Анвар Расулов: мақсадимиз — истеъмолчиларни мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш

    Дунёнинг кўплаб давлатларида 22 декабрь — энергетиклар куни сифатида нишонланади.

    Ярим тун. “Озодлик” подстанцияси ходими ҳар галгидек электр етказиб берувчи ускуналарни кўрикдан ўтказади. Электр тармоқларининг созлиги, қисқа туташувлар, ускуналарнинг шикастланиши ҳолатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, иш жойига қайтади. Аммо бу гал тепловизор қурилмаси кўригидан ўтказилганида, куч трансформаторининг 220 киловольт ажратгичи аппарат зажимида 140 градус қизиш аниқланди. Нуқсонни зудлик билан бартараф этиш учун тезкор таъмирлаш бригадаси махсус техникалар билан етиб келди. Камчилик бартараф этилди, бироқ ходимлар аввалгидек, хушёр ва доимий назорат олиб боришда давом этади.

    Кейинги пайтларда “Ўзбекистон МЭТ” АЖга қарашли Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари филиалида электр ускуналарида бажариладиган ишлар тунги соатларда амалга ошриляпти. Бу қиш кунларида пойтахтимиздаги электр таъминоти режимининг бироз ўзгаргани, совуқ ҳарорат энергетика тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани билан боғлиқ. Бундай вазиятда зарур ишлар ишчи-ходимлар хушёрлигини икки карра оширган ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этган ҳолда раҳбар-ходимлар иштирокида бажариляпти.

    Филиалда ташкил қилинган “штаб”да кун-у тун тезкор бригадалар ишлайди. Подстанцияларда кечки максимум соатларда электр қурилмаларининг ишончли ишлаши, ҳарорати, техник кўрсаткичлари ва электр энергияси истеъмолининг таҳлили мунтазам олиб борилади. Аниқланган камчиликлар зудлик билан баратараф қилиниши чоралари кўрилади.

    Филиал “Ўзбекистон МЭТ” AЖнинг таркибий қисми сифатида пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги аҳоли истеъмолчилари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соха объектларини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан мунтазам таъминлайди. Яъни, мазкур ташкилот электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан олиб, истеъмолчиларга етказиб берилишида бир бўғин вазифасини бажаради. Шу билан бирга, филиал электр энергияси тармоғининг барқарор ишлашини таъминлаш, соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш борасида ҳам мунтазам ишлар олиб бормоқда.

    Керакли вақтда ва керакли жойда

    Ҳаётимизнинг бир кунини ҳам электр энергиясисиз тасаввур этиш қийин. Уйимиз чароғонлигидан тортиб, барча тармоқлардаги иш кўлами, ҳатто, интернет тармоғига ҳам шу қувват “жон киритади”. Мухатарам Президентимиз Энергетика иқтисодиётнинг “мотори” бўлиб, ижтимоий - иқтисодий тараққиётни умуман ҳаётни бу сохасиз тасаввур этиб бўлмайди деганлар. Негаки, саноат корхоналаридаги улкан агрегатлардан тортиб, тиббий ташхис қўйиш ускуналаригача электр энергиясисиз оддий темир-терсакка айланиб қолади.

    Замонавий асримизда электр энергияси инсонларнинг энг зарурий эҳтиёжларидан бирига айланиб боряпти. Ҳаёт тарзининг ривожланиши, ҳар бир хонадонда маиший техникалар сонининг ортиб бориши ўз-ўзидан электр истеъмолига бўлган талабни оширади. Қолаверса, совуқ кунлар кириши билан аҳолининг иситиш воситаларидан кўпроқ фойдалана бошлаши электр энергияси етказиб беришдаги меъёрнинг бирмунча издан чиқишига таъсир кўрсатмай қолмайди.

    Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилганига қарамай, бу йилги илк совуқ кунлардаёқ қатор камчиликлар юзага келгани рост. Етказиб берилаётган табиий газ босимининг пасайиши ва электр энергиядаги узилишлар пойтахтимиз ҳамда вилоятлар аҳолиси учун бир мунча ноқулай шароитни яратди. Бу ҳолат юртдошларимизнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлди. Соҳа ҳодимлари — энергетиклар эса бундай вазиятларда бир неча баробар кўпроқ ишлаб, доимий техник ишларини олиб боряптики, электрни одамларга вақтида етказиб бериш билан бирга, маълум вақтларда электр симларига тушадиган ортиқча юкламаларни нормаллаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Кун-у тун авария ҳолатларини бартараф этиш, мурожаатларга тезкор жавоб бериш учун эса махсус штаблар ташкил этилган.

    Энергетик касби осон соҳалардан эмас. Битта хонадонда чироқ ёниб, уйи нурафшон бўлиши учун минглаб энергетиклар меҳнат қилади. Симёғочлар устунига чиқиб, электр симлари созлигини текширадиган, электр етказиб берувчи ҳар қандай қурилма билан ишлайдиган инсонлар, аслида, ҳар куни ҳаёт учун хавфли ҳолатлар билан юзлашади. Одамлар тунда ором олаётганда, улар подстанцияларда юзага келган авария ҳолатларини бутлаш билан овора бўлади. Аммо улар буни доим фидойилик билан, чин дилдан бажаради.

    Сўнгги йилларда электр тармоқларига юкламалар ортиб боряпти. Соҳа вакиллари ҳам бунинг замонавий, тезкор ечимларини излашдан, турмушимизга жорий этишдан чарчамайди. Айни вақтда “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали балансида умумий қуввати 3034,5 мегавольтампер бўлган 220 кВтли 7 та подстанция ишлаб турибди. Жорий йилда 4 дона трансформатор ҳамда 8 дона ўчиргич мукаммал таъмирдан чиқарилди. “Қўйлиқ”, ”Юксак” ва “Озодлик” подстанцияларида эса модернизация ва реконструкция ишлари давом эттирилмоқда. Бу йил ҳисобидан 43,8 миллиард сўм ўзлаштирилиб, замонавий электр ускуналарга ва умумий қуввати 338 мегавольтампер бўлган куч трансформаторлари фойдаланишга топширилди. Подстанцияларга бирин-кетин янги, юқори қувватли трансформаторлар ўрнатиляпти ва электр ускуналар янгисига алмаштириляпти.

    Жорий йилнинг 5 июлида Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Electrikal Enjineering and Equipment Group Co. Ltd” компанияси ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида 6,78 миллион долларлик шартнома имзоланди. Аҳамиятлиси, бундай элегазли комплекс қурилмаси юртимизда илк маротаба юқори кучланишли электр тармоқларида амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Электр тармоқлари ва подстанцияларда электр энергияси бир маромда оқиши керак. Шунда электр ускуналар белгиланган муддатгача ўз хусусиятини ўзгартирмасдан ишлаб беради. Тасарруфимиздаги подстанцияларда трансформаторларнинг юкламасини мониторинг қилиб боряпмиз. Қолаверса, инвестицион дастурлар асосида тизим бўйича модернизация ва реконструкция ишларининг йил сайин фаоллашаётгани янги қувват ва имкониятларни юзага келтирмоқда. Хусусан, охирги йилларда шаҳар энергетика тармоғининг ишончлилиги оширилди, зарур ҳолатларда битта подстанциянинг юкламасини бошқа подстанцияга вақтинча бериш имконияти пайдо бўлди.

    Тўғри, доимий олиб борилаётган ишларга қарамай, ҳозирги вақтда ҳам куннинг қайсидир соатларида электр тармоқларининг юкламаси белгиланган нормалардан ошиб кетиши ёки юклама камайиб кетиши холатлари кузатиляпти. Бундай вазиятларда подстанциялардаги электр ускуналари уланган қисмларда температуранинг ўзгариши, яъни қизиши ва совуши натижасида ўз хусусиятини ўзгартиради ва қисқа туташув содир бўлиб, симларнинг узилиши ёки контант қисмларнинг шикастланишига олиб келади. Ана шундай фавқулодда ҳолларда электр ускуналарни ўчирмасдан туриб, уларнинг контакт қисмлари ва ҳарорати масофадан доимий назорат қилиб борилади. Агар нормадан юқори ҳарорат аниқланса, зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилади. Чунки айнан шу нуқсон мавжуд контакт қисмларда электр энергия исрофи ҳам кузатилади.

    Умуман, шу соҳада ишлаганимиз боис, асосий вазифамиз аҳолини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш, деб биламиз. Бунинг учун соҳанинг фидойи ходимлари тун-у кун меҳнат қиляпти. Ҳатто, дунёда 22 декабрь — Энергетиклар куни алоҳида сана сифатида нишонланади. Унинг тарихи 1920 йилга бориб тақалади. 1980 йилда эса санани байрам куни сифатида нишонлаш расман белгиланган.

    Айтишларича, сананинг бошқа рамзий маъноси ҳам бор. Яъни, 22 декабрь — сайёрамизда энг қисқа кун ва энг узун тун ҳисобланади. она заминимизнинг бош энергетиги — қуёш эса шу куни бизга энг кам ёруғлик ва иссиқлик улашади. Шу боис, энергия истеъмоли энг кўп бўладиган бу кунда айрим МДҲ мамлакатларида энергетика соҳаси ходимлари касб байрамини нишонлайди. Улар қатори Ўзбекистонда ҳам 22 декабрь — энергетика соҳаси ходимлари куни, деб эълон қилинган.

    Юртимиз энергетика тизимида катта янгиланишлар, таъмирлаш ишлари жадаллашган. Халқаро молия манбалари ҳам жалб этилиб, паст кучланишдаги трансформаторлар юқори қувватлисига алмаштирилмоқда. Аммо қарс икки қўлдан чиқишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Энергетиклар қанчалик тер тўкиб меҳнат қилмасин, одамлар энергия манбаларидан тартибсиз фойдаланса, ҳаддан ортиқ исроф қилса, бунинг жабрини қайсидир ҳудуддаги юртдошимиз кўриши мумкин. Айниқса, мавсумнинг совуқ кунларида кимнингдир электр энергияни исроф қилиши ҳисобига, бошқа бировлар жабр кўриши ҳеч гап эмас. Ачинарлиси, энергия истеъмолини тежамаслик янги ўрнатилаётган электр ускуналаримизнинг ҳам шикастланишига олиб келади, уларнинг мустахкам электр энергияси билан таъминлаш имкониятини пасайтиради.

    Анвар РАСУЛОВ,

    Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates