Андижон ёшлар технопарки — замонавий касблар ва ишлаб чиқариш майдони

    Рақамлаштириш 18 июн 2023 2265

    Сиз қайси соҳага қизиқасиз? Қайси йўналишда таълим олишни истайсиз?

    Ёшларга шундай саволлар тез-тез берилиши одатий ҳол. Аммо жавоблар доим ҳам ўхшаш бўлавермайди. Масалан, охирги 6–7 йилда ўғил-қизларимиз орасида “дастурчи бўлмоқчиман”, “IT соҳасида ўқийман”, “веб-дизайнерликка қизиқаман”, деган жавоблар кўпайган. Бу бир томондан, илғор ахборот технологияларининг ҳаётимизга жадал кириб келгани билан боғлиқ бўлса, бошқа жиҳатдан, мамлакатимизда барча соҳаларда рақамлаштириш жараёнининг кескин фаоллашишига бориб тақалади.

    Ўз-ўзидан шундай соҳаларга ўқитиш тизими ҳам ривожланиб бормоқда. Маълумотларга кўра, юртимизда 2022 йилга келиб IT соҳасида фаолият олиб борувчи юридик шахслар сони 2015 йилга нисбатан 61 фоизга ортган. Бунга мос равишда олий таълим муассасалари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг IT мутахассисликлари бўйича битирувчилари сони ҳам изчил ошиб бораяпти.

    Айни пайтда инноватор, дастурчи, ихтирочи йигит-қизлар сафи ҳам кенгаймоқда. Улар яратган замонавий қурилма, лойиҳалар эса ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, нафақат юртимиз, шунингдек, хориж бозорларидан ҳам жой олаяпти. Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган “бизнес инкубатор”, аккселератор ва замонавий касб курслари, IT марказлари, ишлаб чиқариш технопарклари шу соҳага қизиққан, ғоясини амалиётга татбиқ этиш истагидаги минглаб ёшларга имкониятлар эшигини очмоқда.

    Яъни, ҳозир ўғил-қизларимиз “менинг ғоям бор”, “лойиҳамни амалга оширмоқчиман” деб эшикма-эшик юришига ҳожат йўқ. Стартап лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадиган юқоридаги каби марказлар бугунги кунда кўплаб ёшларни бирлаштиряпти. Уларни аввал ўқитиб, зарур билимлар берилгач, истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, тайёр маҳсулотга айлантириб, бозорга чиқаришида кўмаклашилаётгани сабаб кўплаб инновацион ғоялар реал ихтирога айланмоқда.

    “Андижон ёшлар технопарки” МЧЖ ҳам ана шундай масканлардан бири. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2021 йил сентябридан фаолият бошлаган технопаркда илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунликда олиб борилади. Ташаббускор ёшлар томонидан таклиф қилинган стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва уларнинг прототипларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга йўналтириш илғор билимлар масканининг асосий йўналишларидан бири.

    Бу ерда ёшларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, стартап лойиҳаларини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш каби вазифалар мақсад қилиб олинган. Бунинг учун замонавий касбларга қизиқадиган, ўз ғоясига эга иқтидорли ёшлар бепул курсларда ўқитилиб, инновацион фаолиятга жалб этилади. Яъни, ғоялар аввал илмий жиҳатдан такомиллаштирилиб, сўнг амалиётга татбиқ этилади. Қолаверса, замонавий касбларни эгаллаган ёшларнинг кўпи ўзини ўзи банд қилмоқда. Жумладан, бугунга қадар технопаркнинг 100 га яқин битирувчиси фрилансерлик фаолияти билан шуғулланиб, яхшигина даромад топяпти.

    Фрилансерлик йўналиши бугунги кунда меҳнат турларининг энг замонавий шаклларидан бири ҳисобланади. Яъни, уйда туриб мижозларга ўз маҳсулоти ёки хизматларини таклиф этиш эвазига даромад топиш соҳа эгаларининг асосий йўналиши. Фрилансер деганда, мустақил ходим, эркин ишчи, асосан бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсон тушунилади.

    Ҳам касб, ҳам даромад

    Шуҳратбек Алиев график, веб-дизайн ва SMM йўналишларида яхшигина тажрибага эга ёшлардан. У ўз қизиқиши асносида шу йўналишларни мустақил ўргана бошлаган. Кейинчалик, Андижон ёшлар технопаркининг 6 ойлик веб-дастурлаш курсини тамомлаб, “Adobe photoshop” ва “figma” дастурларида ишлаш кўникмаларига эга бўлди. Ҳозирги кунда фрилансерлик фаолияти билан шуғулланиб, ойига 500 доллардан кўпроқ даромад топяпти. Бундан ташқари, технопарк резиденти сифатида ўзининг “Innoshop” стартап лойиҳаси устида ҳам иш олиб бормоқда.

    Абдулло Шермуҳаммедов эса график дизайн йўналишида курсларни тамомлаган. Унинг асосий фаолияти SMM постлар тайёрлашдан иборат. Ижтимоий тармоқларда битта график пост нархи 12 долларгача боради. Агар ғоя бўлса, постни бир соат ичида тайёрлаш мумкин. Яъни, ушбу йўналишда бўш вақтда, қўшимча даромад олиш мақсадида ишлаш самара беради. Бунинг учун иқтидор, қунт ва зарур билимлар бўлса кифоя.

    Аслида, бозори чаққон маҳсулот доим қиммат туради. Замонавий касбларга ўқиш курслари ҳам шундай. Охирги йилларда уларга талаб ортгани сари нарх ҳам кўтарилиб боряпти. Шу боис, соҳага қизиқувчиларнинг ҳаммасида ҳам курсларда ўқиш имконияти йўқ. Айниқса, ҳали даромадга кирмаган ёшларда бу қатор қийинчиликларни юзага келтиради. Шу жиҳатдан мамлакатимизда ташкил этилаётган турли касбларга бепул ўқитиш курслари ўғил-қизлар учун катта имкониятлар беряпти.

    Андижон ёшлар технопаркида йўлга қўйилган “Замонавий касбларни бепул ўрганинг” лойиҳаси шулардан бири. Лойиҳа доирасида иқтидорли ёшлар 5

    хил йўналиш — дастурлаш, график дизайн, 3Д моделлаштириш, мобил дастурлаш, SMM (social media marketing) ва робототехника курсларидан бирида ўқиши мумкин. Иштирокчилар 2 босқичда саралаб олинади. Улар аввал рўйхатдан ўтишлари керак, сўнг компьютер саводхонлиги ва мантиқий фикрлаш бўйича тест синовларини топширади. Муваффақиятли ўтганлар 3 ойга мўлжалланган курслардан бирида мутлақо бепул ўқитилади.

    Бугунги кунга қадар лойиҳа 4 бор ташкил этилиб, 307 нафар йигит-қиз бепул ўқув курсларини тамомлади ҳамда мутахассисликларини тасдиқловчи сертификатларни қўлга киритди. Яъни, ўтган вақт давомида технопарк томонидан жами 552,6 миллион сўм қийматдаги ўқув курслари бепул ўқитилди. Улардан бир нечтаси технопаркнинг ўзида қолиб, ўз стартапларини ривожлантириш билан шуғулланаётган бўлса, қолганлари мустақил иш бошлаб, бошқа ёшларни ҳам иш билан таъминламоқда.

    Лойиҳанинг энг аҳамиятли томони, унда асосан мактаб битирувчилари ўқитилади. Замонавий касбларда бошланғич билимларни эгаллаш истагидаги ёки стартап лойиҳаларига эга ёшлар айнан шу масканга келади. Мутахассислар тавсияси асосида йўналишлардан бирига жалб этилади. Таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш арафасида турган ўғил-қизлар учун бу яхши имконият. Улар ўқишга киргунга қадар замонавий касблардан бирини эгаллаш баробарида, қўшимча даромад топиш манбаига эга бўлади. Технопаркнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шу, аслида. Шу боис, мазкур лойиҳа йилдан йилга такомиллашиб боряпти ва жорий йилда вилоятдаги 240 нафар мактаб битирувчиси бепул курсларга қабул қилиниши кўзда тутилган.

    Истиқболли лойиҳалар молиялаштирилади

    Технопаркка келувчилар учун танлов имкониятлари кенг: бир-биридан қизиқарли лойиҳалар сони кўп. Уларда ҳатто болалар ҳам иштирок этиши мумкин. Гап шундаки, болаларда илм-фанга қизиқиш уйғотиш ва аниқ фанларнинг амалий ахамияти тарғиботини интерактив машғулотлар орқали амалга ошириш мақсадида технопаркда “Science fоr kids” платформаси ишлаб чиқилган. Шу платформа доирасида бир қанча йўналишлар бўйича ўқув жараёни ташкил этилади. Масалан, робототехника йўналишида “I-robot”, электроника йўналишида “Tesla” дастурларида ўқиш мумкин.

    “Scratch” лойиҳаси эса дастурлаш курсларини ёшликдан ўрганишни тарғиб қилади. У блокли визуал интерфейсга асосланган дастурлаш тили бўлиб, соҳани ўрганишни сезиларли даражада осонлаштиради. Мазкур лойиҳа 8 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар учун тавсия этилади ва улар “Scratch” ёрдамида ўйинлар ва анимациялар яратишади. Қолаверса, ўқувчилар “Arduino” ҳамда “LEGO” конструкторлари билан ишлайди.

    Технопаркда ишга туширилган “InnoX” бизнес-инкубатор дастури эса нисбатан катта ёшдаги иқтидорли ўғил-қизларга мўлжалланган. Бунда талабгорлар ўз бизнес ғоя ёки стартап лойиҳалари билан иштирок этади. Истиқболли деб топилган ишланмалар молиялаштирилиб, ҳатто, ишлаб чиқаришга жорий этилади.

    Бугунга қадар ушбу дастур технопарк томонидан 3 бор ташкил этилди. Унинг доирасида вилоятдаги олий таълим муассасаларида қатор тарғибот тадбирлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, 7 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Ана шу тадбирлар давомида 621 стартап лойиҳа ташаббускорлари дастурда иштирок этиш учун ариза топширган бўлса, шундан 105 нафари белгиланган талаблар асосида саралаб олиниб, машғулотларга жалб қилинган. Кейинги босқичларда иштирокчилар томонидан 60 та стартап лойиҳа шакллантирилди. Улардан 23 таси қатор халқаро ва миллий танловларда иштирок этиб, совринли ўринлар ҳамда пул мукофотларини қўлга киритди. Айни пайтда лойиҳаларнинг 2 таси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган, яна 3 таси молиявий экспертиза жараёнида.

    Молиялаштирилган лойиҳаларнинг бири Миродил Исмоиловга тегишли. У стартап лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш танловида “Билим ол” лойиҳаси билан иштирок этиб, 798,129 миллион сўм миқдоридаги грант маблағини қўлга киритди. Лойиҳа мақсади ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва мутолаа маданиятини шакллантиришга қаратилгани билан ажралиб туради.

    “Билим ол” — бу электрон ва аудио китобларнинг янги авлодларини ўз ичига жамлаган мобил илова бўлиб, унда фойдаланувчилар бадиий ва илмий адабиётлар, бизнес ва шахсий ривожланишга доир китобларни ҳам сифатли электрон вариантда, ҳам мукаммал аудио форматида ўқиш имкониятига эга бўлади. Платформа миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиб, юртимизнинг олис ҳудудлари ва чет давлатлардаги ўзбекзабон китобхонларга мутолаа завқини бера олади. Илова орқали китобларни онлайн буюртма қилиш, китоблар учун токчалар очиш ва тартиблаш, ўқиб бўлинган китоблар сони, бети, ўқиш тезлиги ва умумий ўқиш вақти ҳақида статистик маълумотларни олиш каби кўплаб имониятлар бор.

    Амалиёт — натижа томон йўл

    Ҳар қандай ғоя амалиётга татбиқ этилганидан кейингина фойдали лойиҳага айланади. Аммо аниқ ғояга эга ёшларнинг ҳаммаси ҳам уни амалга ошириш қобилиятига эга бўлмайди. Бунинг учун уларга озроқ туртки, кўмак зарур.

    Андижон ёшлар технопаркида айни шу жиҳатларга катта эътибор қаратилади. Яъни, ҳудуд ёшларининг амалий кўникмаларини шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлқа қўйиш мақсадида “Business Management School”, “Ғоядан стартапгача”, “Инноваторлар куни” лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

    Масалан, инноваторлар куни лойиҳасида ҳафтанинг душанба кунлари соат 15:00 дан 17:00 гача ўз ғоясига эга бўлган ёшларга мутахассислар томонидан йўналиш ва маслаҳатлар бериш йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида ўтган 3 ой давомида 46 нафар ёшга стартап ғоялари бўйича маслаҳатлар, бу борада ташкил этилган грант танловлар ҳақида маълумотлар берилди.

    Стартап лойиҳалар эгаларига ўз ғоясининг прототипларини тайёрлашига ҳам амалий ёрдам кўрсатилади. Бунинг учун технопаркнинг ишлаб чиқариш майдонида ташкил этилган “ФабЛаб” прототиплаш лабораториясидан фойдаланилади. Лаборатория негизида ишлаб турган 3 ойлик “Муҳандислар касб мактаби”да ўқувчилар устоз-шогирд анъанаси асосида пайвандлаш, токар устаси, инженер конструкторлик каби бир қатор йўналишларда ўқитилади. Дарслар ёрдамида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган. Жорий йилда 50 дан ортиқ ёшларни шу йўналишларда ўқитиш режалаштирилган.

    Ўқувчилар дарсларни амалиёт асосида технопаркнинг ишлаб чиқариш павильонида ўтайди. Бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилган. Ҳозирги кунда 4 та МЧЖ фаолият юритиб келмоқда. Корхоналарда 30 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.

    Павильонда иш доим қизғин. Ўрнатилган 5 та замонавий ускуна ёрдамида хориждан олиб келинаётган майда деталларни маҳаллийлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, Эрондан келтириладиган 2 хил турдаги деталл технопарк ишлаб чиқариш павильонида тайёрланмоқда. Бу ердаги биргина “лазерли кесиш” дастгоҳида 12 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Универсал фрезерлаш дастгоҳи ёрдамида эса оёқ кийимлар таг қисми, пластик идишлар ва мебел буюмларнинг айрим деталлари қолиплари ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда яна 8 турдаги тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича тажриба синов ишлари олиб бориляпти.

    Вилоятда фаолият олиб бораётган Туркиянинг “Yeni Kazan Insaat” қурилиш ташкилоти билан замонавий ёритиш устунларини ўрнатишда фойдаланиладиган “анкер”лар етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганмиз. “Уз-СэМюнг Ко.” қўшма корхонасининг “Damas” ва бошқа турдаги автомобилининг бутловчи деталини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар олинган. Ҳозирда маҳсулотлар намуна сифатида тайёрланиб, лаборатория текшируви учун юборилган.

    Технопаркда тайёрланаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш ва сифат даражасини ошириш мақсадида олинган даромадлар ҳисобидан яна 6 хил турдаги ускуна ҳамда 30 га яқин қўшимча жиҳозлар ҳарид қилинди. Бундан ташқари, Жаҳон банки грант маблағлари ҳисобидан “ФабЛаб” прототиплаш лабораторияси моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича қиймати 1 миллиард сўмга яқин 4 та дастгоҳ олиб келиниши режалаштирилган. Бу имкониятлар технопаркда кўпроқ ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ҳамда иш билан таъминлашга хизмат қилади.

    Абдулазиз ЁҚУБОВ,

    Андижон ёшлар технопарки директори