Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда Ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича амалда бўлган 22,5 минг сўм солиқ ставкаси 1 тонна учун 6 минг сўмга пасайтирилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганди. Бу бўйича «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси расмий баёнот билан чиқди.
Маълум қилинишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024-2026 йилларга мўлжалланган БЮДЖEТНОМАсида 2024 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларининг 6-бандида ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича белгиланган 22,5 минг сўм солиқ ставкасини 2 баробарга пасайтириш таклиф қилинаётган эди.
Чунки 5 фоизлик солиқ ставкаси 2019 йилдан бошлаб оширилган ва бугунги кунда қадар ҳар бир тонна ишлаб чиқарилган оҳактош учун 22,5 минг сўм (ёки оҳактош таннархининг 75 фоизи) этиб белгиланганлиги цемент нархларини ошишига олиб келди.
Ҳозирда бир тонна оҳактошнинг ўртача нархи – 30 минг сўмни ташкил этади.
2023 йил 28 декабрда қабул қабул қилинган 891-сонли «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунида цемент ишлаб чиқаришда оҳактошга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 6 минг сўм этиб белгиланди.
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солиқ ставкасини 4 бараварга камайтирилиши ушбу маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатбардошлигини оширишига хизмат қилади деб ҳисоблайди.
Ставкалар пасайтирилганлигига қарамасдан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси оҳактош таннархидан Ўзбекистонда – 20 фоизни, қўшни давлатларда яъни Қозоғистонда – 4,7 фоиз, Қирғизистонда – 3 фоиз, Тожикистонда - 7 фоизни ташкил этади.