“Армия ва халқ – бир тану бир жон!”

    Ҳарбий 9 январ 2021 4003

    Сўнгги йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги, шайлиги ва қобилиятини ошириш, миллий армиямизни халқаро нуфузини юксалтириш масалалари мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътибор марказида бўлмоқда.

    Ана шу вазифаларни амалга оширишда Қуролли Кучлар, ҳарбий округлар қўмондонлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

    Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегияси ва Мудофаа доктринаси асосида ўтган йиллар давомида ҳарбий қурилиш соҳасида кўпгина энг долзарб ва муҳим масалалар бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилиниб, уларни амалга ошириш бўйича ишлар самарали ташкил этилди.

    Айни вақтда миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётгани, халқаро терроризм, экстремизм, наркотажовузкорлик, киберхуружлар хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли низолар ва зиддиятлар сони кўпайиши, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани, албатта Марказий Осиё минтақасининг ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди. Буларнинг барчаси жонажон Ватанимиз хавфсизлигини, эл-юртимизнинг осойишта ҳаётини таъминлаш мақсадида олдимизда пайдо бўлаётган таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлишни талаб этади.

    Шунинг учун ҳам ушбу олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз” деб таъкидлаб ўтдилар. Яъни, Қуролли Кучларимизнинг турли ностандарт вазифаларга тайёр туриши, келгусидаги қиёфасини белгилаб берувчи стратегик тамойиллар ва мақсадларга эришишга қаратилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш лозимлиги билдирилган.

    Бу маънода мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомизнинг “....бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”, деган ўғитлари асосида сўнгги вақтларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.

    Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш борасида ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинди. Айни кунларда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги тадбирларида юртимиз аҳолиси ва ёшларимизга армиянинг ўрни ва аҳамияти яққол намоён этилмоқда.

    Армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда. Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз. Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.

    Полковник Азизжон ТОИРОВ,

    ЎР ҚК академияси

    Илмий-тадқиқотлар институти

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates