АҚШнинг Яман пойтахти Сана шаҳрига уюштирган зарбалари оқибатида “Ансор Аллоҳ” ҳаракатининг ҳусий исёнчилари назорати остидаги ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида камида 31 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши яраланди. Бу ҳақда исёнчиларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Анис ал-Асбахий маълум қилди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Американинг Санадаги туманлар, Саада, Ал-Байда вилоятлари ва Рада [шаҳри] даги тинч аҳоли [объектлари] ва турар-жой мавзеларига қаратилган тажовузи оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 101 киши яраланган”, деб ёзади у Х ижтимоий тармоғида. Ал-Асбахийга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.
15 март куни АҚШ Қуролли кучлари Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудудга оммавий зарбалар беришни бошлади. Операция Америка манфаатларини ҳимоя қилиш ва кемаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган, деди АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги. “Ансор Аллоҳ” ҳаракати тинч аҳоли объектлари нишонга олинаётганини даъво қилиб, кескинлашувга жавоб беришга ваъда берди, деб хабар беради tass.ru.