Марказий ҳарбий округининг Навоий гарнизонига келган ёш аскарлар йигитлик онти, ватанни кўз қорачиғидек асрашни ният қилиб Ватанга қасамёд қабул қилишди. Жараёнда округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят ҳокими, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ҳарбий касбни мустаҳкам эгаллаб, амалий кўникмаларни доимо ошириб бориш лозимлигини таъкидлаб, мамлакат мудофаасини ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифага отланаётган ўғлонларимизга омадлар тилашди.
Маросим давомида Ватанга содиқ бўлишга онт ичган ҳар бир аскарга “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари топширилди. Аскарлар қалбида унутилмас ушбу онларни юртимизнинг турли вилоятларидан келган ота-оналар, ёшу кексалар ва меҳмонлар катта ҳаяжон билан кузатдилар.
Тадбирнинг бадиий қисмда ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги ва фахрий қоровул чиқишлари намойиш этилди. Ҳарбий оркестр ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.