Хусусан, ўтган йили саноат корхоналари томонидан 14,6 млн. тонна цемент ишлаб чиқарилди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич 19,7 млн. тоннани ташкил этиши режалаштирилган. Бундай юқори натижаларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали эришилмоқда. Яъни жойларда янги, замонавий цемент заводлари барпо этилмоқда. Маҳсулот турлари кенгайтириляпти. Ҳозирда M-400 дан тортиб M-600 гача бўлган портландцемент тайёрланмоқда.
Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда цемент ишлаб чиқаришни ташкил бўйича 7 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, қўшимча 5 млн. 760 минг тонна қувват яратилган эди. Жумладан, Навоий шаҳрида “Қизилқумцемент” АЖда йиллик имконияти 2,2 млн. тонна қўшимча қувват ва Қашқадарё вилояти Китоб туманида йилига 1,2 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга "Qarshi Conch Cement" МЧЖ ХК корхоналари фаолияти йўлга қўйилганди. Фарғона вилоятида эса "Shaffof Sement Sanoat" МЧЖ ҚКда йилига 360 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, "Наманган цемент" МЧЖ (ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш 2-босқичи), "GSR Building material" МЧЖ, "Жахон Евро Сервис" МЧЖкаби цемент заводлари фойдаланишга топширилганди.
Маълумот учун, айни пайтда республикамизда 35 та цемент заводи фаолият юритади. Уларнинг жами ишлаб чиқариш қуввати эса 26,3 млни тоннани ташкил этади. Сўнгги биржа савдоларида бир тонна цемент 589,1 минг сўмдан сотилган.