Австрия билан энергетика соҳасида ҳамкорлик янада ривожлантирилади

    Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегациянинг Венага ташрифи давомида бизнес мулоқот ташкил этилди.

    Тадбир мамлакатимиз элчихонаси ва Австрия Федерал молия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилди.

    Учрашув аввалида Австрия федерал молия вазири ўринбосари Андреас Райхардт жорий йил май ойининг бошида III Тошкент халқаро инвестиция форумида делегация раҳбари сифатида қатнашганини мамнуният билан таъкидлади.

    Вазир ўринбосари мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолашини айтиб ўтди. У Ёқилғи-энергетика соҳасини такомиллаштириш, тоза ва «яшил» энергетикага ўтиш каби лойиҳаларни амалга оширишда Австрия компанияларини жалб этиш масаласида кўмаклашишга тайёр эканлигини изҳор этди.

    Учрашувда Ўзбекистон ва Австрия ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликнинг истиқболларини ўрганиш ва илғор лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида ўзаро ишчи гуруҳ тузиш масаласини ҳар икки томон ҳам маъқуллади.

    Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз навбатида, йиғилганларни мамлакатимизда сўнгги йилларда энергетика соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништирди.

    Бизнес мулоқот якунида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Австрия Федерал молия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    — Бизнинг компаниямиз гидроэнергетика соҳасида дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, — деди «ANDRITZ HYDRO» компания вице-президенти Норберт Шварс. — Компания турбина йўналишида 185 йилдан зиёд, генератор йўналишида эса 125 йилдан зиёд тажрибага эга. Бугунги кунгача биз дунёнинг кўплаб давлатларига қуввати 1-2 Мегаваттлик кичик станциялардан тортиб, то 8 Мегаваттдан ошиқ бўлган станцияларга турбиналарни етказиб берганмиз.

    Биз мамлакатингиз билан гидроэлектр станцияларни модернизация қилиб, уларни ишлаш самарадорлигини ошириш ва янги насос станцияларни ишга тушириш лойиҳалари устида ишлаш ниятидамиз.