2021 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида жамоада фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш йўлга қўйилган.
Белгиланган бундай устама пуллари эса Олтинкўл туманидаги мактаблардан бирида ишловчи ходимга 6 ой давомида тўланмаган.
Ўз ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга юзланган фуқаро Д.А. устама пуллари тўлаб берилишини сўраган.
Суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш, фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Бюронинг Олтинкўл туман бўлими ходимлари қарздорликни ундириш бўйича таълим муассасаси вакилларини огоҳлантирди. Бироқ ярим миллиарддан зиёд солиқ қарзи ҳам бўлган таълим муассасаси ходимнинг 4,9 млн сўм устама пулларини тўлаб бера олмади.
Шу сабабли, қарздор муассасага тегишли “Дамас” автомашинаси аукцион орқали сотилиб, сотувдан тушган маблағлардан “спорт тарғиботчиси”га устама пуллари ундириб берилди. Маблағнинг қолган қисми солиқ қарзлари учун йўналтирилди.