Алкоголь ва гиёҳванд моддалар истеъмоли йилига 3,2 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, спиртли ичимликлар истеъмоли йилига 2,6 миллион кишининг умрига зомин бўлмоқда. Бу дунёдаги барча ўлим ҳолатларининг 4,7 фоизига тенг. 

    Шунингдек, яна 600 минг одамнинг ҳаётдан эрта кўз юмиши психоактив моддалар қабул қилиш билан боғлиқ.

    Таҳлилларда келтирилишича, ҳозир Ер юзи аҳолисининг қарийб 400 миллион нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан азият чекмоқда. Улардан 209 миллион нафари спиртли ичимликларга қарам бўлиб қолган. Оқибат ва асоратлар эса аянчли.

    Масалан, 2019 йилда алкоголь билан боғлиқ ўлимнинг тахминан 1,6 миллиони юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, 474 мингтаси юрак-қон томир ва 401 мингтаси саратон хасталиклари туфайли содир бўлган.

    Тахминан 724 минг киши жароҳатлар, хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари, ўз-ўзига зарар етказиш ва шахслараро зўравонлик натижасида вафот этган. Яна 284 минг киши юқумли касалликлар қурбонига айланган.

    Спиртли ичимликлар билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг энг юқори улуши, яъни 13 фоизи 20-39 ёшдаги аҳоли қатламига тўғри келган.

    Жаҳон бўйича 15-19 ёшли ўсмирларнинг 23,5 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилувчилардир. Уларнинг катта қисми Европа минтақаси (45,9 фоиз) ҳамда Шимолий ва Жанубий Америка (43,9 фоиз)да яшайди.

    Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматларни 2022-2030 йилларга мўлжалланган алкоголга қарши глобал ҳаракат режасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.