АҚШ осмонида разведка шарини пайқашди, расмийлар унинг Хитойдан деб ўйлашмоқда

    Сиёсат 3 феврал 2023 1411

    “АҚШ ҳукумати АҚШ материги узра учиб ўтаётган юқори баландликдаги разведка шарини пайқади ва уни кузатмоқда”, — дейилади ҳарбий департаментда.

    Америка матбуотининг ёзишича, Пентагон ҳаво шарининг хитойга тегишли эканига шубҳа қилмайди. АҚШ ҳукумати Хитойга объект ҳақида сўров юборди, аммо жуда катта ўлчами туфайли уни уриб туширишмади.

    "Мен аниқ ўлчамларни айтмайман. Бизнинг тахминимизча, агар биз уни уриб туширсак, қолдиқлари вайронгарчилик олиб келиши мумкин", деган Пентагон вакили.

    Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг баёнотида: “Шар ҳозирда тижорий ҳаво қатновидан анча баландликда учмоқда ва ердаги одамларга ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмайди" дейилади.

    NBC телеканалига кўра, чоршанба куни АҚШ ҳарбий қўмондонлиги ҳодиса ва эҳтимолий жавоб чораларини муҳокама қилиш учун йиғилган. АҚШ президенти Жо Байденга ҳаво шари топилгани ҳақида хабар берилган.

    Телеканал манбаларининг таъкидлашича, объект топилганидан сўнг самолётлар, жумладан, бешинчи авлод F-22 Raptor қирувчи самолётлари, шунингдек, радарни аниқловчи самолёт ҳам ҳавога кўтарилган.

    Хитой ҳозирча воқеага изоҳ бермади.

    Шар биринчи марта чоршанба куни Монтана штатининг Биллингс тепалигида кузатилган. Тахминларга кўра, бунгача объект Канада ҳудуди устидан учиб ўтган.