БАА компанияси “Тошкент—Андижон” пуллик йўлини қуриш лойиҳасида иштирок этишга таклиф этилди

    Жорий йилнинг ноябрь ойида мазкур компания вакиллари юртимизга сафар қилиши кутилмоқда.

    Ўзбекистон дипломатлари Бирлашган Араб Амирликларининг "MBS Global Investments" компанияси ижрочи директори Ажмал Шарафуддин билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

    Мулоқот аввалида мамлакатимиз элчиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторларга яратилган шароитлар, таклиф этилаётган инвестициявий лойиҳалар, хусусан, 2023 йил давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий ва импорт қилинган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида батафсил маълумот берди.

    Ўзбекистонда мавжуд инвестициявий муҳит, инвесторлар ҳуқуқларини қонунчилик билан ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотлар ҳамда 2030 йилга қадар давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури тўғрисида тақдимот ўтказилди.

    БАА вакили Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларни "Julphar" компанияси билан биргаликда етказиб беришга қизиқиш билдирилди. Ажмал Шарафуддиннинг айтишича, биринчи босқичда тиббиётда камёб бўлган дори воситалари Ўзбекистон бозорига компаниянинг Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш мажмуаларидан етказиб берилади. Иккинчи босқичда эса уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилади.

    БАА томони, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда кузатиб бораётганини, мамлакатимизда инфратузилма соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш мавжудлигини таъкидлади.

    "MBS Global Investments" компанияси инфратузилма соҳасида Жаҳон банки билан амалга оширилаётган "Тошкент—Андижон" пуллик йўлини қуриш лойиҳасида иштирок этишга таклиф этилди.

    Музокаралар якунида юқорида муҳокама қилинган лойиҳалар ҳамда Ўзбекистонда қабул қилинган хусусийлаштириш дастури билан батафсил танишиш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида мазкур компания вакилларининг юртимизга сафарини амалга оширишга келишилди.