаҳон тараққиётига улкан ҳисса қўшган.
Айёнки, тарихни шахслар яратади. Ана шундай тарих яртаган шахслардан бири, шубҳасиз, ҳазрат Алишер Навоийдир. Унинг номи жаҳон бадиий тафаккури тарихида олтин ҳарфларда ёзилиб келинади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг адабий алоқалари тийран илдизларга бориб туташади. Асрлар давомида бизнинг шоирларимиз умумий адабий ва маърифий муҳитдан озиқланишган. Алишер Навоий Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди Низомий Ганжавийнинг анъаналарини давом эттирган. Ўз ўрнида озар шоири Муҳаммад Фузулий ҳазрат Навоийни “шеърият подшоҳи” деб билган ва ундан бадиий сўз услубларини ўрганган.
Алломанинг умумбашарий ғоялари, айниқса, бағрикенглик, халқлар дўстлиги ҳақидаги қарашлари бугунги кун учун ҳам ниҳоятда муҳим. Унинг асарларида турклар ҳам, араблар ҳам, хитойликлар ҳам, славянлар ҳам, юнонлар ҳам бирига яшайди.
Озарбойжон халқи Навоийни ўз шоири деб билади. Унинг асарларини севиб ўқийди ва ёш авлодга ҳам сингдириб боради. Унинг таваллуд кунларини кенг миқёсда нишонлайди.
Ахмад Холид ЭЛМИЙ, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:
– Ҳазрати Навоий ҳақида сўз айтиш осон эмас, бунинг учун Навоийни англаш керак. Буюк олим ва мутафаккир ўз даврининг маданий ҳаётига давлат арбоби, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомий, мураббий ва устоз таваллудини кенг нишонлаш фарз ҳисобланади.
Алишер Навоийнинг одамийлик, эзгулик, поклик ва ҳалолликни, юртпарварлик ва тинчликни тараннум этган асарлари бугунги кунда жаҳон миқёсида адабиёт мухлисларининг меҳри ва ардоғидадир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини у кишидек теран ифода этган шахс жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Буюк шоир ўз асарларида инсоний муҳаббат, меҳру вафо ва назокатни ёниб, ҳассослик билан куйлаган.
Навоийнинг гўзал сатрларини ўқиганда олийжаноб қалб садоларини сезиб турамиз. Бу юрак туғёнлари орадан беш ярим асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, миллионлаб одамларни ҳаяжонга солиб келмоқда.
Ўз даврининг атоқли сиёсий ва жамоат арбобларидан бири бўлган Мир Алишер Навоий, мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида, шаҳарларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларида, хусусан, ўнлаб масжид, мадраса, хонақоҳлар қурилишида катта ёрдам кўрсатган. Шунингдек, Балхда ҳозирги Мазори Шариф шаҳри ҳудудида мутафаккир бошчилиги ва ҳомийлигида Ҳазрати Али мақбараси – Равзаи Шариф ва масжид қурилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Афғонистонда ҳар йили ғазал мулки султонининг таваллуд айёмлари муносабати билан турли маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилади. Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Жаноби Олийлари буюк шоир, атоқли давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллигини Афғонистонда кенг нишонлаш тўғрисида фармон имзолади. Бу фармонга асосан, Афғонистонда бир қатор илмий – маърифий тадбирлар, жумладан, жорий йилнинг март ойида Ҳирот шаҳрида уч кунлик семинар ўтказиш, асарларини китоб шаклида нашр қилиш, навоийхонлик ва мушоира кечалари каби тадбирларни ташкил қилиш кўзда тутилган.
***
Буюк бобокалонимиз туғилган қутлуғ сана – 9 февраль ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг аксарият давлатларида кенг, юксак даражада нишонланаяпти. Навоийнинг асарлари мунтазам нашр этилиб, бу соҳада кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий ва мумтоз адабиётимизни кенг ўрганиш, тарғиб этиш бўйича янги имкониятларни яратмоқда. Анжуман иштирокчилари Алишер Навоий асарларидаги инсонийлик ғояларини бугунги кундаги ахамияти хусусида хам батафсил фикр-мулохаза алмашдилар.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









