Баҳодир АБДУВАЛИЕВ: Юнусобод — тадбиркорлар туманига айланмоқда

    Амир Темур кўчасининг икки томонида замонавий бинолар қад ростлаб, минглаб иш ўрни яратилади.

    Иқтисодий ривожланиш кичик-кичик натижаларнинг умумлашмасида кўзга ташланади. Масалан, битта ҳудуддаги иккита маҳаллани олайлик. Бири ривожланган, аҳолиси ўзига тўқ бўлсаю, иккинчисида камбағаллик авж олган, одамлар ишсиз, даромадсизликдан қийналаётган шароитда ўша ҳудудни ривожланган, деб бўлмайди. Мамлакат иқтисодиёти ҳам шундай. Энг олис ҳудудда ҳам аҳоли ишли, даромадга эга бўлар экан, бу юртни ривожланган давлатлардан бири, дейиш мумкин.

    Юртимизда ана шу мақсадга йўналтирилган ҳаракатлар тобора фаоллашиб бормоқда. Ислоҳотлар ҳар бир маҳалла, кўча, хонадонга кириб бораётгани одамларнинг турмуш тарзида ҳам намоён. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ишларни ҳар бир туман кесимида олиб боришга доир ташаббуслари бу борадаги аниқ таҳлиллар, ҳаракат ва натижаларга йўл очяпти.

    Гап шундаки, туманларнинг ҳар бири алоҳида ҳудуд, уларнинг имкониятлари, иқтисодий ўсиш нуқталари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Уларнинг энг асосий драйверларидан фойдалана олиш эса иқтисодий ўсишни тезлаштиради. Масалан, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани пойтахтимизнинг маркази, энг қулай қисмида жойлашгани боис, бу ерда тадбиркорлик қилишга интиладиган ташаббускорлар кўп. Айниқса, Амир Темур шох кўчаси сўнгги етти йилда ишбилармонлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудуднинг ўсиш нуқтасига айланди. Бизнес муҳитининг ривожланиши эса бевосита аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратишга замин яратмоқда.

    Юнусободликларнинг кўпи асосий ишидан ташқари қўшимча даромад манбаига эга. Шу боис, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 3 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги иштироки давомида аҳоли даромадини ошириш бўйича қандай ишлаш зарурлигини Юнусобод тумани мисолида тушунтирди. Бу ерда ишга солинмаган имкониятлар ҳақида тўхталиб, тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шаҳар ва туманимизни янада обод қилиш, бир сўз билан айтганда, одамлар рози бўлиши учун янгича ёндашув асосида катта марраларни олиб, қаттиқ ишлашимиз зарурлиги юзасидан вазифалар берди.

    Ишбилармонликнинг боши

    Ҳар кимнинг яшаб турган жойи ўзига қадрли, ўзи учун фаровон гўша. Аммо азим пойтахтимиз — Тошкент шаҳри ҳар бир юртдошимиз учун ўзгача севимли. Шаҳарнинг нафақат гўзаллиги, балки кун сайин ривожланиб бораётган қизғин ҳаёти одамларни бу ерда яшашга, ишлашга чорлайверади. Айниқса, сўнгги етти-саккиз йилда пойтахтда, жумладан, Юнусобод туманида катта ўзгаришлар бўлди. Бугун туманда ўтаётган ҳар бир дақиқа бунёдкорлик ишлари, ҳар томонлама юксалиш довонлари билан тарихга битилмоқда. Ҳудуднинг 400 минг нафарга яқин аҳолиси учун муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, камбағаллар ва ишсизлар билан ишлаш, таълим, тиббиёт соҳалари, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш энг устувор вазифага айланган. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари тизимли олиб борилмоқда.

    Ўтган йиллар давомида туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилди. Корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайди. Туманда 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилди. Натижада ҳудуд тадбиркорлик учун қулай майдонга, иқтисодий ривожланиш, ишбилармонликни ташкил этишда пойтахтдаги етакчи туманлардан бирига айланди.

    Қизиғи, Юнусобод номининг ўзи ҳам юртимизда яшаб ўтган катта тадбиркор исмига бориб тақалар экан. Манбаларда туман номининг келиб чиқиши ҳақида турлича фикрлар келтирилади. Маҳаллий зиёлиларнинг фикрича, Юнусобод номининг пайдо бўлиши себзорлик тадбиркор Юнусҳожи Нодирҳожи ўғли билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, XIX асрнинг 50-йилларида Тахтапуллик Юнусҳожи исмли савдогар Чинобод, Чоштепа ва Оқтепа деган жойларда бўш ётган бўз ерларни ўзлаштиришни бошлаб юборади. Савдогар обод қилиб, сув чиқарган ерларида катта-катта токзор ва мевали боғлар барпо қилади, салобатли қўрғонлар, карвонсаройлар қурдиради. Ҳозирги Чимкент йўлидаги жойнинг Юнусобод ва ўша ердаги археологик ёдгорликни Юнусобод Оқтепаси, деб номланиши Юнусҳожидан ёдгорлик бўлиб қолган экан. Юнусобод аввалига Киров тумани номи билан ташкил қилинган. 1992 йилдан Юнусобод тумани, деб атала бошлаган.

    Бугунги кунда Юнусобод пойтахтимиздаги 12 туманнинг бири бўлиб, шаҳарнинг шимолий қисмида — Амир Темур майдонидан Тошкент халқа йўлигача бўлган қисмида жойлашган. Бу ердаги 64 та маҳаллада 92 мингдан зиёд хонадон бор. Туман аҳоли сони ва майдони бўйича пойтахтда иккинчи ўринда туради. Ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш, одамларнинг муносиб яшаши учун шароит яратиб беришга бел боғлаганмиз. Ислоҳотлар кириб бормаган маҳалла, кўча ва хонадон қолмасин, деймиз.

    Саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаяпгани энг муҳими. Биргина мисол, 2023 йилда туман бўйича барча соҳаларда иқтисодий ўсишга эришилди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 100,8 фоизга, чакана савдо 109,5 фоизга, истеъмол товарлари 101,7 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 123,2 фоизга, қурилиш ишлари 100,6 фоизга ўсди. 2024 йилда ҳам макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози барча йўналишлар бўйича ортиғи билан бажарилиши ҳисоб-китоб қилинган.

    Йиғилишда эътироф этилган асосий жиҳатлардан бири туманга киритилган хорижий инвестициялар кўлами бўлди. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, ҳозирги замонда мамлакат иқтисодиётининг тараққиёти бевосита инвестициялар оқимига боғлиқ. Юнусобод туманида айни шу жиҳат учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, булар, энг аввало, тадбиркорлик ҳуқуқини белгилаб берадиган, хусусий мулкчилик ва рақобатчиликни ҳимоя қиладиган қонунлар базаси яратилгани, инвестиция жараёнларини қўллаб-қувватловчи инфратузилманинг мавжудлиги, энг муҳими, малакали меҳнат ресурсларига эга эканлиги билан яққол кўзга ташланиб турибди. Шунинг учун маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг туманимизга бўлган қизиқиши йилдан йилга ошиб бормоқда. Натижада, ўтган йилнинг ўзида Юнусободда 74 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши ортидан 4,8 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилди, 3 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Ушбу даврда 167,9 миллион долларлик хорижий инвестициялар ҳам ўзлаштирилди.

    Жумладан, Буюк Турон маҳалласида "UzTur Investment and Development" МЧЖ томонидан замонавий меҳмонхона қуриш ва маиший хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш ҳисобига 488 нафар янги иш ўрни яратилди. Минор маҳалласида эса "ORA PROGRESS BIZNES" МЧЖ томонидан Кўп қаватли турар жой, меҳмонхона ва бизнес маркази ташкил қилиш орқали 70 нафардан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Президентнинг тегишли қарори билан туманда яна 7 та йирик инвестицион лойиҳа тасдиқланган бўлиб, 2025 йилга қадар бари ишга туширилади.

    Барча лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбари бу борада алоҳида топшириқ ҳам бердилар. Яъни, жорий йилда Юнусобод туманида 35 минг иш ўрни яратиш имконияти борлиги, бу бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунга, айниқса, Амир Темур кўчасининг икки томонида замонавий бинолар ва хизмат кўрсатиш, сервис соҳаларини бунёд этиш эвазига эришилиши кўзда тутилган.

    Таълимга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда

    Тадбиркорликни ривожлантириш Юнусобод туманининг драйвер йўналишига айланган. Ахир, муҳит қулай бўлган жойда шароит яратилиши, имкониятлар ишга солиниши керак. Эришилаётган ютуқлар, албатта, ўзимизники. Аммо ҳали олдинда қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. Шу боис, йил бошиданоқ Юнусобод туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг қатламини бизнесга жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга янада кўпроқ эътибор қаратилди. Натижада, шу кунга қадар 1 183 та янги тадбиркорлик субъектлари очилиб, уларнинг ҳудуддаги жами сони 15 мингдан ошди.

    Ҳар қандай кичик бизнес, ҳатто, оилавий тадбиркорлик ҳам, аввало, янги иш ўрни яратилишига йўл очади. Одамларнинг ишли бўлиши эса, оилаларнинг қўшимча даромад манбаига эга бўлиб, янада яхшироқ яшашидан далолат. Яъни, битта тадбиркор қанча хонадоннинг қозони қайнаши, оила аъзоларининг яхши еб-ичиб, яхши кийинишига сабабчи бўлиши мумкин. Қолаверса, ишбилармонлик ривожланган жойда ҳудудлар обод бўлиб, иқтисодий ривожланиш ўсиб бораверади. Шундай вақтда юртимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, замонамиз қаҳрамонлари сифатида тилга олинаётгани бежиз эмаслигини чуқурроқ ҳис қиламиз.

    Бугун ижтимоий ҳимоя мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган даврда, тадбиркорлик айнан аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда. Юнусобод туманида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш устувор вазифалардан бири. Боиси, бугун таълим олаётган ёшлар эртага кадр сифатида етишиб чиқади. Уларга бўш иш жойлари керак.

    Умуман, Юнусобод туманида таълим-тарбиянинг барча босқичи, айниқса, мактабгача таълим муассасаларини замон талабларига мос ривожлантириб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Мактабгача таълим ташкилотларида 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 24 586 нафарни, ДМТТларга қамров 21 146 нафарни (86%) ташкил этади. Агарда 2020 йилда юзга яқин мактабгача таълим ташкилоти бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 117 тага етди.

    Туманда 3—7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада туман ҳокимлигининг ички имкониятларидан келиб чиқиб махсус дастури қабул қилинган. Шу асосда ҳудуддаги маҳалла гузарлари қошида туман ҳокимлиги ташаббуси билан муддатли гуруҳлар, яъни таълимнинг муқобил шакли ташкил қилинган. Уларда боланинг соғлом ва мустақил фикрини шакллантириш, қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда билим олишга интилиши кучайиб бормоқда. Айни кунларда 20 та маҳаллада туман ҳокимлиги маблағлари асосида шундай гуруҳлар фаолият юритяпти. Бу эса мурғак қалб эгаларининг олам-олам гўзал орзуларига қанот бўлмоқда. Мазкур ишлар орқали, 2023 йилда тумандаги 21 минг 146 нафардан ортиқ болажон мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиниб, кўрсаткич 86 фоизга етказилди.

    Ҳозир тумандаги 45 та умумтаълим мактабида 62 966 нафардан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия оляпти. 2022 йилда 4 251 нафар ўқувчи умумтаълим мактабини тамомлаган бўлса, ўтган ўқув йилида бу кўрсаткич 4 461 нафарни ташкил этиб, 13 фоизга ошган. Аҳамиятлиси, ўтган йили умумтаълим мактабларини тамомлаган ўқувчиларнинг 78,7 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Шу тарзда, катта ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизлар сони йилдан йилга ўсиб боряпти. Уларга муносиб таълим, меҳнат шароитларини яратиб бериш эса асосий вазифаларимиздан бири.

    Ҳудудда ишсизлар, бекорчи юрган ёшлар бўлмаслиги керак. Шу боис, туман камбағаликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш ходимлари ҳамда хоким ёрдамчилари уйма-уй юриб, иш билан банд бўлмаган фуқаролар, жумладан, ёшлар таркибини доимий аниқлаб боради. Улар билан суҳбатлар ўтказилиб, қизиқишлари ўрганилади ва шу асосда тегишли соҳаларга йўналтирилади. Ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар расман иш сўраб мурожаат қилувчи сифатида рўйхатга олиниб, хоким ёрдамчилари томонидан ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини касб-ҳунарга ўқитиб, ўз фаолиятларини бошлашлари учун субсидиялар ажратиш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йиллар давомида 500 нафардан ортиқ фуқаро субсидия олиб, иш бошлади. Бу янгидан янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлганидан дарак.

    Қувонарлиси, Юнусобод туманида экспортёр корхоналар сони ҳам йилдан йилга ошиб, улар аввалги 49 тадан, ҳозир 191 тага етди. Экспорт географияси 4 тага, маҳсулот турлари эса 12 тага кўпайган. Ўтган йили туманда жами 49 та корхона томонидан 182,0 миллион долларлик мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Бундан тадбиркорлар яхшигина даромад топяпти, оиласи фаровонлигини таъминлаш баробарида, халқ корига яраяпти, одамларни ишли қиляпти.

    Баҳодир АБДУВАЛИЕВ,

    Юнусобод тумани ҳокими

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 05.04.24 й, 68-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates