Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, водийдаги бошқа цемент ишлаб чиқарувчилар МЧЖ томонидан ички бозорга таннархдан паст нархларда цемент реализация қилгани ва бунинг оқибатида қолган корхоналар банкротлик ёқасига келиб қолгани юзасидан қўмитага мурожаат қилган.
Ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиш ва мавжуд вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Фарғона вилоятида мазкур соҳадаги тадбиркорлик субъектлари билан очиқ форматда учрашув ўтказди, дейилади хабарда.
Очиқ форматда ўтказилган мулоқот жараёнида Фарғона водийсида фаолият олиб борувчи 13 та цемент ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти вакиллари билан суҳбатлашилди.
Шунингдек, тадбиркорларга Андижон вилоятидаги «Shangfeng-bridge of friendship» МЧЖ томонидан ички бозорга таннархдан паст нархларда цемент реализация қилинаётганлиги ҳолатида демпинг аломатлари мавжудлигини комиссион тартибда кўриб чиқиш учун унга сўров киритилгани, аммо ушбу маълумотлар вақтида тақдим этилмагани сабабли айни вақтда «Shangfeng-bridge of friendship» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилгани ва ушбу ҳолат Қўмита назоратида экани маълум қилинди.
Ҳукуматга аниқ асослантирилган таклифлар киритилиши тадбиркорларга тушунтирилди.