Буюк Британия фуқароси, 40 ёшли Вишваш Кумар Рамеш Ҳиндистондаги оиласи билан кўришган ва укаси Ажай билан уйга қайтаётган эди.
ANIнинг 12 июнь, пайшанба куни полицияга таяниб хабар беришича, Аҳмадободда Air India авиакомпанияси самолёти ҳалокатга учраган жойда тирик қолган бир киши топилди. Аввалроқ, AFP шаҳар полицияси комиссарига таяниб, “ҳалокатдан ҳеч ким омон қолмаганга ўхшайди” деб ёзган эди. Маълумки, Boeing 787-8 Dreamliner бортида 242 киши бўлган. Улар орасида Ҳиндистон, Буюк Британия, Португалия ва Канада фуқаролари бор эди. Улар орасида Гужаратнинг собиқ губернатори Вижай Рупани ҳам бўлган. Ҳалокат турар-жой ҳудудида юз берган. Аҳмадобод полицияси вакилининг сўзларига кўра, самолёт шифокорлар ётоқхонаси биносига қулаб тушган.
Полиция самолёт қулаган уйларда яшовчилар орасида ҳам қурбонлар борлигини маълум қилди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири “кўп одамлар” вафот этганини айтди, аммо ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ, деб хабар беради dw.com.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Х ижтимоий тармоқда шундай деб ёзди: “Аҳмедободдаги фожиа бизни ларзага келтирди ва қайғуга солди. Бу сўзлаб бўлмайдиган қайғу. Менинг ўй-хаёлларим ушбу қайғули соатда ушбу фожиадан жабрланганларнинг барчасида”.
Hindustan Times нашрининг ёзишича, Air India авиаҳалокатидан омон қолган 40 ёшли Буюк Британия фуқароси Вишваш Кумар Рамеш Ҳиндистондаги оиласи билан кўришган ва укаси Ажай билан Буюк Британияга қайтаётган эди. Рамеш 11А ўриндиғида ўтирган.
“Ҳавога кўтарилганидан 30 сония ўтгач, қаттиқ шовқин бўлди, кейин самолёт қулади. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Кейин атрофимда одамларнинг жасадлари, самолёт қолдиқлари бор эди. Кимдир мени кўтариб, тез ёрдам машинасига олиб кетди”, деди Вишваш Кумар Рамеш Hindustan Times нашрига.