Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қўшма қарори билан «Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Унга кўра:
- ота-оналар тўловининг бир қисми Давлат буджетидан қоплаб бериладиган айрим тоифадаги оилаларнинг фарзандлари рўйхати «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш» ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади;
- компенсация оилавий МТТга тегишли ҳудудда 9 соатлик иш режимидаги умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади;
- компенсация миқдори оилавий МТТга ҳақиқатда қатнаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тегишли битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган қисмига ажратилади;
- оилавий МТТга қабул қилинган айрим тоифадаги оилалар фарзандларининг сони белгиланган миқдордан кўп бўлганда, рўйхат айрим тоифадаги оилаларнинг қуйидаги устувор кетма-кетлиги асосида аниқланади: «қизил» тоифа; «сариқ» тоифа;
- компенсация белгиланган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш» ахборот тизимидаги ота-оналар шахсий кабинетида акс этади;
Қарорга асосан:
- компенсация белгиланганлиги ёки тўхтатилганлиги ҳақидаги хабар ота-оналарга мобил илова ҳамда телефон рақамига СМС хабарнома юбориш орқали етказилади;
- айрим тоифадаги оила «Камбағал оилалар реэстри» ахборот модулида «қизил» ёки «сариқ» тоифадан «яшил» тоифага ўтказилганда, компенсация кейинги ўн икки ой мобайнида тўлаб борилади.









