Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу ярмаркалардаги айрим расталарда кўрсатилган нархлардан фарқли нархларда савдо қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу боисдан, арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаларида шаффофликни таъминлаш, нархларни назорат қилиш ва сунъий оширилишига йўл қўймаслик мақсадида қўшимча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, мазкур расталарда кузатув камералари ўрнатилиши бошланди.
Ҳозирги кунда Миробод деҳқон бозори ҳамда «Эски Жува» бозори (Чорсу)да кузатув камераларини ўрнатиш ишлари якунланди.
Бу борадаги ишлар давом этмоқда ва тез орада пойтахтнинг барча йирик бозорларидаги арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаларида кузатув камералари ўрнатилади.









