Қайд этилишича, 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Пискент синов мажмуасида автотранспорт воситалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган техник регламентга мувофиқ синовлардан ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, республикамизга техник регламентга мувофиқ, транспорт тури маъқулланмаган енгил автомобилларнинг импорт қилингани сабабли, уларнинг синовлари бирма-бир ўтказилишига сабаб бўлган.
Юртимизда 2024 йилгача фақатгина 3 та дилерлик марказлари фаолият юритган бўлса, улар атиги 15 та автомодель учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди холос.
Ҳозирги кунда эса, 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари ўз фаолиятини бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Бунинг натижасида истеъмолчиларга сифати ва хавфсизлиги таъминланган, ҳамда кафолатланган автотранспорт воситаларини етказиб бериш тизими такомиллаштирилди. Натижада истеъмолчиларга расмий дилерлардан турли русумдаги автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилди.
Шу муносабат билан, республикамизда расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар билан ишлаш амалиёти жорий этилганлигини инобатга олиб, 2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади.
Маълумот ўрнида, юртимизга импорт қилинаётган автомобилларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш доимий назорат қилиниб, амалдаги талабларга кўра, номувофиқликлар аниқланганда, истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушганда ушбу автомобилларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
Ўз ўрнида юртдошларимизга автомобиль харидини расмий дилерлар орқали амалга оширишлари тавсия этилади.








