Анъанавийликдан замонавийликка ўтиш

    Катта маблағ ва ресурсларни тежашнинг энг самарали усулидир.

    Бугун бутун дунёда сув тақчиллиги тобора ортиб бораяпти. Бу, айниқса, суғориш мавсумида яққол сезилмоқда. Шу боис, бу борадаги иш услубини ўзгартириб, суғоришда анъанавийликдан замонавийликка ўтиш зарур. Чунки бундай усуллар тобора танқис бўлиб бораётган сув сарфини бир неча баробар тежаш асносида ҳосилдорликни оширишда ҳам жуда қўл келади. Бу амалда исботланган ҳолат.

    Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда республикамизда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдонларнинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланган. Агар бундай ерлар 2 баробар кўпайтирилса, яна 900 миллион метр куб сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади.

    Шунинг учун жорий йилда соҳага мингта лазерли текислагич олиб келиниши, кластерлар томонидан фермерларга ана шу техник воситалар ёрдамида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши белгиланди. Сўнгги йилларда 400 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган бўлса, бу йил яна 80 минг гектар майдонда ишлар бошланган.

    Президентимиз бу хусусда шу йил 18 апрель куни сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидлаган эди. Яъни унда сув хўжалигидаги 4 та катта асосий масала — сув йўқотилиши, насос станцияларининг энергия истеъмоли кўплиги, сув захиралари камлиги ҳамда сув тежовчи технологиялар муҳокама қилингани бежиз эмас.

    Гап сув сарфини камайтириш, унинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш тўғрисида борар экан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига алоҳида тўхталиш жоиз. Негаки, ушбу қарорга асосан 2022 йилда республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 5,7 минг гектарда дискрет, 72,9 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 36 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий қилинди. Қарийб 243 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Натижада сув сарфи тежаладиган майдонлар 1 миллион гектардан ошиб, қишлоқ хўжалиги умумий экин майдонининг 25 фоизи қамраб олинди.

    Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига субсидиялар бериш тизими такомиллаштирилиб, “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозир кластер ва фермер хўжаликларига субсидия ушбу тизим орқали онлайн тарзда ажратиб берилмоқда.

    60 фоизгача сув иқтисод қилинади

    Мутахассислар бундай технологияларни тўртта — томчилатиб, ёмғирлатиб, дискретли (пульсар) ҳамда лазерли мослама ёрдамида текисланган ерларни суғоришга ажратишади. Табиийки, буларнинг бари бир мақсад – сувни тежашга қаратилган. Айтайлик, эгатлаб суғоришда инфильтрация ва буғланиш сабабли сув кўп исроф бўлади. Экинлар томчилатиб суғорилганда эса сув билан бирга зарур ўғитлар ҳам илдизга узатиб берилади. Натижада пахта ва буғдой ҳосилдорлиги 30, мевали дарахтлар ва сабзавот экинлари ҳосилдорлиги 50 фоизгача ошади. Гектаридан ўртача 30 фоизгача минерал ўғитлар, 35 фоизгача ёнилғи ва мойлаш материаллари ҳамда механизация ресурслари, 200–300 минг сўмлик ишчи кучи, энг асосийси, 60 фоизгача сув иқтисод қилинади.

    Ёмғирлатиб суғориш тизимининг турига қараб сувни турли манбалардан – мобиль, ҳаракатланадиган ускуна бўлса – далага махсус келтириладиган канал, даланинг ўртасига ўтказилган қувур, ер ости қудуғидан олиш мумкин.

    Ёмғирлатиб суғориш тупроғи ғовак ва сув ўтказувчанлиги кучли майдонларда илдизи унчалик чуқур кетмайдиган (попук илдизли) экинлар, айниқса, сабзавотлар ва далага ёйиб экиладиган экинларни парваришлашда яхши самара беради.

    Эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни ёмғирлатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан фойдали. Тез-тез кучли шамол бўлиб турадиган ҳамда тупроғи сув ўтказувчанлиги паст бўлган ҳудудларда ушбу усулни қўллаш тавсия қилинмайди.

    Ёмғирлатиб суғоришнинг “Кенг қамровли” (CENTER PIVOT) тизими ҳаракатланадиган (ғилдиракли) минораларга бириктирилган қувурлар ёрдамида ишлайди. Тизим нархи 1 гектарига 20–22 миллион сўмни ташкил қилади. Одатда, ернинг рельефи ва жойлашишига қараб 50-100 гектаргача майдонларда фойдаланилади. 40 фоизгача сув, 90 фоизгача қўл меҳнати, 30 фоизгача минерал ўғитларни тежаши унинг асосий афзаллиги ҳисобланади. Фойдаланиш муддати эса 15–20 йил. Мазкур технология, асосан, АҚШ, Туркия, Испания ва Хитойдан импорт қилинади. Юртимизда эса битта корхонада шундай технология ишлаб чиқарилади.

    “Мобиль” тизими орқали эса экинлар қишлоқ хўжалиги машиналари ёрдамида шлангли ғалтак ва махсус пуркагич (пушка) билан суғорилади. Тизимда минимал бошланғич сармоялар билан иш кучи сезиларли даражада камайтирилади. Тизим нархи 1 гектарига 15–20 миллион сўм атрофида. Бир дона машина нархи 250–300 миллион сўм. Одатда, битта тизим 20 гектаргача майдон учун режалаштирилади. Сув, ишчи кучи, минерал ўғитларни тежашдан ташқари, электр таъминоти бўлмаган майдонларда дизель ёқилғисидан фойдаланиш имкони борлиги асосий устунлигидир. Ушбу технология ҳам Туркия ва Хитойдан келтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тизимнинг айрим бутловчи қисмлари ишлаб чиқарилади.

    Суғоришнинг яна бири усули “Спринклер” – стационар калта пурковчи ускуна ёрдамида сув етказиб берадиган ёмғирлатиб суғориш тизими бўлиб, қувурдан чиқаётган сув кучи пуркагич орқали айланма ҳаракатга келтирилади. Ушбу тизим инсон томонидан қисман назорат қилишни талаб қилади, нархи гектарига 25–30 миллион сўм. Тежамкорлиги юқоридаги тизимлардек анча ижобий.

    Шунингдек, мутахассислар жўяк олиб экиладиган ғўза, кузги бошоқли дон экинлари, пиёз, кунгабоқар, лавлаги каби қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизимидан ҳам фойдаланишни тавсия этади. Бунда ўқариқ ва шохариқлар ўзанларидан фильтрацияга йўқотиладиган сувлар тежалади. Ҳар бир суғориш эгатига сув миқдори бир хил таъминлаб берилади. Даланинг узунлиги бўйича нисбатан бир хил намланишга эришилади. Экинларни суғориш вақтида эгатлар ўзанида кузатиладиган тупроқ эрозиясининг олди олинади, сувчиларнинг меҳнати камаяди.

    Ерни лазерли текислаш орқали сувни тежаш ҳам ўзига хос усул ҳисобланади. Масалан, анъанавий ер текислаш усулларини қўллашда ёки ер умуман текисланмаганда сувнинг дала бўйлаб ёйилиши бир текис кечмайди. Ернинг ботиқ жойларига сув кўп тўпланиб, ортиқча намлик ҳосил бўлади. Даланинг нисбатан баланд жойларига эса аксинча, сув етиб бормайди, экинга намлик етмайди. Натижада ўсимлик ривожланиши турлича кечади. Ҳосилдорлик кутилган даражада бўлмайди. Ерни лазерли текислаш бу каби камчиликларни бартараф этади. Бу фермер учун қатор афзалликларга эга. Аввало, сувнинг ер юзаси бўйлаб бир текис ёйилиши туфайли ер нишаблиги 3 сантиметрга тенг бўлади. Сув тежамкорлиги 25 фоизга етади. Қолаверса, экинларга сув ҳамда озуқа ўз вақтида ва тенг миқдорда тақсимланиши сабабли ўсиш бир текисда кечади. Ҳосилдорлик эса 5–7 фоизга ошади. Суғоришда ишчи кучи ва вақт тежалади. Ерга тўғри ишлов берилганда майдонларни 3 йилда 1 мартагина қайтадан лазерли текислаш етарли бўлади. Қолаверса, ер иккинчи марта лазерли текисланганда икки баробар арзонга тушади.

    Булар — бугунги кунда бутун дунё, шу жумладан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган ва тобора оммалашиб бораётган сув тежовчи технологиялар. Муҳими, деҳқону фермерларимиз сувни тежаш давр талаби эканини яхши англаб, ўз хўжаликларида бу усулни кенгроқ ва кўпроқ қўллашга интилмоқда. Бу борада давлатимиз уларни қўллаб-қувватлаб турибди. Лекин мазкур технологияларни ўзимизда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш керак. Чунки бу давр талаби ва эҳтиёжи. Шунда жараён янада тезлашиб, оммалашиб кетишига йўл янада кенгаяди.

    Ўзбек деҳқонлари маҳсулоти жаҳон бозорида ўз ўрнига эга

    Очиғи, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Бунинг сабаби оддий: Ўзбекистон — қуёшли мамлакат. Офтоб нуридан тўйинган, яъни табиий етилган ҳар қандай маҳсулотнинг қадри эса баланд бўлади. Мисол учун, Паркент туманидаги “AgroStar Expo” МЧЖ далаларидан териб олинаётган гилос ўтган йиллари Россия, Германия, Хитой каби давлатларга экспорт қилинганди. Жамият бош агрономи Жўрабек Пўлатовнинг таъкидлашича, бу йилдан бошлаб улар сафига Индонезия ҳам қўшилган. Эътиборлиси, жамиятга қарашли 110 гектарлик боғ тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси билан жиҳозланган. Бунинг учун ҳар гектар ерга ўртача 45 миллион сўм сарфланган.

    Боғ ҳали ёш – 2019 йилда ташкил этилган. Гилос, олма, нок кўчатларининг айримлари кейинги йилдаёқ ҳосилга кирган бўлса, йилдан-йилга ҳосилдорлик ортиб бориши ҳисобига жорий йилги ҳосил чўғи анча баланд. Харажат ортиғи билан қопланади. Шу боис, жамоа яқин вақтда янги лойиҳаларни ишга тушириш ниятида.

    Туманда бу каби тежамкор технология қўллаётган хўжаликлар сирасига “Аgro Elit” МЧЖни ҳам киритиш мумкин. Айтиш жоизки, ушбу жамоа бу борада анча тажрибага эга. Чунки парваришланаётган дарахтлар етти йиллик. Жамоа тежамкор технология самарасини аллақачон ўз фаолияти мисолида ҳис қилган.

    — Ҳудудимиз деҳқончилик ва боғдорчилик учун қулайлиги одамларимизнинг бахти, — дейди Паркент туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фахриддин Руҳиддинов. — Чунки бизда айнан шу юмуш орқасидан даромади ва турмуши яхшиланиб бораётган оилалар кўп. Тармоққа сув тежовчи технологияларни қўллашга жиддий эътибор қаратилаётгани эса деҳқончилик маданиятини янада оширяпти. Яъни одамлар ҳам, тадбиркор ҳам, фермер ҳам сувни кам сарфлаб, юқори ҳосил олиш мумкинлигини тушуниб етяпти.

    Паркент тумани бўйича 2023 йил ёзги мавсум учун қишлоқ хўжалик ерларини суғоришга 80,1 миллион метр куб лимит ажратилган. Туман манзилли дастурига асосан, бу йил 1300 гектар, шундан 800 гектар узумзор, 400 гектар боғ ва 100 гектар бошқа экин майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Ҳозиргача 549 гектар боғ–ток, сабзавот экинлари майдонларида шундай тизим қўллаш йўлга қўйилди.

    Ирригация тизимида сув йўқотилишини камайтириш мақсадида 4,81 километрда тозалаш ишлари амалга оширилди. Сув ресурслари харажатларини мақбуллаштириш юзасидан истеъмолчилар билан махсус сув хизмати бўлими шартномалар расмийлаштириб бормоқда.

    Жорий йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистондан 359,2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Яъни 256,1 миллион долларлик маҳсулот четга сотилган. Бу эса 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоизга кўп.

    Асосий савдо йўналишлари — Россия, Покистон, Хитой ва Қозоғистон бўлса, импортчилар сафида Афғонистон, Қирғизистон, Беларусь, Туркия, Ироқ ҳамда Эрон бор.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига қараганда, мева-сабзавотлар экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни мош – 13,7 фоиз, майиз – 10,4, қуритилган қора олхўри – 7, помидор – 6,1, карам – 5,1, янги узилган узум – 4,3, пиёз – 4,3 ҳамда анор – 3,3 фоизни ташкил этади. Бу яхши жиҳат. Бинобарин, экспорт қўшимча даромад ва имконият яратади.

    Президентимиз ўтган йили қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида дунёда озиқ-овқат тақчиллиги тобора ортиб, минтақамизда чўллашиш жараёни кучайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги ходимлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўяётганини, шунинг учун ушбу йўналишда бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини таъкидлаган эди. Қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, тармоққа тежамкор усулларни қўллаш борасидаги бугунги лойиҳалар эса келгусида ўз натижасини кўрсатиши муқаррар.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates