Аваз ОХУН: қизиқчилик — жиддий санъат

    Маданият 7 август 2023 5129

    Илмий асосланган маълумотларга кўра, кунига ўн дақиқа кулиш умрни бир йилга узайтириши мумкин.

    Кулиш жараёнида юзимиздаги саксондан зиёд мушак қариш жараёнига фаол қаршилик қилишини, кунига 15 дақиқа кулиш бир ойда 2 кило вазн ташлашга кўмаклашиши мумкинлигини биласизми? Кулги терапияси организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлаши ҳақидаги фикрни эса Абу Али ибн Синонинг “Бемор кулаётган лаҳзаларида юз фоиз соғлом одам ҳолатида бўлади!” деган жумласи билан қувватлаш мумкин.

    Бугун муайян маънода кулгу терапиясига хизмат қилаётган, бу борадаги меҳнатлари “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилган, оддий ва жиддий инсон, бадиий сўз устаси Аваз Азизохунов бачканаликдан холи ҳазилларидаги самимияти ила юртдошларимиз қалбига кириб борди. Албатта, бу осонликча бўлмади. Бунинг учун 11 йил керак бўлди. “Мирзо театри”дан бошланган кулгу улашишдек машаққатли фаолият бугун яккахонликда давом этмоқда.

    7 ёшдан 70 ёшгача мухлисларга севимли сўз устаси, раҳматли Ҳожибой Тожибоевни эслатувчи Аваз ОХУН (Азизохунов) билан суҳбатимиз қизиқчилик, сўз санъати билан боғлиқ нозик жиҳатлар, умуман, қизиқчиликнинг жамиятдаги роли хусусида кечди.

    Аскиячилар нима учун ўзи гапириб, ўзи кулади? Ёхуд аския ҳам миллий брендимиз

    Ўқувчилик йиллариданоқ тадбирлар сабаб мактаб саҳнасида тобланган, ҳатто кулдиришга мойил дўстлари билан пулли дастурини намойиш қилган Аваз Охун аслида сўз санъатига қизиққани ҳолда ўзи истамайгина Тошкент давлат санъат институтининг қўғирчоқ театри режиссёрлиги факультетига ҳужжат топширган. Чунки бу йўналишга талабгорлар камроқ, сўз усталарини етиштириб берадиган алоҳида йўналиш ёки курслар йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Сўз усталиги актёрлик, режиссёрлик маҳоратига қўшиб ўргатилади.

    — Президентимиз қизиқчилик, аския санъатига алоҳида эътибор қаратганидан биз, сўз усталари жуда хурсанд бўлдик, — дейди қаҳрамонимиз. — Сўз усталари эътироф этиляпти. Давлат мукофотлари бериляпти. Айниқса, бу санъат турларини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор имзолангани тарихий воқеа бўлди. Устоз қизиқчи, аскиячилар мактаби яратилса, сўз устаси бўламан деган ёшлар ҳар мақомга йўрғаламайди.

    Ҳа, насиб қилса, келаси ўқув йилидан бошлаб қарор асосида Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежида, Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида “аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши очилади. Тажрибали ўқитувчилар махсус ўқув дастурлари асосида дарс беради. Бу эса келажакда профессионал сўз усталари, ҳозиржавоб аскиячиларнинг муносиб издошлари етишиб чиқишига хизмат қилади. Зеро, қизиқчилик, айниқса, аския жанрида ижод қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

    Қизиқчи бўлатуриб Аваз Охун ҳам аския санъатига 30 фоиз тушунар экан. Бунга унинг ўзи бундай изоҳ берди:

    – Бу — закийлик, ақл санъати. Учдан бир қисмини тушунишимдан билаверингки, жуда мураккаб санъат. Яна бир гап. Аскиячилар нима учун ўзи гапириб ўзи кулишига кўпчилик тушунмайди. Чунки бу санъатда ижодкор ўша жойнинг ўзида ижод қилади. Гап фавқулодда, ҳозиржавоблик билан топилгани, биринчи марта эшитиб тургани учун аскиячининг ўзи ҳам кулади. Аслида хаёлимга келган дастлабки қизиқ фикрга мен ҳам куламан. Томошабинга эса қанча кулгили бўлмасин, жиддий ҳолда айта оламан, чунки менга янгилик эмас-да у. Аскияда мана шу имконият йўқ, аскиячи ҳозиржавоб, ҳушёр бўлиши шарт. Шу маънода ҳам аския ноёб санъатдир. Жайдари айтганда, у ҳам бизнинг миллий брендимиз. Ўзингиз ўйланг, дунё бўйлаб қизиқчилар, қўшиқчилар, театр, кино актёрлари бор. Лекин аскиячилар дунёда йўқ. Балки айрим қўшниларимизда бордир, лекин мен эшитмаганман. Мана, аския билан ғурурланадиган жойимиз.

    Бироқ айтиш керак, кейинги пайтларда бу санъатнинг даражаси фақат эркаклар даврасига хос бўлиб боряпти. Аслида аскияни кенгроқ ижро қилса ҳам бўлади, чиройли аскиялар кўп. Устозларимиз Муҳиддин Дарвеш, Рустам Ҳамроқуловни оммавий эшитишган-ку? Юқоридаги қарордан мақсад ҳам шу — миллий аскиячилигимизни сақлаб қолиш. Соф аския соҳиблари мактабини яратиш.

    Энг катта бозоримиз — ҳаёт

    Шоир айтганидек, машҳурларга осон эмас. Кўплаб одамлар наздида улар бошқача инсонлар. Машҳурлар автобус, метрога чиқмаслиги, кийим олиш учун бозорга бормаслиги, озиқ-овқатларни оддий дўконлардан харид қилмаслиги, қисқа айтганда, юлдузми — осмонда бўлиши лозим. Табиийки, Аваз Охунга нисбатан ҳам шундай қарашлар мавжуд. Аммо у бошқа нарсадан куюнади:

    — Кўпинча қизиқчилар “бу қизиқчи экан”, деб ҳазиллашадиган, бачканалик қиладиган одамлар бўлади. Гўё биз уларнинг ҳар қандай гапини кўтаришимиз, ўзига яраша бачканалик қилиб беришимиз керак. Аслида қизиқчилар жиддий одамлар бўлишади, чунки қизиқчилик жиддий касб. Устозларимиз бизга рамзий маънода “Саҳнага чиқаётганда “костюм”ингни ечиб, ишинг битганидан кейин яна кийиб кетавер”, дейишган. Буни изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Саҳнадан ташқарида биз ҳам оддий инсонмиз. Қолаверса, қизиқчиликнинг алоҳида китоби, қонун-қоидаси йўқ, ҳаётнинг ўзи тарбиялайди. Шу ўринда устозим Ҳожибой Тожибоевнинг қизиқчилик қилиш учун китоб титиш шарт эмас, ҳаётни синчков кузатиш кифоя деган гапи эсимга тушди. Бунинг тасдиғини кўп кўрганмиз. Лекин китоб ҳам ўқиш керак, чунки одам китоб ўқигани сари бадиий савияси, сўз бойлиги ошади. Тўғри, ҳажвияни ҳаётдан оласиз, кўпроқ ҳаётни кузатасиз, ўша замон билан ҳамнафас бўласиз. Бироқ қизиқчилик санъатида, қўшиқчиликда, театр санъати, кино, умуман, санъатнинг ҳар қандай турида энг муҳими — драматургия. Бизда ижрочилар кўп, лекин драматургия йўқ. Чунки драматургия машаққатли йўналиш. Яхши асар бўлса, актёр, қизиқчини топиш муаммо эмас. Шундай экан, биз гапирадиган гапимизни қаердан оламиз? Албатта, ҳаётдан оламиз ва табиий чиқади. Ҳаётдан олиш учун эса синчковроқ бўлиш керак. Устоз айтганидек, ҳаёт —энг катта бозоримиз, сара маҳсулотларимиз ўша ерда.

    Жуда кўп мавзуларим бошимдан ўтган воқеликлардан келиб чиққан. Самолёт, тўйлар, чет эл билан боғлиқ латифаларим шулар жумласидан. Ўша вазиятларга ўзим тушганман, оғир ҳолатда қолганман. Лекин томошабин маза қилиб кулади. Аслида уларнинг замирида катта фожиа, дард, кучли сатира ётади. Ҳожибой акада ҳам шунақа мавзулар кўп, баъзи томошабинлар думалаб қолгудек кулади. Қизиқчининг вазифаси ҳам шу. Сатира, ҳазил билан жамиятдаги муаммоларни одамларнинг ўзига кўрсатиб, уларни ҳам кулдириб, ҳам йиғлатиб тарбиялаш. Бугун ўта тезликда ривожланиш билан бирга янги-янги муаммоларга ҳам ўралашиб боряпмиз. Маънавий қашшоқлик, илмсизлик бизни кўп масалаларга енгил қарашга ўргатиб қўйяпти. Бу борадаги муаммоларнинг ҳар бирини кулгу билан нишонга олиш ва муайян маънода йўқ қилишга эришиш аввал ҳам, ҳозир ҳам қизиқчиликнинг асосий мақсади.

    Аслида энг жиддий йўналиш

    Бугун одамларни кулдирсам бўлгани, деб бачканалик кўчасига кираётганлар тобора кўпайиб бораётгани, афсуски, ҳақиқат. Эл ўртасида кишининг ҳурмати йўқолишига олиб келувчи бачканаликни мутафаккирларимиз кескин қоралайди. Хусусан, Носир Хусрав “Қирқ ёшда ҳам ақлу одоб бўлмаса, Бўлади ундайни одам демаса”, дейди. Алишер Навоий эса бачканалик одамни беҳуда овораи саргардонликка мубтало қилишини уқтириб, “Ҳавас бўлса қариға навжувонлик, Ҳижолат зоҳир айлар саргардонлик”, деб ёзади. Бугун ёши бир жойга етса-да, бачканаликдан уялмай, даромад илинжида бу иллатни ўзига эп кўраётганларнинг концертларида ҳам ўриндиқлар тўлаётгани ҳайрон қолдиради одамни.

    Хўш, бу борада Аваз Охун нима дейди?

    “Бачкана кулгудан ҳам бачкана нарса йўқ”, деган экан файласуфларимиз. Бачканаликни саҳнада ҳам, ҳаётда ҳам ёмон кўраман. Гапнинг лўндасини айтганда, бизнинг даврада қачон бачканалик қилинади, ақли, кучи, фаросати етмаса, соҳани тушунмасагина шундай бўлиши мумкин”.

    Таълим замонавий, тарбия миллий бўлиши керак

    – Кейинги пайтда, қўпол қилиб айтганда, миллий ғурур йўқолиб боряпти. Биз кўр-кўрона Европага тақлид қиляпмиз. Шунақа одамларни учратаманки, Ўзбекистон телеканалларини умуман кўрмайман, дейди. Ўзимизнинг телеканалларни кўрмасликни обрў ҳисоблайди. Қанақадир мартаба беради бу унга. Очиқроқ айтадиган бўлсак, шу билан замонавий ўзича. Тўғри, нимани истеъмол қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, лекин қадриятларимизни намоён қилаётган, ўзбеклигимиздан фахрланиб томоша қилишга арзийдиган каналларимиз ҳам бор-ку.

    Кўча-кўйда ҳам кўп эътибор бераман, номларнинг ўзида ҳам 70-80 фоиз Ғарбга тақлид қиляпмиз. Гўёки шундай ном қўйилса, тўйхонами ёки қандайдир дўконми, замонавий бўлиб қолади. Ўзбекча номлар билан атасак бўлади-ку? Ҳатто миллий маҳсулотларимизда миллий номимиз йўқ. Миллий ном қўйсак, маҳсулот нархи тушиб кетадими ёки рейтинги пастлайдими, тушунмайман.

    Кейин шундай одамлар борки, русча-ўзбекча аралаштириб гапиради. Энг алам қиладигани санъаткорларимиз орасида бу тоифадагилар борлиги. Ўзбекча ашула айтади, ўзбекнинг тўйига бориб пул топади, ўзбекнинг нонини еб туриб, интерьвюга чақирса келмайди. Нега? Русча гапиради, ўзбекча гапира олмайман, дейди. Ана сизга фожиа. Ўзимиз ҳам русча аралаш гапирамиз, масалан “зато”, “точний”, “короче” каби сўзлар тилимизга маҳкам ёпишиб қолган. Ҳатто саҳнада ҳам шундай айтсак қизиқроқ чиқадиганга ўхшайди баъзида. Кўплаб қизиқчи гуруҳлар Ғарб маданиятини, оммавий маданиятни тарғиб қиляпти. Лекин чинакам тақлид қилиш учун гап фақат номда эмас-да, миллий характер бўлиши керак. Масалан, европача гаплашиш, европача саломлашиш, европача яшаш. Шунинг учун мен бу мавзуга жуда кўп тўхталганман. Бу ҳақида соатлаб гаплашиш керак аслида. Қисқача айтганда, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қайси жабҳада миллийлик — миллий ғурур, миллий тутум инсоннинг ўзида бўлиши керак. Бу ҳар томонлама намоён бўлади. Нима, ўзбекча яшасак қолоқ бўлиб қоламизми? Майли, болаларимизга ажнабий тилларини пухта ўргатайлик, бу керак. Лекин такрор айтаман — таълим замонавий, тарбия миллий бўлиши шарт. Болаларимизнинг замонавий инсонлар бўлишини хоҳлаган ҳолда уларни оммавий маданиятга ўргатиб қўйишимиз керак эмас. Билимли, ақлли бўлсин, дунёни танисин, тилни, компьютерни билсин, лекин ўзбек бўлсин, миллий ғурурини йўқотиб қўймасин!

    Шайхга ёққан репертуар

    Ажойиб халқмиз-да. Талайгина “ёзилмаган қоидалар”имиз, ўзимизга хос ирим-сиримларимиз бор. Янги туғилган фарзандимизни катталарига оёқ томонидан кўрсатишимиз керак, қарзимиз бўлса-да, эрталаб бировга пул бермаслигимиз керак, фалон куни кир ювмаслик, фалон куни совчиликка бормаслик, яна қайсидир кунда уйдан уйга кўчмаслик, эҳ-ҳей, санасанг адоғи йўқ. Баъзан ақлимиз ғолиб келиб турганда ҳам кўнгилга қулоқ солиб, ирим-сиримларга ўралашиб қоламиз. Исломда эса буларнинг бари бидъат экани айтилади. Аваз Охуннинг ирим-сиримлар билан боғлиқ репертуари шу жиҳатни халққа етказишга хизмат қилади. Қора мушук, ичувчилар, тўйларимизда кузатиладиган ҳолатлар ҳақидаги латифалари айримларимизнинг ҳақиқатан содда, ишонувчанлигимизни ойнадек кўрсатади ўзимизга. Мана шу чиқиши ҳақида сўраганимизда у бундай жавоб берди:

    Бу репертуарни ўзим ҳам жуда яхши кўраман. Қайси маънодаки, бунда ҳам дунёвийлик, ҳам динийлик акс этган. Аслида диний мавзуда репертуар тайёрлашдан чўчиб тураман. Нега? Чунки яхши билмайман. Тўғри, ибодатни қиламиз, Аллоҳдан юзимиз ёруғ бўлишни сўраб, ўзига таваккал қилиб саҳнага чиқамиз. Қизиқчиликнинг ўзи ҳақида ҳам диний уламолардан ижобий фикр эшитгач, кўнглим хотиржам бўлган. Яъни одамларни кулдириш керак, фақат яхшиликка хизмат қилса, деган жавобни олганман. Бидъатлар ҳақида ҳам улардан обдон сўраб олиб гапираман. Хайриятки, жуда кўп диний уламолардан, имомлардан, исломни, динни яхши таниган инсонлардан раҳмат эшитдим. “Биз масжидда мингта одамга гапирсак, Аваз Охун 4 мингта одамга етказиб берди”, деганларини эсласам, кўнглим ёришади. Энг қувонарлиси, бир тўйда бир шайх ароқ ичиш билан боғлиқ латифам учун мени бағрига босиб миннатдорлик билдирган. Мухлислар ҳам илиқ қабул қилган. Лоақал бир киши шу ирим-сиримларнинг бидъат эканини билиб, ўзига хулоса олиб кетган бўлса, яхшиликка хизмат қилдим, деб ўйлайман. Бундан ташқари, халқнинг ичига кирганимда шу репертуарим яхши обрў келтирганини сездим, аксарият юртдошларимиз “хўп гапирибсиз шуни, яхшиликка бўпти”, дейишди. Шу маънода, яна айтилмаган ирим-сиримларимиздан халққа яқин, яъни кундалик ҳаётда кўп қўлланадиганлари ҳақида гапириб, шу мавзуга такрор қайтсак бўлаверади. Яхши мавзуга қайта-қайта мурожаат қилсангиз бўлади, фақат янгилик билан.

    Ҳеч ким хафа бўлмаган

    Суҳбатдошимиздан санъаткорлар бошқа касб эгаларига ҳазил қилганида, улар томонидан қандайдир эътироз бўлган-бўлмагани ҳақида сўрадик.

    — Тўғри, кўпроқ санъаткорларга ҳазил қилганмиз, лекин шу пайтгача ҳеч ким хафа бўлмади ва буёғига ҳам бўлмаса керак. Чунки ҳазил қилаётганда шахсиятига тегмаслик, инсоннинг жузъий камчиликлари устидан кулмаслик керак. Ким бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан ҳазил самимий бўлиши керак. Менимча, самимий ҳазил ҳеч кимнинг ғашига тегмайди. Масалан, Ҳосила Раҳимова, Фарҳод Саидов, Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Баҳром Назаров ва яна кўп санъаткорларга, бошқа соҳа кишиларига ҳазил қилганмиз. Ҳеч ким хафа бўлмади. Ҳаммаси тўғри тушунган, хурсанд бўлиб, миннатдорлик билдиришган. Чунки ҳеч қачон ҳеч кимнинг шахсияти устидан кулмаганмиз, бундан кейин ҳам кулмаймиз.

    Қизиқчиликка ўргатиб бўладими?

    Юқорида айганимиздек, Аваз Охун айнан қизиқчиликка ўқимади. Халқнинг севимли сўз устаси бўлишида унинг болаликдан сўз санъатига қизиқиши ғолиб келди. Тўғри, институтда ҳам нималарнидир ўрганди, лекин асосан амалиётда тобланди. Мирзабек Холмедов, Ҳожибой Тожибоев, Обид Асомов, Зокир Очилдиев, Султонали Ортиқовнинг ҳар биридан ўзига керагини олди. Унинг айтишича, инсоннинг қизиқчиликка мойиллиги болалигидан айтар сўзию кўзи, хатти-ҳаракатидан маълум бўлиб қолади. Қизиқиш бўлса, ҳар қандай касбни ўргатса бўлади. Энг муҳими, касбга муҳаббат. Кишида 1 фоиз истеъдод бўлса ҳам, 99 фоиз меҳнат билан уни юзага чиқариш мумкин. Лекин қизиқчинамо бўлиб туғилган одамнинг шаклланиши осонроқ бўлади.

    Айни пайтда Аваз Охуннинг йўлидан кетаётган умидли шогирдлар бор, албатта. Улар орасида Диёржон Фахриев ва Нодир қизиқдан қаҳрамонимизнинг кўнгли тўқ.

    — Булар ўзида бор йигитлар, имкон қадар ҳаракат қилишяпти. Насиб қилса, ишончимизни оқлайди, — дея фахрланди сўз устаси.

    Концертларим боламдай азиз

    Аваз Охуннинг концертларига мухлислар кўпинча оилавий — ота-оналар, ҳатто ёш болалар билан келишади. Унинг ягона мақсади ҳам оилавий томоша қилиш, эшитиш мумкин бўлган қизиқчилик мактабини яратиш.

    Дарҳақиқат, бугун оилавий кўриш мумкин бўлган кулгили дастурлар бармоқ билан санарли. Сериалларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. 18+ белгисининг аксарият ота-оналарга ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Мана шу муаммоларнинг бари Аваз Охунни мавзу танлашда ғоят ҳушёрликка ундайди. Бугун қайси масала долзарб? У халққа қанчалик қизиқ? Бунинг учун ҳар куни қайси мавзуни айтсам, халқ тушунади, юрагига етиб боради, деган савол билан яшаш керак. Эътибор берган бўлсангиз, қаҳрамонимиз репертуарларида 5-6 тагача мавзу бўлади, уларнинг бари долзарб, янги. Ҳар бир мавзу 15-20 минут, ярим соатгача давом этиши мумкин. Айтмоқчи бўлаётган гапини етказишдаги ўзига хос услуб, ижро маҳорати қалбларга тўғри кириб боради.

    — Насиб қилса, бу йил ўнинчи марта концерт намойиш қиламиз. Концертларимни бир-биридан ажрата олмайман, чунки ҳар биттаси фарзандимдай азиз бўлиб қолаверади. Ахир болаларимизни бир-биридан ажратмаймиз-ку? Бу бармоғимни тишласам, униси оғрийди, дейишади. Ҳақиқатан, ҳар бирининг ўз ўрни, баҳоси бор. Ҳар бир концертда халқнинг эсида қоладиган 1-2 та мавзу бўлади, шу мавзуга маза қилдик, деб юради мухлислар. Долзарб мавзуларга ишора қилиб, шуни ниҳоятда тўғри ўйлабсиз, деб қўядиганлари ҳам кўп бўлади. Юқорида айтганимдек, ирим-сирим, қиз узатиш, тўй масаласи, бўлар-бўлмас рекламалар қилинаётгани ҳақида гапирганимиз кўпчиликка мақул бўлаётган экан, ҳар битта концертнинг ўзига яраша зўр нуқтаси бўлади, деб айта оламан.

    ***

    Суҳбатимиз якунида қизиқчига табиийки, “янгисидан битта эшитайлик”, дедик. У эса, бажонидил газетхонлар учун теша тегмаган жуфт латифа ҳадя қилди:

    ***

    – Хотинимнинг қўли гул: шимимга ямоқ солса, ямоқ билинмайди.

    – Менинг ҳам хотинимнинг қўли гул: шимимни ювса, ювгани билинмайди.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates