Баҳор фаслининг биринчи кунида давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишининг мавзуси ҳам аёллар масаласига бағишланди. Бир томондан аёлларимизни таълим, маънавият, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва бошқа ижтимоий соҳаларда қарор қабул қилишда фаол иштирок этишга чақирса, иккинчи томондан эркакларимиз аёлларни ижтимоий соҳаларга жалб этиш муҳим эканини англашлари ва Ватанимиз равнақи учун биргаликда қарор қабул қилишларига қаратилганлигини айтилмоқда.
Демак, аёл нафақат бугунги кундаги мақоми ва жамиятдаги обрўйи энг аввало унинг оиласидаги ўрни, оила қадриятига муносабати ҳамда фарзандлари тарбиясидаги муваффақиятларига боғлиқ эканини чуқур англашимиз зарур. Йиғилишда Президентимиз раҳбари аёлларга мурожаат қилиб, оналар фарзандларининг нафақат тарбияси билан шуғулланишлари, унинг билими, дунёқарашининг ривожланишига, маънавиятининг юксалишига янада жиддий қарашлари кераклиги таъкидлади. Фарзандларига ёшлигиданоқ тежамкорликни, саранжом-саришталикни ўргатиб борадиган ҳам аёл, аслида. Шу ўринда, бугунги кун ўзбек аёли маърифатли, маънавияти юқори, тафаккури теран, шу билан бирга замонамизга хос барча ижобий хислатларни ўзида мужассамлаштирган оқила ва доно бўлишлари ниҳоятда зарурлиги айтилди. Чунки аёлнинг билимдонлиги, маънавияти, маърифати ва саводхонлиги – фарзандининг, оиласининг бахту саодатидир.
Ҳа, аёлнинг қанча гўзал таърифлар билан эътироф этсак камдир. Аммо мақтовлар ўзимизники. Шу билан бу борада қилишимиз зарур бўлган ишлар ҳам талайгина. Хусусан, “Ўзбек аёлининг маънавий қиёфаси”ни интернет тармоқларида кенг оммага, айниқса, дунёга тарғиб этиш бўйича бирорта сайт фаолият олиб бормаётир. Шу сабабли, “Ўзбек аёли”, “Аёл маънавияти”, “Аёл тафаккури” каби номлар билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумот жойлаш учун ижтимоий сайтлар очилиб, унда ўзбек аёлининг маънавий имижи: кеча ва бугунги қиёфасини киритиб бориш зарур.
Маълумки, ўтган давр мобайнида республикамизда давомида аёллар масаласига оид илмий тадқиқот ишлари тайёрланди. Бу ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин, аёллар билан боғлиқ бўлган илмий тадқиқотлар базасини шакллантирилгани ҳақида бирор маълумот йўқ. Энг ачинарлиси, мазкур тадқиқотларнинг амалиётга жорий этилиши масаласи афсуски, қоғозларда қолиб кетмоқда. Шу мақсадда, янги ташкил этилаётган Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ушбу масалаларга эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аёл, аваламбор, она. Фарзандларига чиройли тарбия, гўзал хулқ бериш – уларнинг касби. Мақоми, мартабаси шу билан ўлчанади. Бинобарин, мамлакат тақдири шунга боғлиқ.
Шунга асосланиб айтиш мумкинки, аёл маънавияти ва оила маънавияти ўхшаш, уйғун, муштарак тушунчалардир. Демак, аллани она сути билан бирга ҳазм қилган, тарбияни оилада олган, маҳаллада чиниққан бола ватан қадрини билади, оила – никоҳ муқаддаслигини англайди. Табиийки, оилавий ажримлар сони кескин камайиб, онгу тафаккурда беназир, тийран нигоҳли инсонлар салмоғи ортади.
Тарбия – эгасига қайтувчи жараён. Ким нимани ўзи учун кутса, шуни боласига берсин: оқибат истаган оқибат, меҳр соғинган меҳр… Бу фазилатлар аёлларга хос назокат, ҳаё, самимийлик, камтарлик, оқилалик, уддабуронлик, тадбиркорлик… билан эгасига етказилар экан у камолотдек, вафодек ўзига жинсдош хислатларни етаклаб келади. Инсоният яралибдики, шунга интилади. Орзу қилади. Тарғиб қилади.
Хуллас, аёл маънавияти бугун миллат маънавиятига айланди. Унга бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мунира ҚАҲҲОРОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти директори ўринбосари